Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:48

Таҳлилчи: Ёшлар иттифоқи орқали ишга жойлаштиришдан хунвейбинчиликнинг ҳиди келмоқда


Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров президент танбеҳ эшитмоқда.
Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров президент танбеҳ эшитмоқда.

Ёшлар иттифоқининг Қашқадарё вилоят кенгаши Молия вазирлиги тизимига ишга жойлаштириш учун 10 кишининг анкеталарини Иттифоқнинг марказий кенгашига юборди.

Қашқадарёлик номзодлар Ёшлар иттифоқи куни кеча Молия вазирлигига тавсия қилган 490 кишилик гуруҳнинг бир қисмидир.

Вазирлик учун кадр танлаш Ёшлар иттифоқи орқали амалга оширилаётганидан, баъзи таҳлилчилар фикрича, Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзе Дун тарафдорлари - хунбейбинларнинг ҳиди келмоқда.

Молия вазирлигига Қашқадарёдан фақат Ёшлар иттифоқида ишлаганлар тавсия қилинди

Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят бўлимининг исми сир қолишини истаган масъул ходимига кўра, вилоят бўйлаб Молия вазирлиги тизимида ишлаш истагини билдирган 16 ёш мутахассисдан 10 нафарининг анкеталари 30 декабрь куни Иттифоқнинг Марказий кенгашига юборилган.

Маълум бўлишича, Молия вазирлигига тавсия қилинган 10 қашқадарёликнинг барчаси Ёшлар иттифоқи структураларида ишлаб келаётган мутахассислар бўлиб, уларнинг молия-кредит соҳасида билими бор. Вазирликка тавсия қилинмаган қолган 6 қашқадарёлик бошқа ташкилотларда ишлаётган ёшлардир.

- Тавсия қилинганларнинг ҳаммаси вазирлик тизимига ишга қабул қилинса, Ёшлар иттифоқи уларнинг ўрнига янги одамлар оласизларми?

Бу саволга ташкилот вакили “Ҳа”, деб жавоб берди.

Унинг айтишича, мутахасислар фақат Молия вазирлиги учун танланган, бошқа вазирликлар учун мутахассис танлаш масаласи кун тартибида йўқ.

Ҳаммаси бўлиб 490 киши тавсия қилинди

ЎзА ахборот агентлиги 5 январь куни Ёшлар иттифоқининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда берилган эълонлар асосида молия органларида ишлаш истагини билдирган 3 минг 100 дан зиёд йигит-қиз орасидан 490 нафари сараланиб, Молия вазирлигига тавсия этилгани тўғрисида хабар қилди.

Ёшлар иттифоқи тавсия қилган 490 киши Молия вазирлиги тизимига сўзсиз ишга олинадими?

Афтидан, бу масала Молия вазирлиги учун анча оғриқли масала кўринади. Ҳар ҳолда вазирликнинг бир неча масъул мулозими, жумладан, вазирликнинг Ёшлар етакчилари кенгаши вакили бу масаладаги саволларга жавоб беришни истамади.

Бироқ вазирликнинг Кадрлар бошқармаси вакили Озодликнинг бир неча саволига жавоб берди:

- Тавсия қилинган 490 кишининг барчаси ишга имтиҳонсиз қабул қилинадими?

- Йўқ, улар билан суҳбат қилинади. Кадр танлаш комиссияси бор. Имтиҳон қилмаймиз. Ўзимизнинг ўқув марказимиз бор. Раҳбарият тест ўтказ, деса, тест уюштирармиз.

- Демак, ишга суҳбатдан ўтсагина қабул қилинади?

- Комиссия ҳужжатларни кўриб чиқа бошлади. Тўлиқсиз олий маълумотлиларининг ҳаммасини практикага оламиз. Стажировкага оламиз. Тавсия қилинганлар орасида молиячи эмас, бошқа мутахассислар ҳам бор. Ҳаммаси билан суҳбатлашилади, деди вазирликнинг Кадрлар бошқармаси вакили.

Молия вазирлиги ҳануз "тозаланмоқда"

ЎзА ахборот агентлиги 27 декабрь куни Молия вазирлиги тизимидан 500 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ўша хабарда мана бу маълумотлар келтирилган эди:

Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходимлар);

Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим);

Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим);


Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар давлат идораси номига доғ туширган ходимлар ўз лавозимидан озод этилди.

Молия вазирлиги Кадрлар бошқармаси мулозимининг 11 январь куни Озодлик мухбири билан мулоқот чоғида айтганларидан вазирликдаги “тозалаш” ҳануз давом этмоқда. Мулозим Озодликнинг “Шу кунда қанча вакансия бор?” деган саволига “Буни дабдурустдан айтолмайман, мен қоғозларни кўришим керак, чунки ҳар куни ўзгариб турибди”, деди.

Тозалашнинг бошланиши

Молия вазирлиги тизимида кадрларни тозалаш жараёни президент Мирзиёевнинг 22 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаати давомида айтган гапларидан сўнг бошланиб кетди.

Ўшанда Шавкат Мирзиëев Молия вазири Жамшид Қўчқоровни тик турғизиб¸ унга кескин оҳангда “молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдаш топшириғини берган эди.

“(Қўчқоровга қараб) Атрофингдагиларнинг ҳаммасини ҳайдавор¸ янги-янги одамларни ол. (Залга қараб) Қўчқоров агар ўзгариш қилмаса¸ сизларнинг олдиларингда айтаяпман – бир ойда буниям ишдан оламан. Манга бундақа молия керак эмас. Ҳаммасини ҳайдайди молияда ўтирганларни”, деган эди Президент.

Президент 22 декабрда Молия вазирлигига нисбатан белгилаб берган муносабат йўналишини расмий матбуот инжа илғади. Масалан, ЎзАнинг 27 декабрдаги хабари мана бундай бошланган:

“Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги танқиддан кейин Молия вазирлиги тизимида катта ўзгаришлар рўй бермоқда.

Собиқ Молия вазири ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар”ни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган”.

ЎзА “собиқ Молия вазири”, дер экан, албатта, Рустам Азимовни назарда тутаяпти. 2017 йил ёзида ҳукуматдан четлатилган Азимов ҳозирда қандайдир суғурта компаниясини бошқараётгани айтилади.

Ёшлар иттифоқи - ёшлар учун ижтимоий лифт...

Қатор таҳлилчилар фикрича, Молия вазирлиги тизими Мирзиёев – Азимов муносабатлари қурбонига айланди ва президент бу тизимни янги кадрлар билан “соғломлаштирмоқчи”. Бу ишда у Ёшлар иттифоқига таянмоқда.

Баъзилар илдизи Совет комсомолига бориб тақаладиган Ёшлар иттифоқи (ВЛКСМ < Камолот < Ёшлар иттифоқи) ёш мутахассислар учун ижтимоий лифт вазифасини бажараётганига эътибор қаратиб, Молия вазирлигини кадрлар билан таъминлашнинг шу кунда давом этаётган усулини олқишламоқда.

... ёки кураш воситасими?

Бироқ, Тошкент Давлат Аграр университети ва Жаҳон иқтисодиëти ва Дипломатия университети қошидаги Бошқарув институти¸ сўнгра Жанубий Кореядаги нуфузли Йонсей университетида ўқиб¸ иқтисод бўйича магистрлик даражасини қозонган Ғолиббек Холназаров оптимистлар қаторида эмас.

- Ишга Ёшлар иттифоқи орқали жойлаштириш, яъни мутахассис танлашда унинг ёш экани асосий критерий қилиб олиниши, менимча, нотўғри. Масалан, Кореяни олайлик. Бу мамлакатда давлат идораларига ишга кирувчи мутахассис махсус давлат имтиҳонини топширади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган одамгина давлат бошқаруви органига ишга қабул қилинади. Бу иш Жанубий Кореяда 50- йиллардан буён тизимли равишда амалга оширилади. Худди шундай тартиб Японияда ҳам, қолаверса, бошқа қатор ривожланган давлатларда бор, деди Ғолиббек Холназаров.

Таҳлилчи Мирзиёевнинг “тозалаш”и ортида қандай сабаблар ётганини тахмин қилиб, бундай деди:

- Сезиб турибман, муҳтарам президентимиз "хунвейбинчиларни" яратиб, уларнинг қўли билан эски партократияни йўқотмоқчи. Лекин Хитой хунвейбинчилари даври – 60- йиллар бошқа бўлган. Хунвейбинчилар революцион ёшлар бўлган, улар қилаётган ишига ўзлари ишонган. Лекин бизнинг ёшлар 25 йилга чўзилган “буюк келажак” йўлида сўзи билан иши бошқа одамлар бўлиб ўсган. Улар орасида ҳам, балки, бордир ҳақиқий ватанпарвар йигитлар. Лекин ёш эканлиги учунгина ишга олавериш тўғри эмас. Бу жараён очиқ бўлиши керак, вакант ўринларга эълон берилсин матбуот орқали. Номзодлар имтиҳондан ўтсин, деди Ғолиббек Холназаров.

Хунвейбинлар

Таҳлилчи тилга олган хунвейбинлар 1966-1967 йилларда бутун Хитой бўйлаб талаба ёшлардан тузилган жанговар отрядлар аъзоларидир. Хунвейбинлар отрядлари Хитой раҳбари Мао Цзе Дун бошлаган ва тарихга “маданий инқилоб” атамаси билан кирган кампания давомида Маонинг душманларига қарши кураш учун тузилган.

Мао ўтказган маданий инқилоб давомида (1966-1976 йиллар) бутун Хитой бўйлаб 100 миллиондан ортиқ киши жабрланган, 1 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган. Маданий инқилоб йилларида Хитой Компартияси сафларида тозалаш ўтказилиб, 17 млн партия аъзосидан 5 млн нафари репрессия қилинган.

ВЛКСМ < Камолот < Ёшлар иттифоқи

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг 30 июнида тузилди. Ташкилотга Ленин комсомолининг меросхўри - “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати асос бўлди.

Ёшлар иттифоқининг уставида унинг мақсад ва вазифалари бундай белгилаб қўйилган:

O‘zbekiston yoshlar ittifoqi jismonan sog‘lom, ma’nan yetuk va intellektual rivojlangan, mustaqil fikrlaydigan yosh avlodni shakllantirish, yoshlarni tashqi tahdidlar va “ommaviy madaniyat”ning zararli ta’siridan muhofaza qilish, yoshlarning huquq va qonuniy manfaatlarini himoya qilishga har tomonlama ko‘maklashish va shart-sharoitlarni yaratish maqsadida jismoniy shaxslar tomonidan ittifoq tashkiliy-huquqiy shaklida tuzilgan, O‘zbekiston yoshlarini birlashtiruvchi nodavlat notijorat tashkilotidir…

XS
SM
MD
LG