Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Рустам Азимов Россиядан мева-сабзавот учун "яшил коридор" очишни сўради


14 сентябрда Москвага сафар қилган Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов етакчилигидаги делегация Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун "яшил йўлак" очиб бериш таклифи билан Россияга мурожаат қилди. Бу таклифни Москва қабул қиладими-йўқми? Қабул қилса, "яшил йўлак" қачондан очилади? Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Айни пайтда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида 3 йилга мўлжалланган лойиҳа иш бошлаганини эълон қилди.

Ўзбекистон «Яшил йўлак» сўрамоқда

Ўзбекистон Россияга Федерал божхона хизмати (ФТС) ва Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) тизимлари бўйича маҳсулотларни олиб киришда енгиллик яратиб бериш илтимоси билан чиқди.

Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Екатерина Попованинг Озодликка айтишича, бундай ташаббус Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов томонидан Россия қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачев билан учрашув чоғида кўтарилди.

- Ўзбекистон тарафи Россия ФТСи ва Россельхознадзори тизимлари бўйича маҳсулотларни енгиллаштирилган тартибда божхона ҳамда фитосанитария текширувидан ўтказиш, яъни “яшил йўлак” ташкил этиш юзасидан келишим тузишни таклиф қилди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди. Музокараларда Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон вакиллари, Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги департаментлари раҳбарлари, Россия ФТС бошлиғи муовини Александр Попов, Россельхознадзор раҳбари Сергей Данкверт ва Россиянинг қатор савдо вакиллари иштирок этди, деди Екатерина Попова.

Томонлар ижобий ҳолатлар билан бирга, ўзбек маҳсулотларини Россия ички бозорига етказиб беришда бир қатор қийнчиликлар ҳам пайдо бўлаётганини таъкидлашган.

Шундан сўнг Ўзбекистон томони Ўзбекистондан Россияга олиб келинаётган маҳсулотларга “яшил йўлак очиш” таклифини киритган.

“«Яшил йўлак» яқинда ишга тушиши мумкин”

Бу масала юзасидан Озодликка қўшимча маълумот берган Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати раҳбари муовини Алексей Алексеенко “яшил йўлак” тушунчасига таърифлар экан, бундай деди:

- Бу дегани, биз ҳамкор тарафдан назорат бўйича қўшимча кафиллик олиб, ўзаро ишонч асосида иш бошлаймиз. Яъни, биз чегарада юкларни фақат оралатиб текширамиз. Натижада текширув жараёни тезлашади ва маҳсулотларнинг сифати ошади, истеъмолчига етиш муҳлати камаяди. Бу жисмоний шахслар олиб кираётган юкларга тегишли эмаслигини таъкидлаб ўтишим зарур. Жисмоний шахслар ўз маҳсулотларига фитосанитария сертификатларига эга бўлиши шарт, деди Россельхознадзор расмийси.

Алексей Алексеенкога кўра, ўзбекистонликлар билан Россияга етказиб берилажак товарларнинг хавфсизлиги ва сифати таъминланишини етказувчи томон ўз зиммасига олиши тўғрисида келишилган.

У келишувлар амалга кўчиши муддатлари масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

- Бу масалада муддатлар ҳақида гапириш жуда қийин. Аммо музокаралар анчадан бери давом этаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, кечаги учрашув унинг стратегик йўналиш эканини яна бир бор тасдиқлаб берди. Ишонаманки, яқин орада ҳамкорлигимиз реал натижа беради, деди Россельхознадзор раҳбари муовини Алексей Алексеенко.

Қатор Ғарб мамлакатларига озиқ-овқат эмбаргоси эълон қилган Россия ички бозорини тўлдириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериши мумкин бўлган янги минтақаларга юзланган эди.

Жорий йилнинг июлида Россия қишлоқ хўжалик вазирлиги расмийларининг катта гуруҳи Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида иштирок этганди. Ўша учрашув давомида икки тараф Ўзбекистондан келаётган маҳсулотларнинг чегарадаги карантини ва бож тўловларининг қимматлигини қайд этган, бу тўсиқларни бартараф этиш истагини билдирган эди.

Россия Федерацияси қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачёвнинг баёнотига таяниб хабар қилинишича, жорий йилда Ўзбекистондан Россия бозорига олиб келинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми ўтган йилдагига қараганда 2 мартага кўпайган,

USAID Ўзбекистонда қовунчилик ва узумчиликни ривожлантиришга кўмаклашмоқда

Айни пайтда, АҚШнинг Халқаро тараққиёт бўйича агентлиги (USAID) Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида уч йилга мўлжалланган лойиҳа иш бошлаганини эълон қилди. 14 млн доллар турувчи бу режага кўра, мамлкатнинг 12 вилоятидаги 33 туманда қовун ва бошқа полиз экинлари, узум ва бошқа мевалар сифати ҳамда ҳосилдорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.

Лойиҳа очилиши Тошкентдаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар берган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Л.Спратлен лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги бозор муносабатларини ривожлантириш ва шу соҳага оид илмий-ўқув даргоҳлари ўртасидаги алоқаларни тиклашга қаратилганига эътибор қаратди.

XS
SM
MD
LG