Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:18

Мирзиёев: Чет эллардаги ватандошларимиз билан алоқаларни кенгайтиришга янада катта эътибор қаратамиз


“Биз тараққиётимизнинг янги даври, янги босқичига қадам қўйдик. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этдик. Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2017 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якунлашга эришдик”, деди Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил, 31 декабрь оқшоми, Янги йил киришига бир неча дақиқа қолганда Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

Президентнинг ўзбек ва рус тилларидаги табриги Миллий телевидение орқали кўрсатилди.

Телетасвирга Тошкентнинг Мустақиллик майдонида ёзиб олинган табригида давлат раҳбари халқнинг “фидокорона меҳнати билан 2017 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якунлашга” эришилганини таъкидлар экан, бундай деди:

“Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда”.

Президент фикрича, “буларнинг барчаси одамларининг кундалик ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлмоқда”.

Ўзбекистон раҳбари ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни “ғоятда самарали”, деб баҳолади.“Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларимиз янгича руҳ ва мазмун касб этмоқда. Бу эса минтақамизда ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини янада кучайтириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда. Биз бу стратегик йўлни 2018 йилда ҳам изчил ва фаол давом эттирамиз”, деди Президент.

Шавкат Мирзиёев ўз табриги давомида янги – 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилганини эслаб ўтди.

Президентнинг фикрича, “Халқаро майдонда кескин рақобат кучайиб бораётган ҳозирги вақтда бу энг тўғри ва самарали йўлдир”.

“2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор”, деди Президент.

Ўзбекистон раҳбари табригида яна мана бу гаплар бор:

“Янги йилда ҳам халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини, барча тоифадаги аҳолимиз даромадларини оширишга алоҳида аҳамият берамиз.

Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Чет эллардаги ватандошларимиз билан алоқаларни кенгайтиришга янада катта эътибор қаратамиз”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил, 31 декабрь оқшомида ТВ орқали олиб кўрсатилган Янги йил табриги унинг президент сифатидаги иккинчи телетабригидир.

Президент Ислом Каримов даврида унинг янги йил табриги доимо давлат телевидениесининг бошловчиси томонидан ўқиб эшиттириларди.

XS
SM
MD
LG