Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Имомлар ҳам мажбурий обунага жалб қилинди


Ўзбекистондаги масжидларда намозга келганлардан мамлакатдаги даврий нашрларга обуна бўлиш сўралмоқда. Имомлардан бири Озодлик билан суҳбатда обуна учун пул йиғиш топшириғи Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасидан берилганини айтди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Эски қовунчи” масжидига намозга келганларга даврий нашрларга обуна бўлиш сўралмоқда.

Бу ҳақда масжидга доим бориб турадиган янгийўллик Шарифжон Озодликка сўзлаб берди:

- "Аҳли жамоат, обуна бўлинглар", деяпти имом. Ўтмаган, ҳеч ким ўқимайдиган газеталарга бизни 30 минг, 60 минг сўм тўлаттириб обуна қилдиряпти. Имомни айтишича, обуна бўлмасак масжидни ёпишар экан, - дейди Шарифжон.

Шарифжон иддаосига кўра, масжидга келувчилар Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовнинг янги чиққан “Тафсири Ирфон” ва “Муҳаммад пайғамбар васиятлари” китобини 50 минг сўмдан сотиб олишга ҳам мажбурланмоқда:

- Муфтийнинг китоби чиққан экан, унга 50 минг сўм. Масжидга борсангиз шу китобни олишга ва обунага пул беришга мажбур қиляпти-да. Донаси 50 минг сўм, шу китобни ўқимасам ҳам олдим. Масжид ҳудди тиланчи ташкилотга айланиб қолган. Кўпчилик у ерга боришга безиб қолган, - дейди Шарифжон.

“Эски қовунчи” масжиди имоми Баҳодир Мадумаров Озодлик билан суҳбатда намозга келганларга муфтий китобларини сотиб олиш ва газета-журналларга обуна бўлишлари ҳақида гапирганини тасдиқлади.

Лекин, имом ҳеч кимни бунга мажбурламаганини айтди.

- Биз фақат одамларни обунага ташвиқот қиляпмиз. "Халқ сўзи" газетаси, “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обуна бўлинглар, деб эълон қиляпмиз холос. Мажбурлаш йўқ бизда. Ёзиладиганлар ёзиляпти, зўрлаш йўқ. Муфтийни китоби ҳам шу. Уни олинглар, деб мажбурлаётганимиз йўқ. Ичидаги бир-иккита чиройли сўзларини ўқиб бериб, шу китобларни келганларга тавсия этамиз холос. Хоҳлаганлар олишади, - дейди “Эски қовунчи” масжиди имоми.

Озодликнинг жойлардаги манбаларига кўра, мамлакатнинг бошқа масжидларда ҳам обуна авжида. Хоразмнинг Хива шаҳридаги масжидлардан бирининг имоми Озодлик билан суҳбатда обуна бўйича Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасидан "қатъий топшириқ" олганини айтди:

- Бизга бир миллион 300 минг сўм атрофида обуна плани топширилган, шунинг учун масжидга келувчилардан пул йиғиляпти. Агар пул етмаса обуна режасини эҳсон пулларидан тўлдирамиз, - деди хивалик имом.

Ўзбекистонда ўз ўқувчисини топа олмаган нашрларга бюджет ташкилотларида мажбурий обуна ҳар йили кузатилади.

Масжидларда эса бу хол илк бор кузатилмоқда.

- Одамлар имомларни айтганини қилишга одатланиб қолган-да. Энди шу тепадагилар ўтмай қолган газета ва китобларни сотишда имомларни ишга солаётган бўлиши мумкин. Лекин, имомлар қиладиган ишидан чалғиб почталён бўлиб қоляпти-да, - дейди янгийўллик Шарифжон.

Озодлик Ўзбекистонда нега обунага мажбурланиш ҳолатлари борлиги юзасидан изоҳ сўраб, “Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига боғланди.

Ташкилот матбуот хизмати ходимаси Озодлик билан суҳбатда обуна мажбурий эмаслигини айтди, лекин давлат ташкилотларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар доирасида рўйхатлар тузилиб, обуна қилдиришлар бўлаётганини инкор этмади:

- Маърифий-маданий ишлар доирасида обуна уюштираётган бўлиши мумкин. Чунки, мажбурламаса, ҳеч ким газета олиб ўқимаяпти-да. Лекин, қайтариб айтаман, мажбурий обунага бизнинг ташкилотнинг алоқаси йўқ, - деди “Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамияти матбуот хизмати ходимаси.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси эса масжидлардаги обуна ташвиқотлари ҳақида изоҳ бермади.

“Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига кўра, Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.

"Даракчи", "Ҳордиқ", "Сўғдиёна" каби нашрлар энг бозори чаққон газеталар ҳисобланади.

Лекин, бу нашрлар мажбурий обуна қилинадиган нашрлар рўйхатида йўқ.

XS
SM
MD
LG