Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:54

Олмаотада Нукус воқеаларига алоқадор кўрилган икки қорақалпоқ фаоли ҳибсга олинди


Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.
Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Қорақалпоғистонда июль ойи бошида рўй берган оммавий норозилик намойишлари юзасидан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида камида икки қорақалпоғистонлик фаол ҳибсга олинган.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг Озодликка маълум қилишича, фаоллар Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетов 13 сентябрь куни уйларидан олиб кетилган.

"Бизда диаспора маркази бор. Соат 19:00 атрофида ўша марказга бир аёл мурожаат қилиб, Жангелди Жаксимбетовни патрул олиб кетганини айтди. Мен уни фақат сиртдан танийман. Бир неча соатдан кейин Қўшқарбай Тўремуратов ҳам қўлга олингани маълум бўлди, у соат 22: 00 да ҳибсга олинган, уни ўзбекистонлик ходимлар уйидан олиб кетишди”, — деди Оқилбек Муратов.

Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Қўшқарбай Тўремуратов.
Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Қўшқарбай Тўремуратов.

Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси Қалия Мангибаева Озодлик билан суҳбатда эрига Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси - “Конституциявий тузумга тажовуз” (159-модда) ва “Жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш” (244-модда) бўйича айблов қўйилганини айтди.

“Кеча кечқурун граждан формаси кийган одамлар ҳеч қандай ҳужжат ва ордер кўрсатмасдан эримни олиб кетди. “Икки соатдан кейин қўйиб юборамиз” деб айтишди. Кейин хўжайнимни ўзи телефон қилиб, менга 159 ва 244-моддани қўйишяпти, Ўзбекистонга экстрадиция қилишади, деб айтди.”, - дейди Қалия Мангибаева.

Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Жангелди Жаксимбетов.
Қозоғистонда ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Жангелди Жаксимбетов.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳибсга олинганини ҳануз изоҳлагани йўқ.

Озодлик мухбири чоршанба куни эрталаб Олмаота шаҳар полиция бошқармаси билан боғланишга уринди, бироқ жавоб ололмади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Ивашенко “бўлган воқеадан хабари йўқлигини” айтди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ҳам Озодликнинг ёзма сўровини жавобсиз қолдирди.

Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси Қалия Мангибаева 14 сентябрь куни турмуш ўртоғи билан учрашув сўраб Олмаота шаҳар Ички ишлар бошқармасига борганида унинг талаби рад этилган.

“Эрим Олмаота шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида ушлаб турилибди экан, учраштиришмаяпти. Улар айтаяпти, эримни Ўзбекистон 8 августдан халқаро қидирувга берган, 1 сентябрда ҳибсга олиш ҳақида сўров олинган экан. Эрим бу ерда Ўзбекистон паспорти билан яшаган”, - дейди Қалия Мангибаева.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг Озодликка айтишича, ҳибсга олинган фаоллар Олмаотада узоқ вақтдан бери яшаб келишади.

“Ҳар иккаласини оиласи, фарзандлари шу ерда, яшаб, ишлайди, лекин ватани билан яқин алоқада. Ўзбекистондаги воқеаларни илк кунларданоқ кузатиб боряпмиз ва ўз позициямизни билдириб келамиз. Лекин, бу ердаги қорақалпоқ диаспорасининг Қорақалпоғистонда бу қадар катта сондаги аҳолини кўчага олиб чиқадиган даражада салоҳияти йўқ. Бизнинг назаримизда Ўзбекистон ҳукуматининг Конституциядаги Қорақалпоғистон мақомии ўзгартириш уриниши аслида норозиликларга туртки бўлди”, - дейди Оқилбек Муратов.

Озодлик Қорақалпоғистондаги воқеалардан уч кун ўтиб Қозоғистонда фаоллар Ички ишлар бўлимларига чақиртирилиб сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар берган эди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Андижон қатлиомидан кейинги энг қонли воқеа

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Норозилик намойишлари ортидан беш юздан зиёд киши қўлга олингани ҳақда хабар қилинганди. Ўтган ҳафта қамоққа олинган гумонланувчилардан 34 нафари уй қамоғига чиқарилгани билдирилди.

Бу чора Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганаётган комиссия аъзоларининг таклифи ва Қорақалпоғистон парламентининг илтимосномасига кўра амалга оширилгани айтилди.

Айни пайтда Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда гумонланиб, қанча одам ҳисбда сақланаётгани, улар орасида хориждан ушлаб олиб келингарлари ҳам бор-йўқлиги хусусида аниқ расмий маълумот йўқ.

Нукус воқеалари ва "ташқи кучлар"

Нукусдаги воқеаларни ўрганаётган комиссия аъзоларидан бири Аъзам Фармонов Озодлик билан суҳбатда Нукусдаги воқеаларда Қозоғистондаги қорақалпоқларнинг ҳам роли бўлганини айтади.

"Мен Қозоғистонда қўлга олинганлар, уларнинг Нукусдаги воқеаларга алоқаси қанчалик экани ҳақида маълумотга эга эмасман. Лекин, шуни айтишим мумкинки, Қозоғистонда, Россиядаги қорақалпоқ диаспораси вакиллари фейк, ясама ахборотларни тарқатиб, одамлар ғазабини қўзотиш билан шу воқеаларда рол ўйнаган. Ҳозир ҳам қарасангиз тармоқларда гиж-гижлаб ўтирганларни кўпчилиги Қозоғистондан", - дейди Аъзам Фармонов.

Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев воқеаларда “ташқи кучлар”ни айблаган. Мирзиёевга кўра, оммавий норозилик намойишларини ташкиллашга ташқи кучлар томонидан йиллар давомида тайёргарлик кўрилган.

"Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган.

Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган", - деган президент Мирзиёев 6 июль куни.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.

Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG