Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:54

Мирзиёев 9 майни Каримовдан бошқача нишонлади (видео)


Тошкент вилояти Зангиота туман ҳудудида жойлашган академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтида 9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари ҳамиша хотирланиши, фахрийлар эса қадрланишини таъкидлади.

Шу куни Мирзиёев Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди. Президентга маросим чоғида вазирлар ва ҳукумат вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Бу йил 9 май - Хотира ва қадрлаш куни аввалги йиллардагидан кўра тантаналироқ ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган ҳар бир уруш фахрийсига Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг биттадан ходими ҳамроҳлик қилди.

Байрам тадбирлари «Ўзбекистон» телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари учун дастурхон ёзилди. Байрамда қатнашган президент Мирзиёев уруш қатнашчиларини табриклади.

"Қадрли фахрийлар, биз ҳамиша ўзимизни сизнинг олдингизда қарздор сезамиз. Биз ёнимизда юрган кекса авлод вакилларига, уруш ва меҳнат фахрийларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтирамиз", деди, жумладан, президент.

Байрам дастури доирасида театрлаштирилган томошалар ҳам кўрсатилди. Санъаткорлар уруш аскарлари кийимида чиқиш қилди ва Иккинчи жаҳон урушида фойдаланилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам намойиш қилинди.

Президент Ислом Каримов даврида 9-май - Ғалаба кунидан Хотира ва қадрлаш кунига айлантирилганди.

Каримов даврида Тошкент ва бошқа шаҳарларда бугунгидай тадбирлар ўтказилмас, "Мотамсаро она" ҳайкали пойига эса, Каримов илк бор 2016 йилда гул қўйган эди.

Шаҳар ва туманларда уруш қатнашчилари хотираси ва шарафига Совет даврида ўрнатилган ёдгорликлар бузтиб ташланган, уруш қаҳрамонларининг номлари берилган объектлар эса қайта номланган эди.

Жумладан, 2010 йил ноябрида Тошкентда Собир Раҳимов номидаги метро станцияси номи Олмазорга айлантирилган, 2011 йили эса Ўзбекистон пойтахтидаги туманлардан биридан генерал Раҳимов номи олиб ташланган эди. Ҳозир бу туман Олмазор туманидир.

Бугун Тошкент марказига қайтарилган "Шомаҳмудовлар оиласи" мемориал комплекси эса 2008 йилда кўчирилиб, шаҳар чеккасига чиқарилган эди.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минги яраланган.

Уруш йилларида хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион одам, жумладан, 300 минг етим қолган болани Ўзбекистон очлик ва ўлимдан сақлаб қолган.

XS
SM
MD
LG