Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Ўзбек жанггариларидан иборат Имом Бухорий катибаси АҚШнинг "қора рўйхати"га киритилди


Шайх Салоҳиддин ўлдирилиши ортидан унинг ҳужумчи кийимидаги сурати тарқатилди.
Шайх Салоҳиддин ўлдирилиши ортидан унинг ҳужумчи кийимидаги сурати тарқатилди.

АҚШ 22 март куни Суриядаги ўзбек жанггариларидан иборат Катибат ал Имом Бухорий гуруҳини “глобал террорчилар қора рўйхати”га киритди.

АҚШ давлат департаментининг билдиришича, рўйхатга тиркалиш ортидан жанггари гуруҳнинг АҚШ юрикдикциясида бўлган мулклари мусодара қилинади, америкаликлар билан гуруҳ ўртасидаги молиявий муносабатлар тақиқланади.

Давлат департаменти расмий билдирувида Катибат ал Имом Бухорий ўзбек жанггариларидан ташкил топган гуруҳ, деб таъкидланади. Бу гуруҳ “Жабҳат ан-Нусра” сафида туриб жанг қилади.

2015 йилнинг декабрида Катибат ал Имом Бухорий гуруҳи ёш болаларни қурол қўллашга ўргатаётгани, 2017 йилнинг апрелида эса, қуролланган эркаклар қандай жанг қилаётгани тўғрисидаги видеоларни интернет орқали тарқатган эди.

Озодлик радиоси ўтган йилнинг май ойида Имом Бухорий" катибасининг етакчиси Шайх Салоҳиддин номи билан танилган асли наманганлик Акмал Жўрабоев ўз сафдоши томонидан ўлдирилгани, унинг ўрнини тожикистонлик Абу Юсуф эгаллагани тўғрисида хабар қилган эди.

Хабарларга қараганда, катиба таркибидаги жангариларнинг тахминий сони беш юз нафардан ортиқроқдир.

Қуйидаги мақолани Озодлик 2017 йилнинг 1 майида эълон қилган эди.

“Имом Бухорий” катибасининг ўлдирилган ўзбек амири ўрнига янгиси тайинланди

Сурияда ўз сафдоши томонидан ўлдирилган "Имом Бухорий" катибасининг етакчиси Шайх Салоҳиддин ўрнини тожикистонлик Абу Юсуф эгаллади. Бу ҳақда Озодликка Суриядаги жангари гуруҳларнинг бир-биридан мустақил бир нечта вакили маълум қилди. Ўзбек жангарилари орасида Шайх Салоҳиддин номи билан танилган асли наманганлик Акмал Жўрабоев "Имом Бухорий" катибаси асосчиларидан бири эди.

Салоҳиддиннинг ўлдирилиши

Суриядаги жангари гуруҳлар вакилларига кўра, 43 яшар Шайх Салоҳиддин ўтган пайшанба, 27 апрель куни Суриянинг шимоли-ғарбидаги Идлиб шаҳридаги масжидда 6 қуролдош шериги билан шом намозини адо этаётган пайтда ўзи бошчилик қилган катиба аъзоси томонидан отиб ташланган.

Ҳодисада Шайх Салоҳиддиндан ташқари яна уч жангари ҳалок бўлган, икки нафари яраланган.

Ҳужумчи ҳодиса жойидан қочишга муваффақ бўлган.

Айни куннинг ўзида "Имом Бухорий" катибаси Шайх Салоҳиддин жонига қасд қилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилди ва у ҳақда маълумот берганларга 1 миллион Cурия фунти (тахминан 4,700 АҚШ доллари) миқдорида мукофот пули ваъда қилди.

"Имом Бухорий" катибасининг ўлдирилган лидери Шайх Салоҳиддин

"Ислом давлати" экстремист гуруҳи ҳужум унинг асосан марказий осиёлик жангариларидан ташкил топган "Хуросон" қаноти томонидан режалаштирилгани ва амалга оширилгани ҳақида баёнот тарқатди.

"Кеча "ал-Бухорий"ни амири Шайх Салоҳиддин ҳамма қилган сотқинликларига... яраша шаръий жазосини олди," - дея таъкидланади Telegram тармоғи орқали тарқатилган баёнотда.

"Ислом давлати" Шайх Салоҳиддин ўлими учун маъсулиятни ўз зиммасига олди

28 апрель куни тушликдан сўнг "Имом Бухорий" катибаси жангарилардан бири Озодликка қотилнинг қўлга туширилганини маълум қилди:

"Бизнинг жамоат сафарбарлик эълон қилиб, бугун (жума куни) ушлади. Ҳужум қилган йигитнинг исми Жобир. У кириб-чиқиб юрган уйни бизнинг болалар босишган. Босишганда уй ичидан 12 та аёл ва 10та эркак чиққан. Давлага ("Ислом давлати" назоратидаги ҳудудлар - Озодлик изоҳи) кетаётган оилалик ўзбек ва тожиклар бўлган," деди катиба жангариси.

Наманганлик шайх

Шайх Салоҳиддин аслида Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида улғайган Акмал Жўрабоевдир.​

Шайх Салоҳиддин Сурияда 2011 йилда фуқаролар уруши бошланишидан кўп ўтмай асос солинган “Имом Бухорий” гуруҳига илк кундан бошлаб то ўлдирилгунига қадар бошчилик қилди.

"Имом Бухорий" гуруҳига Толибон раҳбариятининг рухсати билан асос солинган.

“Имом Бухорий” катибаси ўз веб сайтида 2016 йил 19 июль куни Толиблар ҳаракатининг янги раҳбари Мавлавий Мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзодага байъат берганини эълон қилганди.​

Сўнгги йилларда катиба раҳбари ўзининг диний, сиёсий маърузалари билан интернет фойдаланувчиларига танилди.

Агар, шайх Салоҳиддиннинг ўз видеомурожаатларида қилган иддаоларига ишонилса, у Сурияга йўл олишдан аввал узоқ муддат Афғонистонда бўлган.

Толибларнинг бир қанча лидерлари билан ҳам учрашган.

Хусусан, ўтмишда унинг Толиблар етакчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашгани ҳақида маълумотлар бор.

Шайх Салоҳиддиннинг бир ўғли 2015 йилда Ҳалабда ҳалок этилганди.

Янги муваққат раҳбар

Суриялик ўзбек жангари гуруҳларида бўлганларнинг Озодликка маълум қилишларича, айни куннинг ўзида катибага Абу Юсуф тахаллусли жангари муваққат раҳбар тайинланган.

Суриядаги ўзбек жангари гуруҳлари фаолиятини кузатиб борувчи Истанбулдаги ўзбек журналистининг айтишича, Абу Юсуф ўзбек жангарилари орасида диний саводга эга қўмондон сифатида танилган.

"Бу йигит ҳақида кўп нарса маълум эмас. Унинг охирги пайтларда Идлиб вилоятида президент Асад армияси ва бошқа исёнчи гуруҳларга қарши бир нечта амалиётга бошчилик қилгани маълум. Ҳарбий стратег сифатида обрў қозонган. Унинг диний билимга эга бўлгани ҳам айтилади," деди исми ошкор этилишини истамаган журналист.

Доимий раҳбарнинг номи яқин келажакда эълон қилиниши кутилмоқда.

Суриядаги ўзбек жангарилари

Ҳозиргача Сурия ва Ироқ ҳудудида ҳаракатланаётган ўзбек жангариларининг 3та гуруҳи маълум.

Булардан бири - 27 апрелда раҳбари ҳалок этилган “Имом Бухорий” катибасидир.

Туркиядаги ўзбек журналистининг айтишича, катиба таркибидаги жангариларнинг тахминий сони беш юз нафардан ортиқроқдир.

Уларнинг аксари ўзбекистонлик экани ҳақида тахминлар бор.

Яна бир ўзбеклар гуруҳи “Тавҳид ва Жиҳод”дир.

Гуруҳ аъзоларининг аксар қисми қирғизистонлик ўзбеклар экани тахмин қилинади.

2014 йилда гуруҳ етакчиси – асли ўшлик Абу Салоҳ “Жабҳат ан-Нусра” ва бу гуруҳнинг онаси бўлган – “Ал-Қойда”га байъат берганини эълон қилганди.

Иккала гуруҳ ҳам Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол.

Ҳалқаро таҳлил марказлари ва Сурия, Ироқдан олинаётган хабарларга кўра, ҳар икки гуруҳ мунтазам равишда “Жабҳат ан-Нусра” сафида туриб жанг қилади.

Учинчи гуруҳ "Жабҳат ан-Нусра”нинг ашаддий душмани "Ислом давлат"ининг "Хуросон" қанотидир.

Бу гуруҳнинг на раҳбари ва на таркиби ҳақида Озодлик ихтиёрида маълумот бор.

XS
SM
MD
LG