Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ўқишини Ўзбекистонга кўчиролмаётган талабалар Мирзиёевнинг ёрдамига умид қилмоқда


Киевдаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида 1300 нафарга яқин хорижлик ўқийди, шулардан 110 нафари ўзбекистонлик талабадир.
Киевдаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида 1300 нафарга яқин хорижлик ўқийди, шулардан 110 нафари ўзбекистонлик талабадир.

Украинада таълим олаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар ўқишини ватанига кўчириш борасида президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам истамоқда.

Украинада иқтисодий шароит оғирлашгани ва Ўзбекистонда ҳорижий валюталар расмий курсининг икки баробар ортиши ортидан ўқиш ҳаражатлари ортиб кетгани учун ўнлаб талаба Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлмоқда.

Улар ўқишини кўчиришга ёрдам сўраб Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза топширган эди.

Лекин вазирлик уларнинг аризаларини қондирмаган. Шундан сўнг талабалар ва уларнинг ота-оналари президент Мирзиёевнга мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

Украинанинг Харьков шаҳридаги Тиббиёт институтида ўқиётган бухоролик Даврон шу йилнинг июль ойида ўқишни Ўзбекистонда давом эттиришга изн сўраб Ўзбекистон Олий таълим вазирлигига мурожаат этган, лекин вазирлик унинг аризасини қондирмаган.

Шундан сўнг у президент Мирзиёевга мурожаат қилишга мажбур қолганини айтди.

“Биз билмоқчимизки, Мирзиёевнинг ўзлари кўряптилармикин аризани? Биз президентимиздан ёрдам истаяпмиз. Ҳамма болалар перевод чиқади деган умидда юришибди, шароити етмай ўқишни ташлаб кетадиганлар кўп орамизда, агар перевод бўлмаса кўпчилигимиз ўқишни ташлаб, Россияга ишлагани кетмоқчи бўлиб турибмиз, - дейди Даврон.

Украинанинг Днепропетровск шаҳрида ўқийдиган яна бир талаба эса, мамлакатда вазият оғирлашгани учун ўқишини Ўзбекистонда давом эттириш истаги борлигини айтди.

- Днепропетровск Тиббиёт институтида 3-курсда ўқийман. Нотинчликлар бўляпти, шунинг учун перевод қилмоқчиман, менга бошқатдан қабул комиссиясига ҳужжат топшириб, бошқатдан имтиҳон қилиб, 1-курсга олишлари мумкинлигини айтишди, Тошкент Тиббиёт олийгоҳидагилар менга шундай дейишди. Шунча ҳаражат қилиб, уч йил ўқиб қўйдик, улар "биринчига олишимиз мумкин, имтиҳондан ўтсангиз" дейишяпти, - дейди ўзбекистонлик талаба.

Украинадаги олийгоҳда таълим олаётган талабалар 1 ўқув йили учун 3,500 - 4200 доллар контракт пули тўлашади.

“Ётоқхонада туриш йилига яна 200 доллар туради. Бу пулни тўлаш кўпчиликка оғирлик қилади. Олдин Ўзбекистонда бу пулни давлат курсида олганимиз учун арзонроқ бўлганди. Расмий курс икки баравар кўтарилганидан сўнг ҳаражатларимиз ҳам икки баравар ошди. Шунинг учун қийналиб қолдик”, - дейди Днепропетровскда ўқийдиган ўзбекистонлик талаба.

Озодлик Украинада ўқиётган талабаларнинг арзи юзасидан Ўзбекистон Олий таълим вазирлигига боғланди.

Суҳбат давомида вазирлик расмийси талабалар ўзлари ўқишни давом эттиришни истаган Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг қабул комиссиясига ариза ва ҳужжатларини топширишлари, қабул қилиш-килмаслик масаласини шу комиссия ҳал қилишини айтди.

- Хорижда таълим олган талабаларни кўчириш масаласини олийгоҳларни қабул комиссияси кўриб чиқади ва бу ишга вазирликнинг алоқаси йўқ. Чет давлатларда ўқиётганлар жуда кўп. Энди улар қандай меъёрлар асосида қабул қилинди, буни биз билмаймиз-да. Кимлардир бир йилдан кейин перевод қилиш илинжида кириш осон бўлган институтларга кириб олишади. Кейин перевод қилишни истаб қолишади. Шунинг учун перевод қилишда ҳам уларни имтиҳон қилиб олишади ва бу бўйича қабул комиссияларига мурожаат қилишлари керак, - деди Озодлик боғланган Олий таълим вазирлиги мулозими.

Украинада қанча ўзбекистонлик талаба таҳсил олиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Лекин, ўн минг талаба таълим олувчи биргина Киевдаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида 1300 нафарга яқин хорижлик ўқийди, шулардан 110 нафари ўзбекистонлик талабадир.

XS
SM
MD
LG