Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Ўқитувчилар чопиқда, ҳукумат яна 3,3 миллион тонналик ҳосилга кўз тикмоқда


Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқларига қарамай, Ўзбекистонда бу йил ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари ғўза чопиғига жалб қилинмоқда. Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида давлат идора ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари ғўза чопиғи ва яганасига сафарбар этилди. Айни пайтда ҳукумат бу йил ҳам пахтадан 3 миллион 300 минг тоннадан ортиқ ҳосил олиш ниятида.

Шу кунларда Ўзбекистонда деярли барча тиббий муассасалар, таълим масканлари ва бошқа ташкилотларга ҳашарчиларни далага жўнатиш топшириғи берилган.

Андижоннинг Жалақудуқ тумани, Ойим қишлоғидаги мактаблардан бирида ишловчи мактаб ўқитувчисининг Озодликка айтишича, улар ишдан ҳайдалиш ҳақидаги таҳдидлар билан пахта чопиғига ва яганага чиқарилган:

Мактабимизда мажлис қилиб, раҳбаримиз “ҳамма яганага” деди. Оқ куйлак, галстук тақиб борсак, “шу куйлакда чопиққа чиқасан”, деб олиб чиқиб кетиб қоляпти, мажбурлаб. “Агар чиқмасанг ишдан кетасан, олий маълумотли бўласанми, ўрта-махсусми, чопиққа чиқмасанг ўрнингни бўшатиб қўявер, янги кадрлар келяпти”, деб қўрқитяпти. Ишимизни йўқотиб қўймайлик, деб чиқяпмиз-да. Текин мардикорга айланиб қолдик, - дейди андижонлик ўқитувчи.

Ишчи-хизматчиларнинг баҳорги дала ишларига жалб қилиниши нафақат Андижонда балки бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда.

Жиззах вилояти пахта далаларида ҳам шу кеча-кундузда ғўза чопиғи давом этмоқда.

Лекин, бу йилги чопиқ мавсумида мактаб ўқувчиларининг далага олиб чиқилаётгани ҳақида маълумот йўқ.

- Ўқувчиларни чиқармаяпти, лекин ўқитувчиларнинг ҳаммаси чиқариляпти. Олдинига чопиқ деди, кейин ягана. Кузда пахта терамиз, - дейди жиззахлик ўқитувчи.

Вилоят халқ таълими бўлими расмийлари ўқитувчиларнинг дала меҳнатига жалб этилаётганини рад этишмаяпти.

- Фермерларимизни ўзлари уддалай олишмаяпти. Уларга ёрдам берайлик, деб кўнгилли равишда ҳамма далага чиқяпти. Фақат ўқитувчилар, ўқувчиларга қатъиян маън этилган, - деди Андижоннинг Жалақудуқ тумани халқ таълими бўлими мулозими.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақида олган мажбуриятларига қарамай давлат ишчиларининг дала меҳнатига жалб этилиши ҳар йили кузатилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақида олган мажбуриятларига қарамай давлат ишчиларининг дала меҳнатига жалб этилиши ҳар йили кузатилади.
Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақида олган мажбуриятларига қарамай давлат ишчиларининг дала меҳнатига жалб этилиши ҳар йили кузатилади.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда ҳукуматнинг арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқарилаётганининг асосий омили эканини айтишади:

- Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга давлат масъул. Ҳукумат мажбурий меҳнатга чек қўйиш учун қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиши, фермерларга ўзлари олган ҳосилдан ўзлари баҳраманд бўлишларига имкон бериши лозим. Фермер ишчини ўзи ёллаб ўзи далада ишлатиши, меҳнат ҳақини ўзи бериши керак, шунда ҳеч ким дала меҳнатига мажбурланмайди, - дейди мажбурий меҳнатга қарши курашаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Ҳозирга қадар жаҳон бўйлаб 130дан ортиқ ширкат Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.

Айни пайтда Ўзбекистон бу йил ҳам 3.3 миллион тонналик пахта ҳосилига кўз тикмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг мамлакатда пахта ер майдонлари қисқартирилиб, ўрнига мева ва сабзавот экиш ҳақидаги баёнотларига қарамай ҳукумат бу йил ҳам пахтадан 3 миллион 300 минг тоннадан кўпроқ пахта ҳосили олинишини айтмоқда.

Шу йилнинг январь ойида президент Каримов 2020 йилга бориб мамлакатда пахта етиштириш босқичма-босқич камайтирилиши, йиллик ҳосил 3.3 миллиондан 3 миллионга туширилишини айтганди.

XS
SM
MD
LG