Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:01

OzodTa'sir: ЎФФ "Малибу"лар билан боғлиқ барча тўловларни ўз зиммасига олганини билдирди


Uzbekistan - UFF
Uzbekistan - UFF

Ўзбекистон Футбол федерацияси ўз сайтида 23 февраль, кеч соат 20.30 да Озодликнинг 22 февраль кунги мақоласи юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Озодликнинг "Осиë чемпиони бўлган ëш футболчилардан президент совға қилган "Малибу" учун пул сўралмоқда" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақоласига Ўзбекистон Футбол федерацияси (Ассоциацияси) раддиясида жумладан, бундай дейилган:

“Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мазкур хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилади. Футболчиларга топширилган “Малибу” автомашиналари Президентимизнинг совғалари бўлиб, бу автомашиналар учун қандайдир тўлов талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Озодлик ўз мақоласида Ўзбекистон футбол ассоциацияси мулозимининг совға қилинган машиналар учун 10 минг доллар талаб қилинаётгани тўғрисидаги гаплари қаторида мана бу гапини келтирган эди:

“Шу пайтгача бирор нафар футболчи ва тренер ҳам машина ҳужжатларини олмаган”.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг баёнотида “автомашиналар расмийлаштирилиб бўлган”, деган аниқ-тиниқ баёнот йўқ, раддияга автомобилларнинг ўз эгаларига расмийлаштириб берилгани ҳақида бирорта ҳужжат баёнотга илова қилингани йўқ.

Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов Озодлик суҳбатлашган маҳаллий спорт журналистига "Малибу"ларни расмийлаштириш учун тўловлар масаласини ҳал қилишга ҳаракат қилаётганини айтган.

Озодлик Ўзбекистон футбол федерациясининг исми сир қолишини сўраган мулозими билан Федерация баёноти эълон қилинганидан сўнг, яъни 23 февраль кечқурун яна боғланди.

Унинг айтишича, Озодликнинг 22 февраль кунги мақоласидан сўнг Федерацияда бесаранжомлик бошланган.

Федерация вице-президенти Умид Аҳмаджонов футболчиларга автомобилларни ҳайдаб юрмасликни буюрган:

“Бу гап Мирзиёевнинг ўзига етиб борган ва Федерация раҳбарлари ундан эшитганини эшитган. Кеча Умид Аҳмаджоновнинг ўзи ҳеч қайси ўйинчидан пул олмаслик ҳақида топшириқ берган”, деди мулозим.

Қуйида Озодликнинг 22 феврал кунги мақоласини ўқишингиз мумкин:

***

Осиë чемпиони бўлган ëш футболчилардан президент совға қилган "Малибу" учун пул сўралмоқда

Ёшлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган ўзбекистонлик футболчи ва мураббийлардан президент совға қилган ҳар бир “Малибу” автомобили учун 10 минг доллардан тўлаш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка шахси сир қолишини истаган Ўзбекистон Футбол федерацияси мулозими хабар қилди. Футбол соҳасида ишлайдиган бошқа мулозим ҳам автомобилларни сотган фирмага пул ўтказилмаганлиги учун футболчиларга берилган автомобиллар ҳозиргача расмийлаштирилмаганини билдирди.

Жорий йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати ғолиблари - Ўзбекистон U23 терма жамоаси аъзоларини президент Шавкат Мирзиёев Chevrolet Malibu русумидаги автомобиль билан тақдирлаган эди.

Мирзиёев футболчилар ғалабасини олқишлар экан: "Бу футболни ман очиқ гап, ўзим қулга олганман. Ичини тозаладик. Ҳамма коррупцияни тозалаб ташладим. Ҳаммасига ўзим янги Малибу беряпман" - деди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, президент совғасини олиш учун соврин соҳибларидан автомобиль нархининг 30 фоиздан ортиғини тўлаш талаб қилинган.

“Ёшлар жамоамиз ғолиб бўлиб қайтганидан сўнг, президент 21 футболчини оқ “Малибу” ва тўрт нафар мураббийни қора “Малибу” билан тақдирлаган эди. Лекин икки кундан кейин, федерация вице-президенти Умид Аҳмаджонов “кимки машина ўзида қолишини истаса¸ 10 минг АҚШ долларидан федерацияга қайтариши керак¸” деб айтди. Шу пайтгача бирор нафар футболчи ва тренер ҳам машина ҳужжатларини олмаган”, деди исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Шахси сир тутилишини сўраган футбол мураббийларидан яна бирининг айтишича, орадан қарийб бир ой ўтган бўлса ҳам автомобиллар пули уларни сотган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган "DRIVER'S VILLAGE" автосалонига ўтказилмагани боис, футболчи ва тренерлар машиналарни ўз номларига расмийлаштира олмаган.

“Ҳозир ҳам Тошкентда “Чемпион” деб ёзилган, аммо давлат рақами йўқ “Малибу”ларни кўп учратиш мумкин. Инспекторлар ҳам ҳурмат юзасидан уларни тўхтатмайди. Чемпионлар жамоасидаги танишимнинг айтишича, токи ўша 10 минг долларни тўламаса, ҳужжатлар расмийлаштирилмас экан. Машинани ўзларинг олмоқчи бўлсанг бу пулни тўланглар, ёки машинани сотиб тўланглар, дейишаяпти”, деди мураббийлардан бири.

Озодлик 22 февраль куни "DRIVER'S VILLAGE" автосалони телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермагани боис¸ автосалон бошқарувчилари билан боғлана олмади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг воқеа тафсилотларидан яхши хабардор мулозими Озодликка одатда бундай совғалар харажатини уларни бошқарадиган спорт федерациялари кўтариб келганини билдирди.

“2016 йилги Олимпиада ғолибларига совға қилинган “Малибу”лар харажатини ўша пайтдаги Миллий олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усмонов кўтарган эди. У ўзининг фирмасидан дарҳол автосаноатга пул ўтказиб берган ва спортчилар эртаси куни машина ҳужжатларини олган эди. Бу йил ҳам президент топшириқ берди, лекин Ўзбекистон Футбол федерацияси раиси Очилбой Раматов бу пулнинг ҳаммасини бергиси келмаган кўринади. Шунинг учун у пулнинг бир қисмини футболчиларнинг бўйнига қўйган ва машина нархининг 30 фоизини ундиришни федерация вице-президенти Умид Аҳмаджонов зиммасига юклаган”, дейди мулозим.

Озодлик мухбирининг бу иддаоларга муносабат олиш мақсадида 22 февраль куни Ўзбекистон Футбол федерацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан боғланишга уринди. Аммо федерация расмийлари Аҳмаджоновнинг Бирлашган араб амирликларида хизмат сафарида эканини айтиб¸ унинг мобил телефонини беришдан бош тортди.

Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийси Равшан Ҳайдаров эса¸ давлат мулозимлари ҳам маҳаллий ва хориж журналистлари билан очиқ гаплашишга ўтаëтган бир пайтда¸ "хориж радиоси бўлган Озодликка гапирмаслиги"ни айтиб¸ бу хабарларга муносабат билдиришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG