Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:54

Ҳажга велосипедда отланган Ҳусан Чайка Туркманистон чегарасидан қайтиши мумкин


Наманганнинг Чортоқ туманидан Ҳаж сафарига велосипедда йўлга чиққан 75 яшар Ҳусан Ҳожибоев билан Озодлик 6 июн куни у 138 километрли Бухоро-Чоржуй автойўлининг 3- километрида кетаётган вақтда боғланди.

Чортоқдан 2 июн тонгида йўлга чиққан Ҳусан Ҳожибоевнинг Озодликка айтишича, у кетаётган ҳудудда қаттиқ шамол эсаётгани туфайли, Туркманистон чегарасига 7 июн оқшомида ёки 8 июн эрталаб етиб бориши мумкин.

Қишлоқдошлари орасида Ҳусан Чайка деган лақаб билан танилган бу серғайрат оқсоқол билан узанги устидаги суҳбатдан унинг Ҳаж ибодатини адо этиш орзуси амалга ошмай қолиш хавфи борлиги маълум бўлди.

Ҳажга велосипедда кетаётган Ҳусан Ҳожибоев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00
Бевосита линк

Сафарнинг дастлабки 4 куни

- Бухоронинг кунчиқиш томонидаман, Чоржўйга қараб йўл олдим, деди Ҳусан Чайка Озодлик боғланган сонияда.

Озодлик зиёратчи билан биринчи марта у Чортоқдан чиқиб, Ангрен шаҳрига етиб келган пайтда боғланган эди.

Ортда қолган 4 кунда у Оҳангарон, Ғаллаорол ва Зарафшон туманларидан ўтганини айтиб берди.

Ҳусан Чайканинг айтишича, у бир мартагина – Қамчиқ довонининг Танга топди деган жойигача велосипедини машинага ортиб келиб олган, ундан буёғини фақат велосипедда босмоқда.

Виза қани, виза?

Ҳусан Чайка Озодликнинг визаларингиз борми, деган саволига дадил “визам бор, ҳужжатларим бор”, деб жавоб берди.

- Нечта мамлакатнинг визасини олгансиз? Масалан, Туркманистоннинг, Эроннинг визасини олганмисиз?

Озодликнинг бу саволига Ҳусан Чайканинг жавоби сарлавҳага чиқарганимиз шубҳани пайдо қилди:

- Йўқ, йўқ, йўқ. Дунё бўйича барча ҳорижий давлатларга чиқиш ҳуқуқига эга, деб печат босиб беришди, деди ғурур билан Ҳусан Ҳожибоев.

Ўзбекистондан "чиқиш визаси" бошқа мамлакатларга кириш имконини бермайди
Ўзбекистондан "чиқиш визаси" бошқа мамлакатларга кириш имконини бермайди

75 га кирган оқсоқол бундай ёзув Ўзбекистон маъмурлари 2 йил муҳлатга берадиган “чиқиш визаси” аталмиш мамлакатдан чиқишга рухсатнома эканлигини билмаган кўринади.

Оқсоқол билан суҳбатдан Саудия Арабистони ва унгача босиб ўтиладиган мамлакатларга кириш визаси йўқлиги аён бўлди.

"Маҳалладан справка" ёки "Вазирлар Маҳкамасидаги учрашув"

Лекин Ҳусан Ҳожибоевнинг ишонч билан айтишича, барча ҳужжатлари жойида:

- Менда дўхтирдан, маҳалла қўмитасидан, милициядан беайб, нуқсонсиз одам эканлигимни тасдиқловчи ҳужжатларим етарли, деди ҳожи.

“Беайб, нуқсонсиз” эканлигига ҳужжатлари борлигига қарамай, Ҳусан Ҳожибоев, айтишича, ҳар эҳтимолга қарши, сафарга чиқиш олдидан “Вазирлар Маҳкамасига” ҳам учраган.

- Паспортимга дунё бўйича барча ҳорижий давлатларга чиқиш ҳуқуқига эга, деб печат босиб беришдию лекин мен ишонмасдан Вазирлар Маҳкамасининг хонадонига бордим. 9- қаватдан Нуриддин Маҳмудов деган одам пастга тушди. Суҳбатлашдим. Агар мен йўлдан қайтадиган бўлсам, биринчидан чиқимдор бўламан, иккинчидан обрўйим тўкилади, учинчидан меҳнатим зое кетади, дегандим, у “Сиз транзит бўлиб кетаверасиз. Агар сизни спорт федерацияси орқали жўнатадиган бўлсак, Ҳаж қилдим, дея олмай қоласиз” деди, ответственний бўлиб, иккита телефонини, фамилиясини ёзиб берди, деди Ҳусан Ҳожибоев.

Оқсоқолдан “ответственний бўлган Нуриддин Маҳмудов” берган телефон рақамларини сўрадик.

- У киши ёзиб берган қоғоз уйда қолиб кетибди. Тошкентга кийиб борганим костюмимни ечиб, йўлга бошқа костюмимда чиқувдим, деди Ҳусан Ҳожибоев.

У киши берган информация “Нуриддин Маҳмудов”нинг кимлигини билиш ва уни топиш учун етарли эмас.

Зиёратчи оқсоқолга визаларингиз жойида эмасга ўхшайди, ноумид бўлиб қолманг, дедик.

“Йўқ, ҳаммаси жойида. Божини тўлайман. Беайб, бенуқсон одамлигимни тушунтираман, ўтказиб юборишади”, деди ишонч билан Ҳусан бобо.

Самақандга велозиёрат

Чортоқлик 75 яшар оқсоқол велосипедда биринчи марта узоқ сафарга чиқаётгани йўқ. У ўтган йил сентябр ойида Чортоқдан Самарқандгача бўлган 520 км йўлни велосипедда босиб, президент Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиб қайтган эди.

Ҳусан Ҳожибоевнинг зиёрати тўғрисидаги Озодлик хабарини ўнлаб Интернет нашрлар кўчириб босганидан сўнг, оқсоқол машҳур бўлиб кетганди.

Facebookда Ҳусан бобонинг Самарқандга велосипедда қилган зиёратини “кичик ҳаж”га тенглаштирганлар бўлган, бир гуруҳ энтузиастлар пул йиғиб, у кишига янги велосипед совға қилганди.

XS
SM
MD
LG