Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Избосканда ҳусусий ширкатга 3 минг доллар тўлаб Ҳажга отланганлар зиёрати барбод бўлди, пулини ҳам ололмаяпти


Дин ишлари қўмитасига кўра, бу йил 7200 нафар ўзбекистонлик Ҳажга борган.
Дин ишлари қўмитасига кўра, бу йил 7200 нафар ўзбекистонлик Ҳажга борган.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида ҳусусий сайёҳлик ширкатига 3 минг АҚШ доллари тўлаб, Ҳажга боролмаганлар пулларини қайтариб ололмаётганликлари ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Маълум бўлишича, 27 нафар избосканлик тумандаги "Коинотга саёҳат" ширкатига икки ой олдин Ҳажга бориш учун ҳар бири 3 минг АҚШ доллари тўлаган, лекин Саудия Арабистони сайёҳлик визаси бермагани боис, сафар амалга ошмаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси​ аҳолига фақат ҳукумат йўналиши бўйича Ҳажга боришни тавсия қилмоқда.

Андижоннинг Избоскан туманида яшовчи исми сир қолишини сўраган 69 ёшли отахон Озодлик билан суҳбатда икки ой аввал Ҳажга бориш учун “Коинотга саёҳат” ширкатига 3 минг АҚШ доллари миқдорида пул тўлагани, лекин сафар амалга ошмагани, пулини ҳам қайтариб ололмаётганини айтди:

- Ҳукумат линияси бўйича кетиш учун олти йил аввал навбатга ёзилган эдим. Навбатим ўтиб кетибди. Мана бу йил сайёҳлик ширкатлари орқали кетиш имкониятлари пайдо бўлди, шунга 3 минг доллар тўлаб 27 киши кетмоқчи бўлдик. Сайёҳлик фирмаси "виза ололмадик", деди. Энди бир умр Ҳажга йиққан пулимизни ҳам қайтариб ололмаяпмиз.

Озодлик Ҳажга сафари амалга ошмай қолган избосканликларнинг шикояти юзасидан “Коинотга саёҳат” ширкатига боғланди.

Ширкатнинг исмини айтмаган ходими Саудия Арабистони сайёҳлик визаси бермагани учун сафар барбод бўлгани, лекин тўланган пуллар мижозларга тўлалигича қайтариб берилишини ваъда қилди:

- Дубайдаги сайёҳлик ширкати билан шу зиёратни уюштирмоқчи бўлдик. Лекин виза ўхшамади. Ўзбекистондан жуда кўп одамга виза бериб юборишган экан бизга беришмади. Шунинг учун ҳозир Дубайдаги ширкатдан биз пулларни қайтариб олишга ҳаракат қиляпмиз. Озгина сабр қилишса албатта қайтариб берамиз.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайёҳлик ширкатлари ҳам аҳолига Умра ва Ҳаж сафарларини уюштиришни бошлаган.

Избосканликлар ҳусусий сайёҳлик ширкатлари Ҳаж сафари учун таклиф этаётган нархлар ҳукуматникидан қарийб икки баравар арзон, бундан ташқари йиллаб навбатга туришнинг кераги ҳам йўқлигини айтишади.

- Айнан шунинг учун биз шу ширкат йўналиши бўйича бу йил Ҳажга кетмоқчи бўлгандик-да, чунки ҳукумат йўналиши бўйича 6 минг АҚШ долларига тушяпти, олти йил олдин навбатга турган бўлсак ҳам навбатимиз келмаяпти, - дейди Ҳажга 3 минг АҚШ доллари тўлаб, кетолмай қолган избосканликлардан яна бири.

Аҳолиси 32 миллионга яқинлашган Ўзбекистон учун Ҳаж зиёрати квотаси қарийб 40 фоизга оширилган.
Аҳолиси 32 миллионга яқинлашган Ўзбекистон учун Ҳаж зиёрати квотаси қарийб 40 фоизга оширилган.

​Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси мулозими Нусратилла Нодиров сўнгги йилларда Ўзбекистонда айрим ҳусусий сайёҳлик ширкатлари ҳам Ҳаж сафарларни таклиф этаётгани ва бунга қонуний тўсиқ йўқлигини тасдиқлайди, лекин шундай бўлса-да, аҳолини бундай ширкатлар ваъдаларига алданиб қолмасликка чақиради:

- Арзонга учиб алданиб қолаётганлар кўп бўляпти. Шунинг учун фақат ҳукумат йўналиши бўйича Ҳажга боришларини тавсия қилган бўлар эдик. Чунки Саудия Арабистони Ўзбекистонга қанча одам юбориш бўйича квота беради ва шу квота бўйича сафарни юз фоиз биз амалга оширамиз. Визаси, ётар-турари, овқати, суғуртаси ҳаммаси ичида бўлади. Лекин, туристик ширкатлар одамларни пулини олиб, нималарни ваъда қиляпти, биз билмаймиз. Шунинг учун кўпчилик алданиб қоляпти.

Аҳолиси 32 миллионга яқинлашган Ўзбекистон учун Ҳаж зиёрати квотаси ўтган йили қарийб 40 фоизга оширилди.

Дин ишлари қўмитасига кўра, бу йил 7200 нафар ўзбекистонлик Ҳажга борган.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида айрим фойдаланувчилар Ҳаж зиёрати учун навбат бир неча йилларга чўзилаётгани, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилаётганини даъво қилишади.

Лекин, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси мулозими Ҳаж зиёратини уюштиришда порахўрлик ва коррупция борлигини қатъиян рад этди.

XS
SM
MD
LG