Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:00

Финляндия парламенти ҳукуматнинг Ўзбекистонга қурол сотганидан норози


 Sako TRG снайпер милтиғи
Sako TRG снайпер милтиғи

Финляндия парламенти ўз ҳукуматига Ўзбекистон ва Турманистонга қурол сотганидан норозилик билдирмоқда. Депутатлар “инсон ҳақлари доимий бузилаётган диктаторлик мамлакатлар”га снайпер милтиқларини сотилиши сабабларини мамлакат бош вазиридан тушунтиришни талаб қилди. Ҳукумат “вазият назорат остида экани” ҳамда Финляндия ўзи ўрнатган экспорт сиёсатини бузмаганини таъкидламоқда.

Финляндия ҳукумати танқид остига олинди

Финляндия парламенти Ўзбекистон ва Туркманистонга қурол-аслаҳа етказилгани масаласида тушунтириш бериш талаби билан мамлакат ҳукуматига мурожаат қилди.

Куни-кеча Парламентнинг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси “Яман можароси”да иштирок этаётган араб мамлакатларидан ташқари снайперлик милтиқларнинг “Марказий Осиёдаги диктаторлик режимга эга мамлакатларга” экспорт қилинганидан хавотир билдирди.

Бундай хавотирларнинг пайдо бўлишига Финляндия пойтахтида чиқадиган Helsingin Sanomat газетасида чоп этилган мақола сабаб бўлгани айтилди.

Газета мухбирлари, жумладан, 2015 йилнинг июн ойида финнларнинг Sako заводларидан Туркманистонга 3 турдаги милтиқлар синов учун юборилганини аниқлади.

Газета маълумотларига кўра, мамлакат Мудофаа вазирлиги аллақачон Ўзбекистонга жами 150 дона снайпер милтиғи ва унга зарур бўлган аслаҳа етказиб бергани, Туркманистонга 50 дона ўқотар қурол ва унга зарур бўлган 100 минг дона ўқдон экспорт қилган. Ваҳоланки 2012 йилда Финляндия ўқотар қуролларни Туркманистонга экспорт қилишдан бош торган экан.

Шунингдек, парламент вакиллари Қозоғистонга ҳам снайпер милтиқлари ва бошқа ҳарбий аслаҳа экспорт қилинишидан норози эканини расман билдирди.

Helsingin Sanomat нашри келтирган график
Helsingin Sanomat нашри келтирган график

Мақолада Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг даҳшатли” экани, “сиёсий сабабларга кўра қамалганларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани”, “ҳуқуқ фаоллари ва мухолиф журналистларга нисбатан қатағонлар давом этаётгани” айтилади.

“Вазият назорат остида”

Снайперлар милтиқлари сотилган пайтда ҳукуматни бошқариб келган бош вазир Юха Сипила бу иддаоларга жавобан ҳукумат қурол-яроқ экспорти билан боғлиқ ҳар бир вазиятни алоҳида ўрганиб чиқишини маълум қилди.

Озодлик Финляндия Бош вазири Юха Сипилага мазкур вазият борасида изоҳ беришни сўраб, мурожаат қилди. Ҳукумат матбуот хизмати Бош вазир бу масалада маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали расмий жавоб бергани ва ортиқча маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Бу масалада YLE радиосига махсус берган интервьюсида Юха Сипила ҳукумат инсонпарварлик принципларидан чекинмаганини тушунтиришга уринди.

- У ерда сиёсат ўзгарган эмас. Финляндия ҳукумати ҳар бир вазиятни халқаро шартномалар асосида алоҳида ўрганиб чиқади. Шунингдек, бу масалада бошқа Европа давлатлари амалларини кузатиб бормоқдамиз. Биз бу мамлакатларда инсон ҳақлари соҳасида ўзгариш рўй берсагина ўз позициямизни билдирамиз, деди Бош вазир.

Юха Сипила Марказий Осиё давлатларига ҳарбий аслаҳа экспорт лицензияси у ҳукуматга келишидан олдин берилгани ва юзага келган вазият учун жавобгарлик фақат унинг бўйнида эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўз ўрнида Финляндия Мудофаа вазири Юсси Ниинистё жамоатчилик томонидан уларга билдирилаётган шубҳаларни рад этиб, Ўзбекистонда вазият мураккаблигича қолаётганини тан олсада, «умуман олганда сўнгги йилларда Ўзбекистон бу масалада барқарорлиги, шу сабабли снайпер милтиқлар инсон ҳуқуқлари бузилиши билан ишлатилмаслиги»га ишонч билдирди.

Финляндия – қурол-яроқ экспорт қилувчи энг йирик мамлакатлардан

Финн милтиқларининг Ўзбекистон ва Туркманистонга экспорт қилинишини қаттиқ танқид остига олган Финляндия собиқ Ташқи ишлар вазири Эркки Туомиоя мамлакат Шимолий Альянс принципларидан чекиниб бораётганини билдирди.

Дунёда қўрол-яроқ экспорт қилувчи мамлакатлар қаторида 13 ўринда турган Финляндия Марказий Осиёдан ташқари Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Қувайтга ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа етказиб беради. Яман можаросида иштирок этаётган давлатларга қурол-аслаҳа етказиб берилаётгани ҳам Финляндия ҳукуматига айбга қўйилди.

Маълумки, Финляндия ҳарбий техника сотишда охирги бир йилда ўз даромадини 146 миллион еврога ошириб, 376 миллион еврога етказган.

Жума, 28 октябр куни Финляндия парламенти ҳукуматдан қурол-яроқ экспорти масаласида расмий жавоб олиши кутилмоқда. Расмий жавобда ҳукумат бошлиқларидан Марказий Осиё мамлакатлардаги сиёсий вазият борасида ҳисобот бериш ҳам талаб қилинди.

Эслатиш жойизки, бугунга келиб Европа Ҳамдўстлиги давлатларида 2005 йилнинг май ойида «Андижон воқеалари»дан кейин Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилинган санкциялар 2009 йилда бекор қилинган.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи деярли барча халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда бу соҳадаги ҳолат яхши томонга ўзгармаётганини қайд этиб келади.

Жумладан, Freedom Houseнинг “Оламдаги эркинлик” рейтингида 2016 йилда Ўзбекистон сўз эркинлиги энг бўғилган 10 мамлакат сирасига киритилди ва 197-ўринга қўйилди. Ҳисоботдан келиб чиқилса, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда фақат Шимолий Корея ва Туркманистондагидангина яхшироқдир.

Ташкилот аввалги йилларда ёйинлаган ҳисоботларда ҳам Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича доим “ёмонларнинг ёмони” бўлган мамлакатлар қаторидан жой олиб келди.

XS
SM
MD
LG