Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Ўзбекистонда 2 мингга яқин имом "суҳбат"дан ўтказилди


Имомларни президент Мирзиёев бу йил ифторга таклиф қилган эди.
Имомларни президент Мирзиёев бу йил ифторга таклиф қилган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мамлакатда ишлаётган 2 мингга яқин имом хатиб бирма-бир суҳбатдан ўтказди. Идорадан олинган маълумотга кўра, суҳбат имом хатибларнинг илмий даражасини аниқлаб қўйиш учун ўтказилган, даражаси паст имомларга чора кўрилмайди. Аммо, буни аттестация, деб атаган вилоят имомлари, аслида, аввало имомларнинг ижтимоий-молиявий аҳволини ўнглаш лозим, демоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан олинган маълумотга кўра, 2 мингга яқин имом хатиб билан суҳбат ўтган ҳафтада якунига етган. (Тузатиш: Аввалги таҳрирда "5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиби билан суҳбат ўтказилган"и айтилган эди. Аммо, Мусулмонлар идораси сўрови билан бу маълумот "2 мингга яқин имом хатиб суҳбатдан ўтди", деб тузатилди.)

Расмий маълумотга кўра, имом ноиблари суҳбатдан ўтказилмаган.

"Тошкентда танилган имомлар ва идорамиз ходимлари вилоятдаги вакиллар билан биргаликда имомларимиз билан суҳбатлашишди. Имомларимизнинг илмий савиясини текшириб, келгусида қайси ўринда ишлатсак бўлади - шуни аниқлаб қўйдик. Мана ҳозир катта-катта илмий марказлар очиляпти. Ўша ерларга кимларни жўнатиш мумкин - шуни аниқладик", деди Мусулмонлар идорасининг Кадрлар бўлими бошлиғи Абдуманноп Усмонов.

Унинг айтишича, суҳбат чоғида имомлар савияси уч даража - намунали, қониқарли ва заиф даражада, деб баҳоланган. Келгусида даражаси заиф, деб топилган имомлар алмаштирилиши мумкин, аммо ҳозирча аниқ бир чора назарда тутилмаган.

"Ҳозир натижалар таҳлил қилинаяпти. Шартли равишда суҳбатдан ўтказилган даражаси "заиф" деб топилган имомларга бирор чора кўриш назарда тутилмаган. 10 кунлардан кейин мен сизга аниқ натижани айтиб бераман", деди идора мулозими.

Ана шундай суҳбатларда маслаҳатчи сифатида иштирок этган фарғоналик имомга кўра, аксар имомларнинг илмий даражаси "ўртадан ҳам паст экани кўриниб қолган".

"Бир имомлар бўлди - Россиянинг пойтахти қайси шаҳар, деб сўрашса, билмаяпти. Бундайларга Тошкентдан келиб диний савиянгиз паст экан, илмий даражангиз паст экан, деб кетишди. Лекин, бунақа суҳбатлар билан имомларнинг аҳволини ўзгартириб бўлмайди", деди исмини сир сақлаган фарғоналик имом.

Унинг фикрича, вилоятлар ва қишлоқлардаги аксар имомларнинг илм даражаси ҳам, маиший аҳволи ҳам "нолдан паст".

"Биринчи бўлиб, имомларнинг маиший-молиявий аҳволи "нол даражадан паст" - буни кўтариш керак. 1 миллион - 1 ярим миллион ойлиги бор - ярми солиққа ўтиб кетади. Униям банк орқали айлантирасан, дейди. Кўпи Оллоҳ учун ишлайди, ойлик олмайди. Масжидга фақат намозга киради, китоб ўқиймайдида булар. Таксичилик қилади, деҳқончилик ва бошқа тирикчилик билан банд ҳаммаси. Бўлмаса, ҳаммаси шу идоранинг мадрасасини битириб келган - илм йўқ. Диний идора буни беркитяпти, менимча", дейди фарғоналик имом.

У ўзи яшаб турган маҳалла масжидида 40 йилдан ортиқ имомлик қилгани ва "имомлар қавмининг бугунга келиб шу қадар обрўсизланиб кетганига ачиниши"ни айтди.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 минг 37 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

Мусулмонлар идорасининг мулозими Абдуманноп Усмоновга кўра, имомларнинг 80 - 90 фоизи ойлик билан таъминланган. Бу ойлик миқдори ҳар бир масжиднинг ўз даромади ва эҳсонлари ҳисобидан масжидда ишловчи жамоанинг ўзи томонидан белгиланади.

Расмий маълумотга кўра, республиканинг айрим чекка масжидларида вақф ерлари сақланиб қолган.

XS
SM
MD
LG