Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

1 январдан мактаб ва боғчаларнинг қарийб 15 минг бухгалтери ишдан бўшатилади


Ўзбекистондаги 9680 та умумтаълим мактаби ва 5138 та болалар боғчасида ишлаётган бухгалтерларнинг 30-40 фоизи 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ишини марказлаштирилган бухгалтерияларда давом эттиради, қолган 60-70 фоизи ишдан бўшатилади. Бу маълумотни Озодлик Халқ таълими вазирлигидан олди.

Мамлакат президентининг жорий йил августидаги қарорига биноан 1 январдан бошлаб туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган бухгалтерия хизматлари тузилади ва шу муносабат билан мактаблар ва болалар боғчаларидаги бухгалтерлар қисқартирилади.

Таълим муассасалари бухгалтерларининг қисқартирилаётгани сўнгги бир йил ичидаги дастлабки оммавий қисқартирув эмас.

Ишсиз қолаётган бухгалтер

Тошкент вилоят, Зангиота туманида яшовчи 28 яшар Мадина - 1 январдан бошлаб ишсиз қолиши кутилаётган бухгалтерлардан бири. У тумандаги 1174 ўқувчи таълим оладиган 49-умумтаълим мактабида 5 йилдан бери бухгалтерлик қилади.

Мадина – ўрта-махсус маълумотли бухгалтер – коллежни битирган. Ўқитувчилар ва мактабнинг бошқа ходимлари маошини ҳисоблаш, мактаб билан коммунал хизмат кўрсатувчи муассасалар ўртасида шартномалар тузиш, тўловларни амалга ошириш каби вазифалар унинг зиммасида. Мадинанинг айтишича, ҳатто ўқитувчиларнинг меҳнат интизомини назорат қилиш ҳам унинг – бухгалтернинг зиммасида.

Мадинанинг 1 январдан ишсиз қолишидан хабари бор:

- Бошлиқларимиз “январдан бўшайсизлар, ўзларингга бошқа иш топинглар”, дейишди. Жуда кўп бухгалтерлар ишсиз қолиб кетаяпти, деди Мадина.

Бухгалтер Мадинанинг гапини вазирлик тасдиқлади

Зангиота туманидаги 49-мактаб бухгалтерининг “Жуда кўп бухгалтерлар ишсиз қолиб кетаяпти”, деган гапини Халқ таълими вазирлигининг масаладан хабардор мулозими бироз конкретлаштирди.

“Туманнинг катта-кичиклигига қараб, мактаб бухгалтерларининг 60-70 фоизи бўшатилади”, деди мулозим.

49-мактаб бухгалтери яқинда бўлиб ўтган бир мажлисда “тумандаги раҳбарлар ишдан бўшатиладиган бухгалтерларга ҳеч қандай компенсация берилмаслиги”ни айтди, деб шикоят қилди.

"Ишдан бўшатиладиганлар компенсация олади"

Бухгалтернинг шикоятини Озодлик мухбиридан эшитгач, вазирлик мулозими “Ишдан бўшатиладиган ҳар бир мулозим Меҳнат кодексида назарда тутилган меъёрларга биноан ишини йўқотгани учун компенсация олади”, деган гапни таъкидлаб айтди.

Советча моделга қайтув?

Туман ёки шаҳар халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган бухгалтерия бўлиши, аслида, янгилик эмас. Совет даврида мактаб қанчалик катта бўлмасин, ўзининг бухгалтерияси бўлмас эди. Мактабларда бухгалтер лавозими Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг жорий этилган эди.

Мана энди, бугунга келиб, яна ўша эски, Советча моделга қайтилаяпти. Шундай қилинса тўғрими бўладими?

Бухгалтернинг холис фикри

Мадинадан ўзининг шахсий манфаатларини йиғиштириб қўйиб, фикр билдиришини илтимос қилдик.

“Президентимиз бу ишни маблағни тежаш учун қилаяпти. Лекин ўйлаб кўринг: битта мактабда ўқитувчилар, техходимлар бўлиб 100 дан ортиқ одам ишлайди. Мана шундай шароитда, мактабнинг ўз бухгалтери бўлса, ҳужжатлари рисоладагидай туради. Текширув келса ҳар бир саволга жавоб бера олади. Марказлаштиришса, битта бухгалтер 500-600 кишининг ойлигини ҳисоблаши керак бўлади. Улгурадими бунга? Албатта, улгурмайди”, деди бухгалтер.

Президент қарори ўзанидаги изоҳлар

Халқ таълими вазирлиги мулозими эса, бухгалтериянинг марказлаштирилиши заруратини бундай тушунтирди.

“Мактаблардаги бухгалтерияларда хато жуда кўпайиб кетди. Бунинг устига мактаблар учун яхши бухгалтерлар топиш қийин бўлиб кетди – ойлик кам. Асосан, ўрта маълумотли бухгалтерлар. 75 фоизи ўрта маълумотлилар. Талон-тарож кўпайиб кетди. Шунинг учун бухгалтериялар марказлаштирилиб, асосан олий маълумотлилар ишга олинаяпти”, деди вазирлик мулозими.

Халқ таълими вазирлигининг Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи Нодир Муротов вазирлик расмий сайтида 18 декабрь куни эълон қилган мақоласида, жумладан, бундай деган:

“Бугунги кунга қадар таълим муассасаларидаги индивидуал бухгалтерия самарали фаолият юритиши учун мактаб директори ҳам етарли даражада ҳисоб-китоб илмига эга бўлиши талаб қилинар эди. Табиийки, мактаб директорлари бу борада етарли билимга эга бўлмагач, турли қонун бузилишлари юзага келарди. Кимдир директор фонди маблағларини нотўғри тақсимлайди, яна кимдир ўз таниш-билишларига устамалар беришга интилади. Ўтган йиллар давомида бизга фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатларда айни шу мавзу кўтарилган”.

Вазирлик бошқармаси бошлиғи Нодир Муротовнинг бу гаплар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ўзанидаги гапдир.

Халқ таълими тизимида бухгалтерияни марказлаштириш давлат раҳбарининг шу қарорига биноан амалга оширилмоқда. Аслида, президент қарорига биноан, марказлаштирилган бухгалтериялар жорий йил 1 сентябридан ташкил қилиниши лозим эди. Вазирлик мулозимининг айтишича, бу ишни қарорда белгиланган муддатда амалга оширишнинг иложи бўлмади - "улгурмадилар".

Бўша-бўшалар

Таълим муассасалари бухгалтерларининг қисқартирилаётгани сўнгги 1 йил ичидаги дастлабки оммавий қисқартирув эмас.

Жорий йилнинг 29 майида президент имзолаган фармон билан “Ўзбекэнерго”нинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирлиги ҳамда “Ўзтрансгаз”нинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирлиги қисқартириладиган бўлган эди.

Ўзбекистон президенти 18 июль куни имзолаган “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда солиқ тизимини ислоҳ этишнинг устивор йўналишлари белгилаб берилди.

Озодлик 25 июлда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бошқарувининг ўрта бўғинида ишловчи мулозимга таяниб, ана шу фармон муносабати билан қўмитанинг 50 дан ортиқ мутахассиси солиқ тизимининг янги Низомини яратиш устида иш бошлагани тўғрисида хабар қилган эди.

Мулозимнинг ўшанда айтишича, 2018 йил 1 январидан кучга кириши кутилаëтган мазкур Низомга¸ солиқ инспекцияси ходимлари сонини 30 фоиздан 50 фоизгача қисқартириш режаси ҳам киритилиши мумкин эди. Бу режанинг оқибати нима бўлгани Озодликка, ҳозирча, маълум эмас.

XS
SM
MD
LG