Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:55

HRW вакили Стив Свердлов: Ўзбек тили жудаям ёқимли тил


Стив Свердлов
Стив Свердлов

Инсон ҳуқуқлари халқаро Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов ўзбек тилини чуқурроқ ўрганишга киришди. У ўзбек маданиятига қизиқиши ва нима учун ўзбек тилини ўрганиш муҳимлигини Бишкекда журналист Санжар Эралиевга айтиб берди.


- Стив, тўғрисини айтсам, сизнинг ўзбекча билишингиз менга янгилик бўлди. Қачон ва нима сабабдан бу тилга қизиқиш ортди?

- Ўзбек тили жудаям ёқимли тил. Уни ўрганиш осон. Умуман менга ўзбек маданияти ёқади. Урф-одатларини, ҳаёт тарзини билишим учун ўзбек тилини ўрганишни лозим деб топдим.

- Қачон бошладингиз ўзбекча ўрганишни?

- Мен 1996 йилдан 2010 йилгача Тошкентда ишладим. Одамлар билан гаплашишим, алоқа қилишим керак эди. Шунинг учун ўргана бошладим ва бу тил менга жуда ёқиб қолди. Умуман олганда, менга Ўзбекистон жуда ёқади. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий жойларида бўлдим. Чиройли, жуда таъсирландим. Лекин Фарғона водийсига борганим йўқ, албатта бормоқчиман. Мен тўрт йилдан бери Бишкекда ишлаяпман ва бу ерда мен учун ўзбек тилида гаплашиш имкони йўқ. Лекин мен ўзбек тилини унутишни истамайман, мукаммал билмоқчиман. Шунинг учун ўқитувчи изладим ва топдим. Ҳозир астойдил ўқияпман.

- Тўрт йилдан бери Бишкекда бўлсангиз, унда қирғиз тилини ўрганиб олгандирсиз?

- Афсуски йўқ. Чунки, унчалик эҳтиёж сезмадим. Қирғизстонда рус тилини билсангиз, одамлар билан алоқа қилишда муаммо бўлмайди. Мен русча яхши гапирганим учун қирғизча ўрганмадим. Лекин Ўзбекистонда ўзбек тилини билиш керак. Сабаби, рус тили Тошкентда роль ўйнаши мумкин, ҳудудларда одамлар билан алоқа қилишга ўзбек тилини билиш зарур, деб ўлайман.

- Сиз ишлайдиган ташкилот делегациясига 7 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга киришга рухсат берилди. Сафар қачонга режалаштириляпти?

- Биласизми, бу янгилик жуда ёқимли бўлди. Ўзбекистон давлати билан, ҳукумати билан, умуман ўзбекистонликлар билан ҳамкорликда ишлаш биз учун шарафли. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдормиз ва ҳамкорлик узоқ давом этади, дея ишонамиз. Бизнинг режага кўра, Тошкентга шу йилнинг августида бормоқчимиз.

- Human Rights Watch ташкилоти Тошкентда идора очиши мумкинми?

- Бу саволга менда ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Балки музокаралар давомида бу борада бирор ечимга келармиз. Агар очилса, биз хурсанд бўламиз.

- Ўзбекистонда янги давр бошланди, деб айтиляпти. Сиз янги даврни чиндан ҳам сезяпсизми?

- Ҳа, янги давр бошланди. Узоқ йиллар қамоқда ётган сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқа бошлаши кўп ижобий ўзгаришларга умид пайдо қилмоқда. Ҳалқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар буни олқишлади. Ўзгаришлар давом этади, деб ишонамиз. Чунки, инсон ҳуқуқлари борасида қилиниши керак бўлган ишлар анчагина.

Human Rights Watch ташкилотининг қайта Ўзбекистонга бораётгани, BBC радиосининг ўзбекистонда таҳририяти яна қайта тикланаётгани одамни хурсанд қилади.“Озодлик”, “Америка овози” ҳам Ўзбекистон ичида ишлай бошлайди, деган умиддамиз. Биз ҳамиша ҳалқаро ҳамкорлик, ўзаро тушуниш ва тинчлик тарафдоримиз.

- Инсон ҳуқуқлари борасида олға жилишлар борлигини ва қилиниши керак бўлган ишлар мавжудлигини айтдингиз. Фикрингизни далилласангиз...

- Албатта. Дейлик, аввал пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиларди ва халқаро ташкилотлар бунинг катта муаммо эканини айтиб келарди. 2013 йилдан бошлаб бу муаммо озайгани ва сўнгги йилларда ҳокимият бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилаётганини сезяпмиз. Лекин катталарнинг меҳнатидан мажбурий фойдаланиш каби мисоллар бор. Бу ҳам аста-секин ўз ечимини топишиги ишонч пайдо бўлди. Яқиндан бери сўз эркинлиги борасида ўзгаришлар бор. Буни биз маҳаллий оммавий ахборот воситалари мисолида кўряпмиз ва бу бизни хурсанд қиляпти.

- Албатта, биз ҳам яхши томонга ўзгаришларнинг ривожидан умид қилиб қоламиз. Суҳбатни яна шахсий савол билан давом эттирмоқчиман. Сизнинг мусиқага қизиқишингиз ҳақида маълумотим бор. Инсон ҳуқуқлари борасида ишлаб, мусиқани ташлаб қўйганингиз йўқми?

- Мусиқани яхши кўраман. Бўш пайтимда пианино чаламан. Анча-мунча куйлаб тураман. Ўзбекистон маданиятига қизиқишимни ва у менга жуда ёқишини айтиб ўтдим. Юлдуз Усмонова жуда ёқади. Эшитишимча, Тошкентда жаз жанрида фаолият юритганлар бор экан. Улар билан учрашишни, танишишни истайман. Бишкекда жаз анча ривожланган. Қирғизстон пойтахтида жаз фестивалида менинг шу ерда ташкил қилган жаз гуруҳим иштирок этди. Мен нафақат сиёсат ва инсон ҳуқуқларини, балки мусиқани ҳам ўрганишни истайман.


Стив Сиз тингловчи учун инглиз тилида қўшиқ куйлаб берди, уни қуйида тинглашингиз мумкин:

Стив Свердлов Озодлик тингловчилари учун ижро этган қўшиқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:29 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG