Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:42

OzodDayjest - Меҳнат вазири: Ўтган 25 йилда бизда тракторчи ҳам қолмади


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.

4 июнь куни Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва натижалар” мавзуига бағишланган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев иштирок этиб, мамлакат меҳнат бозоридаги бугунги аҳвол тўғрисида бир қатор маълумотлар берди.

ЎзА ахборот агентлигининг вазирнинг айтганларига таяниб хабар қилишича, шу кунда Ўзбекистонда 16 минг нафар киши ишсизлик нафақасини олмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 2,5 минг кишини ташкил этган.

"Шерзод Кудбиевнинг маълум қилишича, вазирлик шу вақтгача ишсизлик нафақасини тўлашни тамомила унутган эди. Мамлакат бандлик тизимида ўтган йиллардан бугунги кунга катта муаммолар мерос бўлиб қолган", деб хабар қилди ЎзА.

Шу кунда 2,5 миллион ўзбекистонлик хорижда ишлаши,. мамлакатнинг 19 миллион аҳолиси ишга яроқли ҳисобланади.

"13 миллион 400 минг киши расмий ва норасмий равишда иш билан таъминланган. Шунингдек, мамлакатимизда айни пайтда 1 миллион 391 минг нафар ишсиз мавжуд", деб хабар қилди ЎзА.

Айни пайтда kun.uz ЎзА келтирган маълумотларни ҳам берар экан, бундай ёзди:

"Шерзод Қудбиевнинг айтишича, Ўзбекистонда бандликнинг таркибий ҳолати яхши эмас. 13,5 млн меҳнат қилаётган фуқародан атиги 40 фоизи расман ишлайди, қолганлар эса норасмий шаклда ўз фаолиятини юритади" - (таъкид Озодликники).

Сайт Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиевнинг мана бу гапларини берган:

“Бу меҳнат қонунчилигидаги ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони бермаяпти. Бизга, қанчалик аччиқ бўлмасин, шундай мерос қолди. 25 йилда шундай аҳволга тушиб қолдикки, ҳатто замонавий комбайн ёки тракторларни бошқара оладиганларни топиш қийин бўляпти.

Яна бир нарса, ўтган йилларда ишсизларга ишсизлик нафақаси қонунда белгиланганига қарамай берилмаган. Бугунги кунда ишсизлик нафақасини 16 минг одам оляпти. Ишсизлик нафақаси олувчилар ўтган йилга нисбатан 7 фоизга кўпайди”.

ЎзАнинг яна хабар қилишича, матбуот анжумани давомида Шерзод Қудбиев мана бу маълумотни ҳам очиқлаган:

“Айни дамда мамлакатимизда ветеринар, тикувчи, тракторчи яъни механизаторчилар етишмайди. Ҳозирда Ўзбекистонда 1 миллион 391 минг нафар ишсиз мавжуд. Бироқ, 150 мингта бўш иш ўрини учун малакали ва шу билан бирга оддий ишчилар етишмаяпти”.

XS
SM
MD
LG