Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Пенсионерларни пластик карта олишга кўндириш вазифаси ўқитувчига юкланди


Карикатура Eltuz.com сайтидан олинди.
Карикатура Eltuz.com сайтидан олинди.

Ўзбекистонда ўқитувчилар ҳам ойлик ва нафақаларнинг пластик картага ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига жалб қилинди. Тошкентнинг айрим мактабларида ўқитувчилар ота-оналарга пенсия ёки ойликларини 100 фоиз пластик тўлов карталарига ўтказишни сўраб, ариза ёздириб олишяпти. Ота-оналар эса фарзандининг ўқитувчилар томонидан камситилишидан қўрқиб, аризага имзо қўйишга мажбур қолмоқда.

Пойтахтлик ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг ота-оналарига пенсия ёки ойлигини юз фоиз гўёки "ўз хоҳиши билан" пластик карталарга ўтказишга розилик бериши ҳақидаги умумий аризага имзо қўйишни талаб қилмоқда.

Ўқитувчилардан бири бундай умумий аризанинг бир нусхасини Озодликка тақдим этди.

Ўқитувчилардан бири умумий аризанинг бир нусхасини Озодликка тақдим этди.
Ўқитувчилардан бири умумий аризанинг бир нусхасини Озодликка тақдим этди.

- Ўзимизни ойликларимизни ҳам юз фоиз пластикка тушириши камлик қилаётгандек, бизга ҳозир банк ходимлари вазифасини ҳам юклатиб қўйишяпти. Директоримиз ота-оналарни ишлайдигани бўлса ойлигини, пенсияда бўлса нафақасини пластикка тушишига розилиги ҳақидаги тайёр аризани қўл қўйдириб олинглар деб, даста-даста аризаларни ўқитувчиларга бериб чиқди, - дейди мактаб ўқитувчиси.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги боис ишчиларнинг маошлари ҳамда пенсионерларнинг нафақалари улар хоҳламасалар ҳам “ихтиёрий мажбурий” юз фоиз пластик карточкасига тушириб бериляпти.

Бундан олдин қарияларни ва ишчи-хизматчиларни кўндириш ишига маҳалла қўмиталари, банк ва почта ходимлари сафарбар этилганди.

Тошкентдаги мактаб раҳбарларидан бири ўқитувчилар ойлик ва нафақаларнинг пластик картага ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига жалб этилганини инкор этмади.

- Биз ота-оналарга тушунтириш беряпмиз, лекин уларни пластикка ўтинглар, аризани ёзинглар, деб мажбурлаётганимиз йўқ, - дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг директори.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбекованинг Озодликка айтишича, банк нафақахўр ва ишчи-хизматчиларни пластикга ўтишга кўндиришга айнан ўқитувчилар ишга солинаётгани бежиз эмас.

- Бу нафақат мактаблар, коллежларда ҳам бўляпти. Ота-она қарши чиқадиган бўлса мактабда, коллежда боласига проблема бўлиши, камситилиши ёки ҳайдалиши мумкин, паст бахо қўйиб бериши мумкин. Шунинг учун ҳам ўқитувчилардан фойдаланишяпти. Ўқитувчилар ҳам тепанинг буйруғини бажаришга мажбур, - дейди Содиқбекова.

Ўзбекистонда қарийб 10 йилдан бери давом этаётган ойлик ва нафақаларни пластик карточкаларга ўтказиш жараёни сўнгги бир-икки йил ичида айниқса кучайди.

Ўтган йил Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG