Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Сенатор фермерга қасам ичириш билан ҳосил кўпайиб қолмаслигини айтди


Сенатор Мақсуда Ворисова (сурат ХДПнинг расмий сайтидан олинди)
Сенатор Мақсуда Ворисова (сурат ХДПнинг расмий сайтидан олинди)

Шу кунларда Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган “фермерлар қасамёди” ҳам аслида юқорида келтирилган мақсадга эришиш ниятида амалга оширилган. Лекин, бу қанчалик тўғри бўлди ва бу қасамёд билан қишлоқ хўжалигидаги бугунги аҳволни яхшилаб бўладими?

Бу саволни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова ўз партияси расмий сайтида “Қасам билан ҳосил кўпаядими?” деган сарлавҳа остида эълон қилган мақоласида ўртага ташлаган.

Қасамёд нималиги ҳақида фикр юритар экан, сенатор Ворисова бундай ёзади:

«Қасамёд – ҳарбий ёки бошқа шу турдаги хизматга кираётганда, маълум бир статусни олаётганда (масалан, фуқаролик олаётганда ёки судда гувоҳлик бераётганда), лавозимга тайинланаётгандаги расмий ва тантанали онт ичиш маросими. Қасамёд фақат оммавий тарзда (омма кўз ўнгида) амалга оширилади ва қасамёд қилувчига уни – қасамёдни адо этмагани учун юридик жавобгарликни юклайди».

Демократик тузумларда қасамёд масъулият ҳажми улкан бўлган, масъулиятсизлик оқибатида жамият катта талофат кўриши мумкин бўлган ҳолатларда ҳамда судда – ҳақиқатни юзага чиқаришга сафарбар этилган идорадагина қўлланади”.

Сенатор амалдаги қонунчиликка кўра фермер тадбиркор эканлигини эслатиб ўтган..

“У қишлоқ хўжалик махсулотлари етиштиради ва ўз фаолиятини бозор талаблари асосида юритиши керак. Фермерга қасам ичириш билан биз унга “маънавий чеклов” қўймоқдамиз, деҳқонни қасамга таянтириш жамиятимиз ривожи учун фойда келтирадими ёки зарар?”, деб ёзади сенатор Ворисова.

Мақоласи давомида сенатор навбатдаги саволларини ўртага ташлайди:

Бу ҳолат раҳбарият олдида “янгилик” яратиб обрў олишга уриниш эмасми? Қишлоқ хўжалигидаги салбий ҳолатлар саноқли бўлса, барчага “оммавий” қасам ичириш зарурми? Агар бундай ҳолатлар кўп бўлса, унда уларни келтириб чиқарган сабабларни тахлил қилиш, тизимли чоралар кўрилиши керак-ку!

Сенаторнинг фикрича, фермерларнинг бу йилги ноқулай шароитда мўлжалдаги ҳосилни етиштира олмаганлиги учун нафақат об-ҳаво ёки дехқоннинг дангасалиги, уддабурон эмаслиги айбдор эмас, балки ишни ташкил қилишдаги тизимли камчиликлар сабаб бўлган.

“Туманларда бўлиб фермерлар, тажрибали дехқонлар билан сухбатлашиб қуйидаги сабабларни аниқладик. Яъни, фермерларда зарур даражада билим етишмаслиги, техникалар эскиргани ёки етишмаслиги, ернинг мелиоратив ҳолатини тўғри баҳолай олмаслик ва унга чора кўришдаги ночорлик, фермер хўжаликларнинг аксариятида агрономлар етишмаслиги, уруғчиликнинг ачинарли аҳволдалиги, суғориш илми унутилиб бораётгани, сув тақсимотидаги ҳатоликлар ва яна бир қатор [камчиликлар мавжуд]”, деб ёзган сенатор Ворисова.

Сенаторнинг фкирича, қишлоқ хўжалигидаги қийинчиликларни бартараф этиш учун аввало юқорида келтирилган камчиликларни қандай йўқотиш мумкин деган саволга жавоб топиш керак. Балки майда фермер хўжаликларидан уюшма ташкил этиб, уларда иш бошқарувчи, агроном, бухгалтер, тракторчи, сувчи каби зарур лавозимлар жорий этилиши молия ишларидаги, агрономия ишларидаги, умуман ишни такшил этишдаги камчиликларни олдини олар. Мана шундай фермер- дехқон уюшмаларига тажрибали инсонлар бошчилик қилса фермерларнинг маъсулият ҳисси бир қанча кўтарилар?

Мақоласини сенатор Ворисова юқоридаги гаплар унинг шахсий фикрлари эканлигини таъкидлар экан, мутахассислардан бу мавзуда таклифлар беришларини кутиб қолишини ёзган.

16 ноябрь куни Сирдарë вилоят маркази Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисида “ғалладан мўл ҳосил етиштиришга азму қарор қилган фермерларни “юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиш, нопок ишларга қўл урмаслик” бўйича уюштирилган қасам ичтириш тадбири бўлиб ўтган эди.

Озодликнинг аниқлашича, фермерларга қасам ичтириш тадбирлари бутун мамлакатга тарқалган.

Қасам ичтириш тадбирлари секин-аста бошқа соҳаларга ҳам кўчмоқда.

20 ноябрь куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг 150 нафар шифокори ва 150 нафар ҳамширалари туман мутасаддилари, кенг жамоатчилик олдида қасамёд қабул қилди, деб хабар қилди zarnews.uz сайти.

Сенатор Мақсуда Ворисова 1961 йилда туғилган, Тошкент вилоят, Зангиота туманидаги 19- қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири. Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси, I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG