Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Ўзбекистонда "Маҳалла вазирлиги" тузилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни имзолаган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга биноан, бундан буён Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига раислик қилади.

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари эса, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига раислик қилади.

Кенгаш ва “Маҳалла” фонди бошқарув вертикали – вилоят, шаҳар, туман босқичларида ҳам шу формула сақланиб қолади. Яъни, масалан, вилоят ҳокими Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашига раислик қилади. Вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари эса, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлимига раислик қилади.

Дўхтири ва машинаси бор вазирмақом раис

“Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш борасидаги шарт-шароитларига кўра – вазирга, Республика кенгаши раисининг ўринбосари – вазир ўринбосарига тенглаштирилади”, дейилган Президент фармонида.

Қарорнинг юридик тилини жайдари ўзбекчага ўгирсак, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси ўз мақомига кўра вазирга, бинобарин, у бошқарадиган “Маҳалла” фонди эса, вазирликка тенглаштирилди.

“Маҳалла” фонди ва унинг раиси мақомини бу қадар кўтариш зарурати ва Президент фармонидан сўнг унинг фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлишига доир Озодлик саволларига Фонднинг бир неча мулозими “фармонни шарҳлашга ваколати йўқлигини” рўкач қилиб, жавоб бермади.

“Маҳалла” - бош тарбиячи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига Шарҳда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;

жамиятида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш каби мақсадлар маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилангани айтилган.

25 йил муқаддам тузилган ташкилот

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 12 сентябрдаги «Республика «Маҳалла» хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони билан “юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилот” эди.

Фонднинг ташкилий тузилмаси ҳам шу пайтгача бошқача – унинг раиси вазир мақомига кўтарилган эмасди.

Васийлик кенгаши “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг олий органи бўлиб, унга Бошқарув ҳайъати, Бошқарув ҳайъатига эса, Бошқарув раиси бўйсунар эди. Фонднинг Республика бошқарувчида техник ходимлардан ташқари 29 штат бирлиги бўлган.

Кимга эрга тегишни биладиган “Маҳалла”

Ўтган 25 йил давомида Жамғарма ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир соҳасига аралашди ёки аралашишга ҳаракат қилиб келди. Масалан, ҳар йили мамлакатда умумхалқ ҳашарлари уюштириш ташаббуси айнан шу ташкилотдан чиққани айтилади,

ёки “Маҳалла” ўзига ўхшаш бошқа ташкилотлар билан фуқароларнинг шахсий ҳаётига таъсир ўтказишга, хусусан қизларни кимга бериш мумкину кимга мумкин эмаслиги тўғрисида тавсиялар берди,

ёҳуд ўзбек тўйларида келин-куёв қандай рақсга тушиш мумкину қай рақсга тушмаслик кераклигини ҳам “Маҳалла” жамғармаси ўз вақтида айтди.

Жамғарманинг жамғармаси

“Маҳалла” хайрия жамғармасининг 9- бобида ташкилотнинг мулки ва уни шакллантириш тартиби белгилаб қўйилган.

Унда бошқа бир қатор манбалар қатори умумхалқ ҳашарларидан келиб тушадиган пул маблағлари кўрсатиб ўтилган.

Жамғарма фаолиятига оид Озодлик берган хабарлар ва ёритган мақолалардан айнан шу манбани – умумхалқ ҳашарларини Жамғарманинг асосий молия манбаси, деб тушуниш мумкин.

Бу фикрга Озодликка 2016 йилда келиб тушган ҳужжат мисол бўла олади. Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимининг “Бошқармалар, корхоналар, ташкилотлар, банклар, жамоат ташкилотлари ва барча ўқув юрти раҳбарларига” хатида 2016 йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашаридан тушган пул маблағларини “Маҳалла” фондига ўтказиш буюрилган.

Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимининг хати
Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимининг хати

Эндиликда эса,

яъни Президент Мирзиёевнинг фармони билан бундан 25 йил олдин жамоат ташкилоти сифатида ташкил этилган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан омухталашиб кетадиган кўринади.

Ҳар ҳолда, Фонд ва унинг бўлимларига Бош вазир ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари раислик қилишидан ташқари, Фармоннинг 8- бандида 2018 йилнинг 1 декабригача вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини қуриш ёки борларини таъмирлаш ва уларда “Маҳалла” фондининг бўлинмаларини жойлаштириш чораларини кўриш топширилган.

XS
SM
MD
LG