Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Пахта-2017: Пахта ҳашарини уюштириш ëшиттифоқчи ва ... имомларга юклатилди


Андижон вилоят ҳокими 16 сентябрь, шанба куни кечқурун ўтказган селектор йиғилишида ҳар бир имомга намозхонлар ва маҳалла аҳлидан 10-15 кишилик теримчилар гуруҳи тузиш вазифаси юклатилди.

Чинозлик мактаб директорининг айтишича, ҳашарчиларни уюштириш билан Ёшлар иттифоқининг мактабдаги вакили шуғулланмоқда.

Айни пайтда, фарғоналик фермернинг фикрича, агар терим учун теримчи рози бўлгудай ҳақ тўланса, ҳосилни йиғиб олиш учун оммавий сафарбарлик эълон қилишнинг ҳожати йўқ.

Пахта-2017: Пахта ҳашарини уюштириш ёшиттифоқчи ва ... имомларга юклатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка хабар қилган избосканлик имомнинг айтишича, шанба оқшом соат 7 да бошланиб, кечқурун 11 га яқин тугаган селектор йиғилишига имомлар, отинойилар, диний маслаҳатчилар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва бошқа фаоллар қатнашган.

Имомларнинг қўшимча вазифаси

Йиғилишда, асосан, пахта теримига ҳашарчи чиқаришни уюштириш масаласи устида гап борган. Ҳар бир имомга дам олиш кунлари пахтага одам чиқаришни уюштириш, камида 10 - 15 кишилик ҳашарчилар гуруҳлари тузиш топширилган.

“Бироқ, мана душанба, мен ҳеч кимни пахтага чиқишга тарғиб қилганим йўқ, мендан ҳам биров ҳисобот талаб қилмади”, деди имом.

Бу йилги пахта мавсумининг ўтган йилгидан фарқи тўғрисида имом бундай деди:

“Ўтган йили, хабарингиз бор, мусибат бўлиб (Ислом Каримовнинг ўлимини назарда тутмоқда – таҳр.) биз билан бировнинг иши бўлмади. Лекин ундан олдинги йилларда роса одам опчиққанмиз пахтага”.

Андижон вилоят ҳокимлиги мулозими 17 сентябрь кунги селектор йиғилишига оид саволни эшитгач, ҳеч қандай жавоб бермай, телефонни қўйиб қўйди.

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали келаётган хабарларга қараганда, пахта теримига ҳашарчи уюштириш ишига имомларни жалб этиш бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Масалан, Бухородан келган нома мана бундай бошланади:

"Buxoroda diniy masalalar buyicha zam hokim imomlarga masjidlardan paxtaga odam chiqarasan deb topshiriq berdi. Uzi oxirgi vaqtlarda hamma ish imomlarga. Mahallada imom maruza qilishi kerak. Maktabda-imom , kollejlarda-imom, davlat tashkilotlarga-imom. Maruza qilishi kerak .Qaysi bir ishni qilishga hayron imom..."

Ёшлар иттифоқи вакили - ҳашарчилар сардори

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги мактаблардан бири директорининг Озодликка айтишича, шу кунда мактабнинг бир ўқитувчиси пахта теримига ётоққа кетган.

“Аслида, ётоқ билан теришга икки ўқитувчи беришимиз керак эди. Бундан ташқари¸ мактабнинг техник ходимлариям пахта тераяпти. Бошқа ўқитувчилар ҳозирча теримга жалб этилмади”, деди исми айтилмаслигини сўраган мактаб директори.

Унинг айтишича, шу кунда пахтага одам чиқаришни уюштириш, асосан, Ёшлар иттифоқининг мактабдаги вакили зиммасига юклатилган.

“Камолот” ташкилоти ўрнига яқинда таъсис этилган Ёшлар иттифоқи вакили, директорнинг айтишича, мактабдаги Етакчи (Советча “Вожатий”) ўрнини эгаллаган. Ҳам Етакчи, ҳам иккита тўгарак бошлиғининг иш ўрни ҳисобига очилган лавозимни эгаллаган Ёшлар иттифоқи вакили қарийб 1 млн сўм маош олмоқда. Шунга яраша унга юклатилган вазифа ҳам осон эмас.

“Ҳар бир мактабнинг Ёшлар иттифоқи вакилига пахта теримига ўзи билан бирга 20 киши олиб чиқиш вазифаси юклатилган. Қаердан олади у бунча одамни? Табиий¸ маҳаллага чиқиб, одамларни ташвиқот қилаяпти”, деди мактаб директори.

Фермер: Иш ҳақи яхши тўланса, ҳашар уюштиришга ҳожат қолмайди

Фарғоналик фермер Очил Бегматов (Фурқат тумани) ўз ихтиёридаги даланинг 70 гектарига бу йил пахта эккан. Озодлик билан суҳбатда айтишича, фермер теримни бошлаганига 5 кун бўлган¸ 5 кундан буён кунига 5 – 6 тоннадан пахта топшираяпти.

Очил Бегматовнинг 70 гектар даласидаги пахтани 80 киши термоқда. 80 теримчининг 30 нафари ўз ишчиси, қолган 50 киши ишчиларининг оила аъзолари.

“Улар ўз ихтиёри билан чиқаяпти теримга, чунки терган пахтасининг ҳар килосига 410 сўмдан тўланаяпти. Шунинг учун, пулга қизиқиб теришаяпти”, деди Очил Бегматов.

Фарғоналик фермер: Терим учун яхши ҳақ тўланса, оммавий ҳашар уюштиришнинг ҳожати йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:27 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG