Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Мирзо Улуғбек туманида прокуратура кўрсатмаси билан дарахтлар кесилмоқда


Тошкентда чинор кесилиши
Тошкентда чинор кесилиши

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида дарахтлар кесилмоқда. Бу ҳақда шу туманда яшовчилардан бири Озодликка маълум қилди ва дарахтлар кесилаётгани видеосини ҳам юборди. Маҳалла фаоллари президент вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев ташрифидан кейин туманда дарахтларни буташ ва бошқа ободонлаштириш ишлари авж олгани ва дарахтларни кесишга прокуратура кўрсатма берганини айтишмоқда.

"Дарахтзоримиз қани?!"

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи ватандошлардан бири Хумоюн кўчасида дарахтлар кесилаётгани устидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилди.

Атрофимиздаги дарахтларни кесиб ташлашаяпти! Нега, нима учун?! Ҳеч ким билмайди.. Жудаям дарахтлар кўп эди. Мирзо Улуғбек туманининг мана шу кўчасида, шу жойда дарахтзор эди”, дея хабар қилди исми сир қолишини сўраган тошкентлик суҳбатдош.

У Озодлик таҳририятига дарахтлар кесилаётгани видеосини ҳам жўнатди. Видеода коммунал хўжалик ишчилари кийимида бўлган шахслар тракторга кесилган шох-шаббаларни ортаётгани, нарироқда мотоарра ишлаётганини кўриш мумкин.

- Кўм-кўк дарахтзорларимиз мана йўқ! Ҳамма дарахтларни кесишибди: нега, нима учун- ҳеч ким билмайди. Булар ҳеч кимга айтишмаган. Кесиб ташлашди – қаёққа олиб кетишаяпти, нима учун?! – дея савол беради тасвирга олиб турган ўзбекистонлик.

Мирзо Улуғбек туманида дарахтлар кесилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

Озодлик тозалаш ишлари Мирзо Улуғбек тумани, Хумоюн кўчаси, 3 уйнинг орқа томонида, “Геракл” фитнес клуби рўпарасида шу йилнинг 27 октябр куни тасвирга олинганини аниқлади.

Тошкентлик суҳбатдош сариқ нимча кийган ишчилар асосан теракларни кесиб кетганини билдирди.

"Дарахт кесишга махсус рухсат керак!"

Республика Табиатни муҳофаза қилиш идорасидан олинган маълумотга биноан, пойтахтда чириган ва авария ҳолатида бўлган дарахтларни ҳамда йўл қурилиши ёки кенгайтирилиши пайтидагина идора томонидан кесишга рухсат берилади. Бунинг учун дарахт кесиладиган жойга экология инспекторлари чиқиб, махсус протокол тузиши айтилди.

Шўрчида кесилган дарахтлар
Шўрчида кесилган дарахтлар

Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида эса саволларимизга жавоб берган мутассаддилардан бири дарахт кесилиши бевосита туман прокурори буйруғи асосида қилинаётгани, Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бу ишларга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

- Хумоюн маҳалласига қарашли ҳудуд экан, аниқлаштирдик. Маҳалла раиси Улуғбек Отақулов туман прокурори Темур Султанович деган одам ўша ҳудуд раҳбари эканини айтди. “Бутаяпти, дарахтларнинг шоҳларини кестираяпти фақат”, деди у, деди идора вакили.

Айни пайтда, “Нима сабабдан дарахтларни кестириш ишлари билан прокуратура ва шахсан туман прокурори шуғулланаяпти? Бунга Табиатни муҳофаза қилиш идораси рухсати берилганми?” саволларимиз жавобсиз қолди.

"Дарахтларни Мирзо Улуғбек туман прокурори кестираяпти!"

Хумоюн маҳалласи ватандошлар йиғини раиси Улуғбек Отақуловга телефон орқали боғланишнинг иложи бўлмади.

Бироқ, Хумоюн маҳалла йиғини аъзоси ва исми маълум сабабларга кўра ошкор қилинмаётган бошқа бир манба дарахтлар Мирзо Улуғбек туман прокурори буйруғи асосида кесилаётганини тасдиқлади.

- Ҳа, бу Мирзо Улуғбек туман прокурори буйруғи – ишчиларни у олиб келди, улар кесаяпти. Маҳалла қўмитасининг бунга алоқаси йўқ! Маҳалла қўмитаси раҳбари икки кундан бери 32 уй атрофида панжара атрофларини тозалаяпти, тўнкаларни йўқотаяпти. Чунки бизнинг ҳудуд прокурор секторига қарашли – ҳар куни эрталаб прокурор келиб, “буни, буни ва мана буни қиласанлар”, дея буйруқ бериб кетади. Қолаверса, сиз айтаётган уй атрофларида дарахтлар чириб кетган: шу уй яшовчилари “Қачон кесиб ташлайсизлар?”, деб неча маротаба мурожаат қилишган. Нега энди улар керак эмас дарахтлар ҳимоясига отланиб олибди?! дея таажубланди суҳбатдош.

У дарахтлар ва бошқа ободонлаштириш ишлари вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев буйруғи билан олиб борилаётганини таъкидлади.

Аммо на маҳалла қўмитаси, на Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси кесиш ва ободонлаштириш ишларига ҳуқуқ мухофазаси идоралари раҳбарияти шахсан жалб қилингани сабабларини тушунтириб бера олмади.

Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасида кесилган дарахтлар
Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасида кесилган дарахтлар

Маълумки, Мирзо Улуғбек туман прокурори Темур Нормуҳаммедов ўтган йил бошида ўз лавозимига тайинланган эди.

Шу йилнинг сентябрида муваққат президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шомансур Аҳмедовни ишдан бўшатган, Мирзо Улуғбек туман прокурори Темур Нормуҳаммедов ва туман солиқ назорати раҳбари Абдурауф Каримовларни жиддий огоҳлантирган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида эълон қилинган хабарга кўра, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов ва Ички ишлар бўлими бошлиғи Саидакбар Пўлатов ​“Иш фаолиятида мунтазам қолоқлик ва жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун" лавозимидан олинган.

Бу ҳайфсан ва ишдан олишларга, шу жумладан, туман ободонлаштирилиши ва коммунал хўжалигида йўл қўйилган камчиликлар сабаб қилиб кўрсатилган эди.

Озодлик дарахт кесиш ҳолатлари нафақат Ўзбекистон пойтахтининг турли туманларида, балки республиканинг бошқа минтақаларида ҳам қайд этилгани тўғрисида хабар бериб келади.

XS
SM
MD
LG