Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Россияда ноқонуний ишлаётган муҳожирлар сони 1,5 миллионга етди


Тожикистон, Украина ва Қирғизистондан келаётган мигрантлар сони ошди
Тожикистон, Украина ва Қирғизистондан келаётган мигрантлар сони ошди

1,5 миллиондан зиёд меҳнат муҳожири Россияда ноқонуний фаолият юритмоқда. Рус социологлари олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, нолегалларнинг асосий қисми МДҲ давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирларидир.

"Россияда мигрантлар сони кўпайди!"

2016 йилнинг иккинчи ярмида Россияга келаётган миграция оқими 300 минг кишига кўпайган ва ўтган йилга нисбатан 50 фоизлик ўсишни кўрсатди.

Охирги икки йил давомида Россияда бошланиб кетган иқтисодий инқироз туфайли камайиб кетган ишчи ўринлар асосан Ўзбекистон, Украина ва Тожикистон ватандошлари ҳисобига тўлдирилмоқда, дейилади Россия Қишлоқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) томонидан тузилган “Иқтисодий вазият мониторинги” ҳисоботида.

“2016 йил кўрсаткичлари шундан дарак бердики, хорижликларда Россия иқтисодий вазиятига “кўникиш” ҳосил бўлди, чунки уларнинг сони айниқса ёз фаслида кўпайгани қайд этилди (яъни “мавсумий” мигрантлар кела бошлади). Шу йилнинг сентябрида Россияда 10 млн. 400 мингга яқин хориж ватандоши яшаб келган. Йил охирига бориб улар сони бироз камаяди”, дейилади ҳисоботда.

Академия тадқиқотчилари ҳисоб-китобига кўра,Россияга келаётган муҳожирларнинг асосий қисми украин, ўзбек ва тожиклар бўлиб, улар сони 8,8 миллиондан ошган. Россиянинг йирик мегаполисларида сўнгги икки йилда қирғизистонлик мигрантлар кўпайгани эътиборга сазовор. Буни Қирғизистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгани ва бу мамлакат ишчиларига миграция жиҳатидан енгилликлар берилгани билан изоҳлаш мумкинлиги айтилди.

“МДҲ давлатларидан келган хорижликлар сони 2014 йилга нисбатан 7-10% камроқдир”, дейилади ҳисоботда.

Таъкидлаш лозимки, 2014-15 йиллар давомида Россияга айниқса Ўзбекистондан келаётган мигрантлар сонининг 30 фоизга кескин камайгани кузатилган: 2014 йилда – 2,5 миллиондан зиёд, 2015 йилда – 2 млн., 2016 йилда эса 1 млн 770 минг ўзбек муҳожири Россияга кириб келгани қайд этилди. Яъни, ҳисоб-китобларга кўра, Россияга бўлаётган миграция оқимида асосан Украина ва Тожикистон республикалари илғорлик қилмоқда.

Бироқ, ҳисоботда охирги ярим йилда ортга қайтиб кетаётган ўзбекистонлик ишчилар сонининг камайиши тўхтаганига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга,РАНХиГС олимлари Россияга Ғарб мамлакатларидан келаётган меҳнат муҳожирлари сони 80 фоизга камайиб кетгани қайдга олинганини хабар қилди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти хабарига кўра, ишга рухсатномаларнинг ойлик тўловлари кескин оширилиши ортидан Россияда нолегал юрган муҳожирлар сони кўпайган: 2016 йилнинг сентябр охирларида бор-йўғи 1,8 миллион хориж ватандоши патент ҳозирлаган.

Полиция расмийлари Россия кенгликларида 1,5 миллиондан зиёд муҳожир ишга рухсатномасиз яшаб келаётганини гапирмоқда. Россияга "ишга" деб келган муҳожирлар билан бирга, нолегаллар қаторида "ўқишга", "даволанишга", "сайёҳлик" каби сабабларни кўрсатиб кирганлар ҳам бор.

Маълум бўлишича, 2016 йил давомида ишга рухсатнома учун ойлик тўловлар ҳисобига Россия минтақа бюджетлари 38 млрд рублга кўпайди. Бу тўловларнинг 80 фоиздан ортиғи Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари тўловлари ташкил этди.

"Миграция соҳасида жиддий ўзгариш бўлмайди!"

Журналист ва блогер, Россия мигрантлари орасида қисқа вақт ичида ном чиқарган “Таянч” нашри бош муҳаррири Соҳиба Ҳайитбоева Озодлик билан суҳбатда нолегал муҳожирлар сонининг охирги бир йилда кўпайишига энг аввало иқтисодий муаммолар, жумладан долларнинг қадрсизланиши ва меҳнат ҳақининг камайиши, ва ишга рухсатнома расмийлаштириш ва ойлик тўловлари оширилишини сабаб қилиб кўрсатди.

Шу билан бирга у Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар сонининг кўпаймаётганига айниқса миграция чекловлари ва Россияга кириш тақиқланаётган мигрантлар сони ошиб бораётганини мисол қилиб келтирди.

- Мигрантлар оқимида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳар йили октябрдан кейин мигрантларнинг Ватанга оммавий қайтиши кузатилади. Бу мавсумий ишчилар билан боғлиқ. Биз авиакассалар билан доимий алоқадамиз. Таксичилар аэропортларга олиб бориб қўйиш кўпайган, олиб келиш камайган, деяпти. Самолётлар бўш келаяпти. Қишда юрган мигрантлар қишда кафеларда, заводларда – иссиқ жойларда ишлашади. Кетаётганлар асосан ташқарида ишлайдиган қурувчилар. Қирғизистонликларга бу ерда енгиллик яратилгани сабабли улар сони кўпайди. Тожикистон билан Ўзбекистондагилар қанчаси запретда – ҳозир МДҲ бўйича 2 миллиондан ортиқ одамга киришга тақиқ қўйилган, дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Журналистнинг айтишича, 100-200 доллар бўлсада, Россияда ишлаётган ўзбеклар ўз юртларига маблағ жўнатиш имконига эга.

Журналист Соҳиба Ҳайитбоева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:22 0:00
Бевосита линк

Соҳиба кейинги 2017 йилда Россияда миграция соҳасидаги вазиятда кескин ўзгариш бўлмаслигига ҳам ишонишини айтади:

- Менимча, яқин йилларда ўзгариш бўлмайди, чунки бунча одамни Ўзбекистонда ҳам, бошқа жойларда ҳам иш билан таъминлашнинг имкони йўқ. Миграция соҳасидаги ўзгаришларни кузатиб бораяпмиз: ҳозирча “горячая линия” очилишидан бошқа янгилик йўқ. Мигрантларимиз бўлаётган ўзгаришларни кўриб, “Ўзимизда иш ўринлари очилади – уйга қайтамиз”, деб ўйлаяпти. Ўзбекистон ватандошлари Россияда энг кўп! Уларнинг тўловлари Россияга анча фойда келтириб турибди. Икки давлат келишгани билан, ўзбекларга патентни бекор қилмайди. Лекин ўзбеклар доимо қандайдир умидлар билан яшайди, деди мустақил журналист Соҳиба Ҳайибоева.

Айни пайтда, мураккаб иқтисодий вазиятга қарамасдан Россия ҳукуматининг миграция қонунларини юмшатиш борасида ҳаракатлари кузатилмаётир.

ВЦИОМ социология маркази олиб борган сўров натижаларига кўра, 78 фоиз россиялик мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган чекловларни янада кучайтириш тарафдори бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG