Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:51

Андижонлик қочқин: БМТга кўрсатма берганим учун МХХ мени ёмонотлиқ қилмоқчи


Хюман Райтс Вотч каби нуфузли инсон ҳақлари ташкилотлари Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.
Хюман Райтс Вотч каби нуфузли инсон ҳақлари ташкилотлари Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.

Ҳозирда Ҳолландияда сиëсий қочқин сифатида яшаëтган, 2005 йил 13 май куни Андижондаги Бобур майдонида юз берган воқеалар юзасидан БМТга кўрсатма берган ягона гувоҳ, 42 ёшли Ҳусанбой Рўзиев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон махсус хизматларини ўзи ва оиласига қарши “туҳмат ва ёлғонга тўла кўрсатув” тайёрлаганликда айблади. Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги давлат телеканаллари "Ватанга талпинаётган кўнгил", деб номланган кўрсатувни намойиш этган эди. "Тошкент" канали маҳсулоти экани айтилаётган кўрсатувда Рўзиев “оиласига зуғум ўтказувчи, раҳм-шафқатни буткул унутган, ваҳший инсон” сифатида тақдим қилинади.

Ўтган ҳафта ҳукумат назоратидаги "Ўзтелерадио" компаниясининг бир қанча каналлари намойиш этган кўрсатувда 2005 йил 13 май куни Андижондаги қонли воқеалар "бир тўда риёкорлар ва уларнинг хориждаги раҳнамоларининг сиёсий ўйини" деб талқин қилинади.

Кўрсатув шу йил март ойида ватанига қайтишга ёрдам сўраб, Ҳусанбой Рўзиевнинг Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасига борган ажрашган турмуш ўртоғи Шаҳодат Рўзиева берган суҳбат асосида тайёрланган.

Элчихонада ёзиб олинган суҳбатда Рўзиева турмуш ўртоғини ўзи ва фарзандларига зулм ўтказаётганликда айблайди ва Ўзбекистонга қайтиб бориши учун кўмак сўрайди.

"Ўзбекистон халқидан кечирим сўрайман, қайтишимга ёрдам берсин, қайтиб борай Ўзбекистонга, президентимиз кечирсин бизни. Ватан ватан экан, ватангадолик ёмон нарса экан, ўзим буни саккиз йил ичида хис қилдим, - дейди Шаҳодат Рўзиева шу йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ёзиб олинган ва кўрсатувда намойиш суҳбатда.

Ҳозирда Ҳолландия шарқидаги Эде шаҳрида яшаётган Ҳусанбой Рўзиев Озодлик билан суҳбатда бу кўрсатувни кўрганини айтди ва Ўзбекистон махсус хизматларини ўзи ва оиласига қарши “туҳмат ва ёлғонга тўла кўрсатув” тайёрлаганликда айблади.

- Рафиқам нимага элчихонага борганининг аниқ сабабини билмайман. У билан бирга яшамай қўйганимга бир ярим йил атрофида бўляпти. Менинг англашимча у Ўзбекистонга кетиш мақсадида у ерга борган. Элчихонадагиларга эса менга қарши кўрсатув тайёрлаш учун жуда қулай вазият бўлган бу. Рафиқамни вазиятидан, оиламизда юзага келган вазиятдан фойдаланишган. Андижон воқеаларининг гувоҳи сифатида мен БМТга арз қилганим учун менга қарши бу фитнани таёрлашган, МХХ мени ёмонотлиқ қилмоқчи. Кўрсатувда Ўзбекистондаги қариндошларим ҳам менга қарши гапирган. Менга қарши интервью берган яқинларимга нисбатан ҳеч қанақа эътирозим йўқ. Чунки Ўзбекистонда қолган яқинларимни тўғри тушунаман. Улар бунга мажбур, - деди Ҳусанбой Рўзиев.

Озодлик мухбири ҳозир ҳам Ҳолландияда яшаётган Шаҳодат Рўзиева билан ҳам боғланди.

Рўзиева Ўзбекистон элчихонасига боришга уни ҳеч ким мажбурламаганини айтди.

- Мен элчихонага февралда ариза берган эдим. Мартда жавоб келди. Март ойида мен у ерга бордим. Лекин мени ҳеч ким бунга мажбурлагани йўқ. Ҳеч ким менга унақа дегин, бунақа дегин, деб мажбурлагани ҳам йўқ. Чиройли гаплашишди. Унда Каримов тирик эди. Опажон, ишимиз шу, интервью бераоласизми, деди, бераман дедим. Ўзбекистонга қайтсангиз ҳам бераоласизми, деди бераоламан, дедим. Чунки менинг ҳеч нарсада айбим йўқ. Мен бу ерга жабрланиб келдим. Мен фарзандларимни деб, бу ерга келган эдим, - дейди Шаҳодат Рўзиева.

Суҳбатдош Озодликка шундан ортиқ гапиролмаслигини айтди. Таъкидлаш жоиз Шаҳодат Рўзиева 2007 йилда Ҳолландияга келганида Ўзбекистонда ўзи ва уч фарзанди таъқиб остида яшаганини айтганди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Андижонда бўлган мухбирлар ва воқеа гувоҳларининг айтишича, 2005 йил 13 май куни Ўзбекистон ҳукумати кучлари Андижон шаҳридаги Бобур майдонини ўраб олиб, қуролсиз одамларни ўққа тутиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистонда "акромий" дея тамғаланган гуруҳга тегишли бўлган ун тегирмонида ишлаган Ҳусанбой Рўзиев 11 йил аввалги ана шу воқеаларнинг бевосита гувоҳидир.

Ҳусанбой Рўзиев
Ҳусанбой Рўзиев

Рўзиев икки йил аввал БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига киритган шикоятида Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари уни ўз раҳбарига қарши кўрсатма бериш учун қийноқларга солгани ва кўп марта касалхоналарда даволаниб чиққани, 2005 йил 13 май куни эса Бобур майдонида ҳукумат амалга оширган оммавий қирғиннинг гувоҳи бўлганини айтиб берганди.

- 13 май куни майдонда бўлган ҳолатни ўз кўзим билан кўрганлигим учун шу нарсалар асосида мен икки йил аввал БМТга шикоят ёзган эдим. Шундан сўнг БМТ бу юзадан Ўзбекистонга сўров қоғози юборган, у ердаги ҳукумат хабардор. Ўшанда менга номаълум манзилдан "жим юргин бола", деган мазмунда таҳдидли SMS лар юборилганди. Мен ўйлайманки, шунинг эвазига улар шундай фильм ишлаб чиқишди, - дейди Ҳусанбой Рўзиев.

Франциядаги яшаётган “Ўт юраклар” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоевага кўра, Ҳусанбой Рўзиев Андижон қирғини бўйича БМТга шикоят қилган ягона гувоҳдир.

- Ҳозир Ҳусанбой Рўзиевга қилинаётган ҳаракат, оилавий жанжал, эр-хотин орасида пайдо бўлган совуқчиликдан фойдаланиб Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги қирғин бўйича БМТга гувоҳлик берган ягона одамни ёмонотлиқ қилишга, дискредитация қилишга уринмоқда. Бошқа андижонликлар БМТга тайёрланган шикоятини қайтариб олишганди, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳалқаро ташкилотлар Андижонда 2005 йил 13 май воқеалари қурбонлари сонини 500 нафар атрофида деса, ўзбек ҳукумати бу сон 187 экани ва аксар инсонлар террорчилар ўқидан нобуд бўлганини айтган.

Хюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.

Тошкент ҳукумати эса, Андижондаги зўравонликларни Акром Йўлдошев тузган "Акромийлар" диний-экстремистик оқим аъзолари содир этди, деб келади.

XS
SM
MD
LG