Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Шаҳрихондаги шифохонада юз берган портлашда 1 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди (ВИДЕО)


Портлаш содир бўлган жойда ФВВ қутқарувчилари ишламоқда.
Портлаш содир бўлган жойда ФВВ қутқарувчилари ишламоқда.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги хусусий шифохонада 11 февраль куни юз берган портлашда камида бир киши ҳалок бўлган.

Бош прокуратура жароҳат олганлар сони 11 киши эканини айтмоқда.

Портлаш тумандаги Қоракўрпача МФЙ ҳудудидаги шифохонада соат 11.30 да содир бўлган.

Шифохонадаги манбанинг Озодликка айтишича, ҳалок бўлган шахс 56 яшар бемор аёлдир.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлган. Портлаш вақтида шифохонада қанча одам бўлгани ҳақида маълумот йўқ, қутқарув ишлари давом этаётгани айтилади.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов расмий Телеграм-каналида маълум қилди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳодиса жойига етиб боргани айтилмоқда.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, туман маркази Чинобод кўчасида, йўл бўйида жойлашган уч қаватли “Зитерия” Диагностика ва даволаш масканининг 1-қаватида содир бўлган портлашдан бино деворлари қулаб тушган.

Портлаш овози бир неча чақирим узоқ масофагача эшитилган.

Шаҳрихондаги портлаш рўй берган ҳусусий шифохона.
Шаҳрихондаги портлаш рўй берган ҳусусий шифохона.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлгани, оқибатда етти киши яраланганини маълум қилган.

Вазирлик қурбонлар ҳақида маълумот йўқлигини билдирган. ФВВ эълон қилган суратларда шифохона биноси деярли вайрон бўлгани кўринади.

Портлаш рўй берган шифохона ходимларидан бири, Озодликка портлаш оқибатида 57 ёшли бемор аёл ҳалок бўлганини айтди.

"1966 йилда туғилган бемор аёл ҳалок бўлди, қутқарув ишлари олиб бориляпти, яраланганларни олиб чиқишяпти, уларнинг аниқ сонини билмаймиз", деди шифохонанинг исми очиқланмаслигини истаган ходими.

Ҳодиса оқибатида яраланганларнинг аксари бемор ва шифокорлардир. Улар туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилган, жароҳати қанчалик жиддий экани, ораларида аҳволлари оғирлари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумот йўқ.

Шаҳрихондаги портлаш рўй берган шифохона атрофи ўраб олинган.
Шаҳрихондаги портлаш рўй берган шифохона атрофи ўраб олинган.

11 февраль куни ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим ҳамда йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселекторда қатнашган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳрихондаги портлаш ҳақида гапирмади.

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Тиббиёт бўлими мулозими Озодликка “Зитерия” хусусий шифохонасидаги портлаш юзасидан изоҳ беролмаслигина айтди.

"Чунки бу шифохона бизни тасарруфимизда эмас", - деди мулозим.

Шаҳрихон туманида яшовчи шифокор ва блогер Отабек Ахлиддиновнинг Озодликка айтишича, “Зитерия” хусусий шифохонаси стационар ётиб даволанувчи беморлар учун ҳам мўлжалланган.

"Унча катта бўлмаган хусусий шифохона. Баъзилар қатнаб даволанади, ётиб даволанадиганлар ҳам бор. Бу портлаш тиббий хизмат тижорийлашиб, беморлар хавфсизлиги четда қолиб қолаётгани муаммосини ўртага чиқарди. Газ ускуналари қай аҳволда ишлайди, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниб келинган, саволлар кўп", - дейди Ахлиддинов.

Ўзбекистонда газдан нотўғри фойдаланиш натижасида портлаш ва ёнғинлар содир бўлиб турадиган ҳодисадир.

Газ таъминотидаги узилишлар сабабидан ҳам баъзида портлашлар бўлган. Газ йўқлиги оқибатида қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланилади.

Яқин дақиқаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати вазиятнинг янги тафсилотларини эълон қилиши кутиляпти.

Айни дамда воқеа жойида вазирликнинг вилоят бошқармаси қутқарувчилари ишламоқда.

Бу сўнгги икки ой ичида юз берган иккинчи йирик портлашдир.

Ўтган йил 7 декабрига ўтар кечаси Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги “Инденим” савдо мажмуасида ўюз берган портлаш оқибатида, расмий маълумотларга кўра, икки киши нобуд бўлган, тўққиз киши жароҳат олган.

Расмийлар портлашга сизиб чиққан газнинг бино ичида тўпланиши сабаб бўлганини айтишиб, террор хуружига оид тахминларни рад этишган.

Портлашдан сўнг ҳодиса юзасидан айбланган Денов шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи ва “Ҳудудгаз”нинг икки нафар ходими ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG