Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Сайлов бюллетенига “Сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам...” деб ёзган фаол сўроқ қилинганини айтмоқда


Ўзбекистонлик шифокор ва сиёсий фаол Жавоҳир Хотамов.
Ўзбекистонлик шифокор ва сиёсий фаол Жавоҳир Хотамов.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги шу йил июнида рўйхатдан ўтказишни рад этган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига имзо йиққан фаол куч ишлатар тизимларининг босимларидан шикоят қилмоқда.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи шифокор Жавоҳир Хотамов Озодлик билан суҳбатда 30 ноябрь куни ўзларини “жиноят қидирув бўлимиданмиз”, деб таништирган фуқаро киймидаги шахслар уни иш жойида сўроқ қилганини айтди.

“Жиноят қидирув бўлимиданмиз, деб таништиришди. Ундан олдин ўзини Ўктам деб таништирган одам Ички ишлар бўлимига келишимни айтганди. Мен бормадим. Зам. глав врачимизга айтиб қўрқиттирган. Боринг, акс холда ишга қўймаймиз”, деди. “Повестка йўқ, мен бормайман” деганман. Кейин ўзлари келишди. Асосий сўраган нарса сайлов куни бюллетенга ёзганим экан”, дейди Хотамов.

Сўроқ қилувчилар фаолдан президентлик сайлови пайтида бюллетенга “сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам танзерсум”, деб ёзгани ҳақида тушунтириш сўрашган.

"Сайлов бюллетенига “сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам трансверзум”, деб ёзиб, сайлов қутисига ташлаганман-да. Булар шуни ахтариб топиб, сен ёздингми, деб келишяпти. Сайловда овоз бериш аноним бўлса, сайлов қутиси печатланса, булар қандай аниқлашибди, ҳайронман. “Ҳа, мен ёздим, мени шахсий фикрим бу, дедим. “Transversum” (лот. "кўндаланг йўналиш"- таҳр.) ҳақорат сўз эмас, тиббиётда ишлатиладиган лотинча сўз, “менга фарқи йўқ”, деган маънони беради Булар “қўйиб қўйдим” маъносида тушунишаётган бўлишса керак-да”, - дейди Жавоҳир Хотамов.

Қизилтепа тумани касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Жавоҳир Хотамов Навоий вилоятида янги партияга тарафдор тўплаш ва имзо йиғиш билан шуғулланган.
Қизилтепа тумани касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Жавоҳир Хотамов Навоий вилоятида янги партияга тарафдор тўплаш ва имзо йиғиш билан шуғулланган.

Сўроқ қилувчилар Хотамовнинг ўзига нисбатан қандай чора кўрилиши мумкинлиги ҳақидаги саволини жавобсиз қолдиришган.

“Нимага бу ҳақда сўраяпсизлар, жиноят иши очилганми?, деб сўрадим. Аниқ жавоб бўлмади. Ёзганингиз бўйича тушунтириш хати ёзиб берасиз, дейишди. Ҳозир ёзиб берасиз, деб туриб олишди. Ёзмасангиз, биз билан кетишингизга тўғри келади, дейишди. Ўзимни шахсий фикрим эди бу, ғаразли ниятим йўқ эди, деб ёзиб бердим”, - дейди Хотамов.

Ҳам шифокор, ҳам фаол

Қизилтепа тумани касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Жавоҳир Хотамов Навоий вилоятида янги партияга тарафдор тўплаш ва имзо йиғиш билан шуғулланган.

У айнан ана шу фаолияти учун ўзига нисбатан босим ўтказилаётганини иддао қилади.

“Имзо тўплаш жараёнидан тортиб то бугунгача босимлар тўхтамаяпти. Мен Facebook саҳифамда ҳам сайлов бўйича ўз фикримни очиқ айтиб чиққанман. Булар ишхонамга арз қилиб, шу ёзганларимни олиб ташлашга мажбур қилишди. Ишхонамда ҳаммани олдида сазойи қилишгача боришди”, - дейди Хотамов.

Навоийлик фаол Озодликка партияга имзо йиққани учун ишхонасидаги мажлисда раҳбаридан танбеҳ эшитгани ёзиб олинган аудиони ҳам тақдим қилди.

Хотамовнинг айтишича, воқеа май ойида Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тиббиёт бирлашмасидаги мажлисда бўлган.

Бош врач Хотамовдан партияга имзо тўплашни бас қилишни талаб қилади.

“Мен ҳаммасидан хабарим бор, Интернетда ҳаммасини кўриб турамиз. Имзо тўплаяпти экан бу. Сизлар ўқимишли одамсизлар, бу нарсалар керак эмас бизларга”, - дейди мажлисни олиб бораётган шахс.

Навоий вилояти Қизилтепа тумани Ички ишлар бўлимидан ҳамда Қизилтепа тиббиёт бирлашмасидан Жавоҳир Хотамовнинг иддаолари юзасидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги “талаб этилганидан қарийб 3 марта кам имзолар тақдим этилгани” важидан Ҳидрназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.

Партия асосчиси Хидирназар Аллақуловнинг ўзи ҳам бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига ҳам учраганди.

Партиянинг яна бир ташкилотчиси Муҳаммадамин Шерматовни эса, МИБ 14 йил яшаган уйидан оиласи ва набиралари билан кўчага чиқариб ташлаш билан таҳдидлар қилган.

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ фаолларга босимларни ҳукуматнинг ўзларини сиёсий фаолиятдан четлатишга уриниш ҳаракати, дея баҳолаган.

Сиёсий фаоллар президент сайлови арафасида кучайтирилган кузатув ва босимлар сайлов ўтиши билан юмшагани, аммо сиёсий фаол ва ҳукуматнинг танқидчиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар ҳануз давом этаётганини айтишмоқда.

Ғарблик кузатувчилар Шавкат Мирзиёев 80, 1 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланган 24 октябрь кунги президент сайловида ҳақиқий сиёсий рақобат бўлмаганини айтишган.

64 ёшли амалдаги президентга билан беллашган парламентдаги ҳукуматпараст тўрт партия номзодларининг биронтаси уни танқид қилмаган.

Президент сайловини кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳайъати ўзининг дастлабки хулосаларида мухолиф партияларнинг рўйхатдан ўтиш ва сайловда қатнашиш уринишлари муваффақиятсизликка учраганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG