Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:41

Сирдарёда ҳашарчилар тушган трактор прицепи ағдарилди, 22 киши касалхонада


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида пахта ортилган, пахта устида эса, ҳашарчилар бўлган трактор прицепи ағдарилиши оқибатида ўттизга яқин одам жароҳатланди.

Жароҳатланганлар Гулистон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилди.

Мирзаобод туман ҳокимлиги ва Ички ишлар бўлими расмийлари Озодликка ҳалокат юзасидан текширув олиб борилаётганини айтди.

25 октябрь куни юз берган ҳалокат гувоҳларининг айтишича, пахта ташийдиган трактор ағдарилиши оқибатида прицеп устида бўлган ўттизга яқин ҳашарчи жароҳатланган.

Гувоҳлардан бири исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка буларни айтди:

- Трактор прицепи пахтага тўла, унинг устида тахминан ўттизта ҳашарчи кетаётган эди. Тракторчи бирданига рулни ўнг томонга буриб юборган, прицеп бир томонга оғиб, устида ўтирган ҳашарчилар билан ағнаган.

Ҳалокат оқибатида прицеп устида бўлган ҳашарчилар турли жароҳат олган, шулардан 22 нафари Гулистон шаҳридаги Шошилинч Тиббий ёрдам марказига ётқизилди.

Шифокорларга кўра, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас. Шошилинч Тиббий ёрдам маркази шифокори бундай деди:

- Кеча олиб келишди. Боши ёрилгани бор, оёғи сингани бор. Ҳаммасига лозим ёрдам кўрсатиляпти. Ҳаёти хавф остида эмас.

Мирзаобод тумани Ички ишлар бўлими ходими трактор ҳалокати юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини айтди:

- Ҳайдовчи мен ҳашарчиларни миндирмаганман, ўзлари прицепга чиқиб олишган деяпти. Ҳашарчиларнинг ўзлари ҳам, бир даладан иккинчи далага ўтишда пиёда юришга эриниб, шу трактор прицепининг устига чиқиб олишганини айтишяпти.

Шу кунларда пахта йиғим-теримига Ўзбекистон бўйлаб оммавий сафарбарлик эълон қилинган.

Ҳар йилги пахта мавсумида бўлгани каби бу йил ҳам терим кампанияси ҳалокатларсиз бўлмаяпти.

11 октбяр куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида теримчиларни пахта даласига ташиётган “Исузу” русумли автобуси ҳалокатга учраши оқибатида 19 одам жароҳатланди.

Сентябр ойида Бухоронинг Когон туманида йўловчи автобусининг портлаши натижасида 5 киши қурбон бўлган, 20 дан ортиқроғи яраланганди.

Айрим мустақил манбалар хабар тарқатганидек, автобусда пахта теримчилари бўлган. Лекин, ҳукумат расмийлари автобус мардикорларни маккажўхори теримига олиб бораётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG