Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:55

"Ҳокимлик юристи" тунда тадбиркор уйига бостириб кирди


Ўзини "ҳокимлик юристиман" деб таништирган аёл тадбиркор уйига тунда бостириб кирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

Ўзини "ҳокимлик юристиман" деб таништирган аёл тадбиркор уйига тунда бостириб кирди

Наманган вилоят, Тўрақўрғон туманилик тадбиркорнинг Озодликка хабар қилишича, 22 октябрь, соат 23:15 да унинг уйига ўзини "ҳокимлик юристиман", деб таништирган аёл бостириб кирган ва ўша пайтда уйида ишлаётган ишчиларни "пахтага чиқмаяпсан", дея ҳақорат қилган.

Уй-ишхона эгаси, 28 яшар Жаҳонгир Зайнобиддинов бостириб кирган "ҳокимлик юристи" билан оғзаки жанжали акс этган видеони ҳам Озодликка жўнатди.

Аммо, Тўрақўрғон туман ҳокимлиги юристи видеони кўргач, бу аёлни танимаслигини билдирди.

Тўрақўрғон туман, Калвак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, "Стандарт яшчик" МЧЖ муассиси, 28 яшар Жаҳонгир Зайнобиддинов экспорт қилинадиган мева-сабзавот учун яшчиклар ясайди.

“Пишиқчилик бўлгани учун яшчикка талаб катта. Шунинг учун кечқурунлари ҳам ишлаяпмиз. Алоҳида ишхона қуриш учун шароитим йўқлиги боис уйимни ишхона қилганман. Қўлимда 22 киши ишлайди”, -деди Жаҳонгир.

"Мен ичкарида, уйда эдим, - деб бошлади Жаҳонгир 22 октябрь оқшомида ўз уйида содир бўлган воқеа тўғрисидаги ҳикоясини, - иккинчи сменада ҳам иш бўлгани учун эшигимиз очиқ туради. Мен ичкарида эдим. У аёл эшикни тепиб кирган. “Нима қилаяпсанлар?”деб ўдағайлаган. “Яшчик қоқаяпмиз”, дейишса, “Нега шунинг ўрнига пахтага чиқмайсанлар”, деган. Аёлларни ж..., эркакларни к... деб ҳақорат қилган."

Жаҳонгир Зайнобиддиновнинг айтишича, аёл ўзини “Ҳокимлик юристиман”, деб таништирган. Аёлнинг исмини Жаҳонгир аниқ эслолмади: “Кимёхонмидиеей”, деди.

Ишчилари “Ҳокимликдан биров келди”, деб чақирганидан сўнг Жаҳонгир уйдан чиқиб, ўзини тутишидан спиртли ичимлик ичиб олгандай кўринаётган аёл билан мулоқотга киришади ва ўртада бошланган айтишувни видеога ола бошлайди.

“Ўз ҳақимни талаб қилишни, видеога олишни бошлаганимдан кейин у аёл мавзуни ўзгартириб, “мен сенга иш топиб бермоқчийдим”, деб ташқарига чиқишимизни сўради. Ташқарига чиққандан кейин “Нексия” машинасига ўтириб кетиб юборди”, - деди Жаҳонгир.

Тадбиркорнинг айтишича, у қоронғи бўлгани учун аёл ўтириб кетган машина номерини илғаб қололмаган.

“Милицияга телефон қилдим, лекин ҳеч ким келмади”, - деди Жаҳонгир Зайнобиддинов.

Озодлик Кимё исмли “ҳокимлик юристи”ни излаб, Тўрақўрғон туман ҳокимлиги юристи Анваржон (фамилиясини айтмади) билан боғланди.

Юрист ҳокимликда Кимё исмли юрист йўқлигини, умуман, ҳокимликда ўзи ёлғиз юрист эканлигини айтди.

Шундан сўнг Озодлик Анваржонга Жаҳонгир Зайнобиддиновдан келган видеони жўнатди.

Видеони кўрган Тўрақўрғон туман ҳокимлиги юристидан “Мен бу аёлни танимадим, бизда Кимёхон деган исмли ходим ишламайди”, деган жавоб келди.

Тадбиркор Жаҳонгир Зайнобиддинов Озодлик мухбири билан суҳбатда “уйига маст ҳолда бостириб келган аёлни тегишли органлар топиб жазолашига умид қилаётганини,” билдирди.

Наманганлик тадбиркор йигит Озодлик билан мулоқот давомида ўзи ва у каби тадбиркорлар “ўз ёғига ўзи қовурилиб ётгани”, кредит сўраб бир неча марта қилган мурожаатлари жавобсиз қолиб кетаётганидан шикоят қилди.

“Юртбошимиз Шавкат Миромонович олиб бораётган сиёсатни тўла қўллаб-қувватлаймиз, лекин бу сиёсатнинг жойлардаги ижроси тўлақонли бўлмаяпти. Биз тадбиркорларга республика раҳбариятидан бир вагон имкон очилаётган бўлса, бизга ўша вагондан битта челакда ҳам сув келмаяпти”, - деди 28 яшар наманганлик тадбиркор, олий маълумотли юрист Жаҳонгир Зайнобиддинов.

P.S.

Республика ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга қараганда, Наманган вилоят прокуратураси тадбиркорнинг уйига бостириб кирган аёлнинг шахсини аниқлаган, воқеа ўрганилмоқда.

XS
SM
MD
LG