Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Мирзиёевга мурожаат қилган имом: "Диний идора отам орқали босим ўтказяпти"!


7 сентябр куни жума хутбасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларини президент сиёсатига хилоф равишда, мамлакат фуқароларининг Конституцияда белгиланган диний эркинликларини поймол этаётганликда айблаб чиққан Юнусободдаги "Омина" жоме масжидининг имом хатиби Фазлиддин Парпиев Озодлик билан суҳбатда мурожаатидан бир кун ўтиб диний идора отаси орқали босим ўтказаётганини айтди. Бундан олдин имом ДХХ ходимлари жума куни масжидга келиб, уни сўроққа тутгани, диний идора вакиллари эса ундан ўз чиқишидан афсус-надоматда экани ҳақида иқрор олишмоқчи бўлгани, бунга кўнмаганини таъкидлаганди.​

"Омина" жоме масжидининг 32 ёшли имом хатиби Фазлиддин Парпиев жума ҳутбасидаги чиқишида соқол ва ҳижоб борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган ва ҳукуматни виждон эркинлигини таъминлашга чақирганди.

Имом ўз чиқишидан бир кун ўтиб Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги бошқа бир масжид имоми ва қозиси бўлган отаси орқали диний идора унга босим ўтказаётганини айтди.

- Диний идора отамга мени гўёки имомликдан бўшатилганимни айтишган ва болангизни Тошкентдан узоқроққа, Андижонга олиб кетинг, деб тайинлашган. Лекин, мени ўзимга имомликдан бўшадинг деб, ҳеч ким айтмади. Фақат отам орқали бўляпти. Лекин, имомликдан бўшатилган бўлсам ҳам ҳеч кимдан ранжимайман, - деди 8 сентябр куни Озодлик билан суҳбатда Фазлиддин Парпиев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00
Бевосита линк

Сал аввал имом жума маърузасида диний идора берган тезисдан чиқиб кетиб хато қилганини тан олиши, лекин ўз мурожаатида айтган фикрида собит эканини таъкидлаган эди.

- Диний идорани ходими шу чиқишимдан кейин келиб, “тезисдан чиқиб кетиб бекор қилибсиз-да”, деди. Мен айтдим, "тўғри шу жойда хато қилдим", дедим. Бошқа томондан "ҳуқуқий хатога йўл қўйганим йўқ", дедим. У киши билан ҳал бўладиган гаплар бўлмади. Ундан кейин орган ходимлари келишди. Улар билан анчагача суҳбат бўлди, саволларига жавоб бердим. Ўзимни позициямни айтдим. Лекин, Интернетда гап-сўз тарқаб кетиб қолибди, таҳдид бўлган, деган гаплар. Унақа бўлгани йўқ. Бир паст, бир баланд чиройли мувозанатда гаплашдик, - деди "Омина" жоме масжидининг имом хатиби Фазлиддин Парпиев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00
Бевосита линк

Имомнинг Озодликка айтишича, Диний идора вакиллари ундан ўз чиқишидан афсус-надоматда экани ҳақида иқрор олишмоқчи бўлишган, лекин имом буни рад қилган.

- "Бу чиқишингиз бўйича афсусдаман, эхтиросга берилиб кетдим, хато қилдим, деган мазмунда идора учун бирон видеомурожаат қилиб бера оласизми", дейишди , "йўқ" дедим. Мен афсус-надомат қилишлик учун буни қилганим йўқ. Мен нима қилганимни билиб туриб қилдим. Мен жиноят қилмадим. Тезисдан чиқиб кетдим, лекин жиноят қилмадим. "Афсусдаман, деб айтолмайман" дедим, - таъкидлайди Парпиев.

"Омина" масжиди имомининг жума кунги мурожаати ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо берди.

Фазлиддин Парпиев ўз чиқишидан сўнг ўлим ёки қамалиш таҳдидига дуч келиши мумкинлигини айтганди.

- Мен ёмон вазият бўлишини кутгандим, лекин ундай бўлмади. Демак мени халқим, давлатим эътиборга олиб турганини ҳис қилиб турибман. Менга ҳозиргача қаттиқ сўз ишлатишгани ҳам йўқ. Имомликдан кеткизиш деган гаплар бўлмади. "Боринг масжидингизга бориб хизматингизни давом эттиринг", дейишди, - таъкидлайди имом.

Шу ўринда "Омина" масжиди имоми бузғунчи ғоядаги инсонларнинг ўзидан фойдаланишига ҳам йўл қўймаслигини айтди.

- Мен шу ерда ватанни дарди билан ёниб яшайман. Кимдир ўзини ғаразли ниятида мендан фойдаланмоқчи бўлса ва шу билан давлатга бош кўтарадиган бўлса у одам хато қилади. Мен бунга қаршиман, - дейди имом.

20 минутдан ортиқроқ давом этган видеомурожаатида Фазлиддин Парпиев президентдан мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашда халққа ёрдам беришни сўради.

Тошкентлик имом президент Мирзиёевга бўлган ишонч унга бундай видеомурожаат билан чиқишга ундаганини билдирди.

"Омина" масжиди имомининг видеомурожаати ҳукуматнинг ягона мактаб формасини жорий этиши ортидан ўқувчи қизларнинг рўмол ўрашига қўйилган чекловлар юзасидан норозиликлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

Фазлиддин Парпиев бир ой муқаддам Тошкент шимоли-шарқидаги “Омина” жоме масжидига имом этиб тайинланган эди.

Андижонлик Фазлиддин Парпиев 2005-2011 йилларда Мадина шаҳридаги Ислом универститети, 2012-2016 йилларда эса Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олган.

XS
SM
MD
LG