Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Қонли намойишлардан қарийб икки ой ўтиб Қорақалпоғистонда раҳбарият ўзгарди


Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.
Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

26 август куни Қорақалпоғистон Республикаси парламентининг президент Шавкат Мирзиёев иштирок этаётган навбатдан ташқари сессиясида Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Камаловнинг лавозимдан озод этилишига унинг "бетоблиги сабабли ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақидаги мурожаати" асос бўлган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг расмий Телеграм-каналида хабар беришича, Қорақалпоғистон Республикасининнг янги раҳбари этиб собиқ ички ишлар вазири Аманбай Тлеубаевич Оринбаевнинг номзоди тасдиқланган.

Қорақалпоғистоннинг юқори раҳбариятидаги ўзгаришлар Ўзбекистон конституциясида "суверен" деб белгиланган ҳудуд мақомининг ўзгартирилишига қарши шу йилнинг 1-2 июль кунлари юз берган қонли намойишлардан қарийб икки ой ўтиб, амалга оширилмоқда.

Камалов 2020 йилда коронавирусдан вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Муса Ерниязов ўрнини эгаллаганди.

Раҳбарият ўзгариши Қорақалпоғистондаги қонли воқеалардан қарийб икки ой ўтиб амалга ошмоқда.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

Мирзиёев: Воқеаларга халқ норозилиги сабаб бўлди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусдаги 26 август кунги сессияда Қорақалпоғистон раҳбариятини икки ой олдинги воқеалар учун танқид қилди.

Мирзиёев Қорақалпоғистондаги раҳбарлар аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топмаганини айтди.

“Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар «халқни рози қилиш» деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган”, деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Қорақалпоғистондаги ижтимоий муаммоларга тўхталиб, ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолаётганини айтди.

"Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда", деди Мирзиёев.

Қорақалпоғистон Республикасининнг янги раҳбари лавозимига номзоди кўриб чиқилаётган Аманбай Оринбаев 2016-2017 йилларда Нукус шаҳар ИИБ бошлиғи бўлган.

2017 йилнинг майидан Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи, 2019 йилнинг мартидан 2020 йил февралигача Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Сўнгра икки йил Қорақалпоғистон ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган.

2022 йил мартида Қорақалпоғистон ички ишлар вазири этиб тайинланган.

2022 йил июлидан ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Британияда яшовчи Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Франциско Алмоснинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Мирзиёев куч ишлатар тизимларидан чиққан одамни Қорақалпоғистонга раҳбар этиб тайинлаб, тартибсизликлар такрорланишига йўл қўймаслик унинг учун приоритет эканини кўрсатмоқда.

"Президент Мирзиёев бир томондан минтақани янада кўпроқ ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида нутқ сўзлаган бўлса, иккинчи томондан парламентнинг янги раиси лавозимига ички ишлар вазирлигидан чиққан одамни раис этиб тайинлаяпти.

Бу билан жаноб Мирзиёев Қорақалпоғистонда июль ойи бошида бўлган воқеаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик унинг учун приоритет эканини кўрсатмоқда", дейди эксперт.

Нукус шаҳрида яшовчи фаол Азимбой Отаниёзов фикрича, ички ишлар тизимидан чиққан одамнинг Жўқорғи Кенгес раиси этиб тайинланиши Қорақалпоғистон ҳуқуқ тизимларининг тотал назорати остига олинаётганини кўрсатади.

"Собиқ Ички ишлар вазири, узоқ йил шу тизимда жамоат тартибини сақлашга масъул лавозимда ишлаб келган Аманбай Оринбаевнинг раис бўлиши Қорақалпоғистон, "Полициейский давлат"га айланиши хавфини кўрсатади, шундай эхтимолни ўртага чиқаряпти. Қорақалпоғистон тотал назорат остига олинаётгани белгиси бу", - дейди Азимбой Отаниёзов.

Мустақил терговга саволлар

Нукусдаги қонли намойишлардан икки ой ўтиб ҳам кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Жумладан, намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган?. Ҳибсга олинганлар қаерда?

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00

Бундан олдин халқаро миқёсда Қорақалпоғистон воқеаларини шаффоф, очиқ, мустақил тергов қилиш чақириқлари янгради, бунга жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳодисалар "ҳар томонлама чуқур ва холисона" ўрганилишини айтди, бу жараёнга "жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар ҳам жалб этилиши"ни билдирди.

Қорақалпоғистонлик фаол Азимбой Отаниёзовнинг айтишича, қонли намойишлардан икки ой ўтиб, намойишларга алоқадорликда гумонланаётганлар яқинларини қаттиқ таъқиб остига олиш, ички ишлар бўлимларига чақириб сўроқ қилишлар тўхтамаган.

"Қамоқдан чиқарилганларни қайтадан олиб бориб қамаб қўйгани холатлари ҳам бўляпти. Кўпчилик қамалганларни қаердалигини билмайди. Ички ишлар бўлимига чақириб, сўроқ қилишлар ҳозир ҳам давом этяпти. Мени ўзимни ҳам бугун, 26 август куни ИИБ бўлимига чақириб, ижтимоий тармоқдаги фаолиятим бўйича сўроқ қилишди, нима иш билан шуғулланаётганим билан қизиқишди. Ҳар куни чақирилаётганлар бор", - дейди Отаниёзов.

Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси эса июль воқеаларини ўрганиш учун комиссия тузганини эълон қилди ва ҳодисани мустақил текширишини билдирди.

Аммо, ушбу комиссия хулосаси ҳануз эълон қилинмаган.

Британияда яшовчи Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Франциско Алмос фикрича, Қорақалпоғистонда фаоллар, намойишларга алоқадорликда гумонланаётганлар таъқиб қилинар экан икки ой аввалги воқеалар ҳақида аксари ҳукумат аъзолари бўлган комиссиядан холис хулосани кутиш қийин.

"Ўликлар ва яраланганларнинг ҳақиқий сонини ҳам билмаймиз ҳозир. Аксари ҳукумат аъзоларидан иборат комиссия ҳақиқатни очиб беришига мен ишонмайман. Қолаверса, ҳукумат халқаро ташкилотлар талаб этаётган мустақил терговга руҳсат бериши даргумон", - дейди Алмос.

Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниернинг фикрича, Қорақалпоғистонда намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган, деган савол ҳам ҳануз очиқ қолмоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати расман 21 киши ўлди, деяпти. Тармоқларда эса рақамлар бундан анча кўп булиши ҳақда айтиляпти. Намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган? Куч қўлланилгани аниқ. Маҳаллий ҳокимият Тошкент билан бемаслаҳат ҳеч нарса қилмаслигини ҳам биламиз. Буйруқ қаердан берилган? Бу савол ҳам очиқ қолмоқда. Қамоққа олинганлар қаерда? Беш юздан ортиқ киши ҳибсга олинган. Улар қандай сўроқ қилинди? Маҳаллий лидерлар қаерда, қандай шароитда ушлаб турилибди? Воқеаларни ёритган маҳаллий журналистлар қаерда? Саволлар кўп. Воқеаларни ўрганаётган аксари ҳукумат аъзоларидан ташкил топган комиссия вазиятга холис баҳо беришига ишониш қийин”.

  • Шу йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.

Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG