Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:02

Қайси бири тўғри: O'zbekiston, O’zbekiston, O`zbekiston ёки Oʻzbekiston?


Cehfnда «ў» ва «ғ» ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси қандай ёзилганига эътибор қаратинг: «Assalom navroʻz!» ва «Oʻzbekiston davlat sanʼat muzeyi».
Cehfnда «ў» ва «ғ» ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси қандай ёзилганига эътибор қаратинг: «Assalom navroʻz!» ва «Oʻzbekiston davlat sanʼat muzeyi».

Ёзувнинг зер-забарига эътибор берадиган синчков сайтхон, албатта, сарлавҳа замиридаги "юмор"ни дарров илғади: гап 4 марта ёзилган "Ўзбекистон" сўзидаги "Ў"ни "Ў" қилган тутуқ белгиси устидадир. Белгилари, демадик. Белгиси, дедик. Чунки 4 вариантдан биттасидагина "Ў" "Ў" дир.

Етакчи ўзбек википедиячиларидан бири, ёш тадқиқотчи Нодир Отаевнинг латиница асосидаги ўзбек ёзувининг айрим муаммоларига бағишланган мақоласини "кириллми-лотин?" баҳси авжига чиққан шу кунларда эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Нодир бошлаб бераётган мавзуни давом эттирмоқчи мутахассислар учун сайтимиз доим очиқ.

***

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонун бундан қарийб 25 йил олдин - 1993 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган. Аммо янги ёзувга ўтиш жараёни ҳалигача ўз якунига етгани йўқ. Янги ёзувда муаммолар, ноаниқликлар бисёр. Шу сабабданми ё бошқа сабаблари борми, ҳар ҳолда, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг 2008 йилги янги нашри кирилл ёзувида нашр қилинди.

Янги ёзувда энг катта ноқулайликларни «ў» ва «ғ» ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси келтириб чиқаради. Ҳозирги кунда ушбу ҳарфларни ёзишда қабул қилинган белгилар ўрнига турли-туман белгилар ишлатилмоқда.

Кўпчилик «ў» ва «ғ» ҳарфларини ҳамда тутуқ белгисини ёзишда инглизча апострофдан (Юникод коди U+0027) фойдаланади, масалан: o'zbek, ma'no.

Айримлар эса, ўнг якка қўштирноқ (Юникод коди U+2019) ишлатади: o’zbek, ma’no.

Яна баъзилар эса, кескин урғу белгисидан (Юникод коди U+0060) фойдаланади ва o`zbek, ma`no, деб ёзади.

Ваҳоланки, буларнинг барчаси хато. Аслида oʻzbek, maʼno ёзилиши керак.

«Ў» ва «ғ» ҳарфлари

Ўзбек лотин ёзувида «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзиш учун Полинезия халқлари тилларида ишлатиладиган, окина деб аталувчи белгига ўхшаш белгидан фойдаланиш керак. Ўзбек тилидаги белгини окина деб атай олмаймиз, чунки унинг вазифаси бошқачароқ.

Ўзбек лотин ёзувида «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда ёки ёзувни ўзгартувчи тескари вергул (ингл. modifier letter turned comma) (ʻ) (Юникод коди U+02BB), ёки чап якка тирноқ (ингл. left single quotation mark) (‘) (U+2018) қўлланилиши керак. Қайси белги ишлатилиши кераклиги расман белгиланмаган. Шундай бўлса-да, Unicode Consortium сайтида ўзбекча „ў“ ва „ғ” ҳарфларини ёзиш учун ёзувни ўзгартувчи тескари вергул ишлатилиши керак, дейилган.

Бу белгилар ўртасидаги фарқни аксар шрифтларда англаб бўлмайди:

Ўзбекча Википедия ва бошқа баъзи бир сайтларда ёзувни ўзгартувчи тескари вергул ишлатилади. Аксар давлат сайтлари эса чап якка тирноқни ишлатади. Қайси белги ишлатилиши кераклиги расман белгилангунича, ҳар икки белгидан фойдаланиш мумкин. Асосийси, ишлатилган белги чизиқдан юқорида ёзилган, тешиги бўялган 6 рақамига ўхшаши керак (6). Кўп шрифтларда бу 180 градусга айлантирилган вергулга ўхшайди.

Тутуқ белгиси

Ўзбек лотин ёзувида тутуқ белгисини ёзишда ёки ёзувни ўзгартувчи апостроф (ингл. modifier letter apostrophe) (ʼ) (U+02BC), ёки ўнг якка тирноқ (ингл. right single quotation mark) (’) (U+2019) қўлланилади. Қайси белги ишлатилиши кераклиги расман белгиланмаган. Unicode Consortium сайтида тутуқ белгисини ёзиш учун ёзувни ўзгартувчи апостроф ишлатилиши керак, дейилган.

«Ў» ва «ғ» ҳарфлари мисолидагидек, ёзувни ўзгартувчи апостроф билан ўнг якка тирноқ ўртасидаги фарқни аксар шрифтларда кўз билан англаб бўлмайди:

Ўзбекча Википедия ва бошқа баъзи бир сайтларда ёзувни ўзгартувчи апостроф ишлатилади. Аксар давлат сайтлари эса ўнг якка тирноқни ишлатади. Асосийси, ишлатилган белги чизиқдан юқорида ёзилган, тешиги бўялган 9 рақамига ўхшаш бўлишига эътибор қаратиш керак (9). Кўп шрифтларда бу қатор юқорисида ёзилган вергулга ўхшайди.

U+02BB билан U+02BC маъқулми, ёки U+2018 билан U+2019?

Ўзбек лотин ёзувида «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда ёзувни ўзгартувчи тескари вергул (U+02BB) ишлатилган жойда тутуқ белгисини ифодалаш учун ёзувни ўзгартувчи апострофдан (U+02BC) фойдаланиш керак. Мос равишда, «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда чап якка тирноқ (U+2018) ишлатилса, тутуқ белгисини ўнг якка тирноқ (U+2019) ёрдамида ёзиш керак. Бу икки гуруҳ белгининг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Улар билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин:

Қайси белгилар сизга маъқул келишидан қатъи назар, ўбек лотин ёзувида «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда 180 градусга айлантирилган вергул ва тутуқ белгиси учун чизиқ тепасида ёзилган вергулга ўхшаш белги ишлатинг. Инглизча апостроф (') ва `, яъни кескин урғу (ингл. grave accent) белгисидан фойдаланиш эса мутлақо хатодир.

Расмий қонун чиқарилгунича, ҳар ким хоҳлаган белгисини ишлатишда давом этади. Қуйида айрим ўзбекча сайтлар асосан қайси белгилардан фойдаланиши кўрсатилган.

Нодир ОТАЕВ

XS
SM
MD
LG