Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Избосканлик ўқитувчилар: ХТБ ва "Агробанк" 1,5 млнлик компьютерни икки баравар қимматга олишга мажбурлади


Избосканлик ўқитувчилар ўзларига Хитойнинг Lenovo брэнди ëпиштирилган бир хил русумдаги ноутбуклар сотилганини айтди.
Избосканлик ўқитувчилар ўзларига Хитойнинг Lenovo брэнди ëпиштирилган бир хил русумдаги ноутбуклар сотилганини айтди.

Андижон вилоят, Избоскан туманида камида 350 ўқитувчи туман Халқ таълими бўлими ва “Агробанк” филиали раҳбарлари томонидан Lenovo ноутбукларини бозор нархидан қарийб икки баравар қимматга олишга мажбурланган.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган айрим ўқитувчилар¸ паспортлари Халқ таълими бўлими томонидан йиғиб олиниб¸ ўз номларига компьютер олиш учун 3 миллион сўмлик кредит расмийлаштирилганини иддао қилди.

2 сентябрь куни Ўзбекистонда давлат муассасалари ва банклар ишламагани учун¸ бу иддаога муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Избоскандан келган хабар

Асосий вазифаси аҳолига молиявий хизмат кўрсатиш бўлган “Агробанк”нинг Избоскан филиали Халқ таълими бўлими раҳбарияти билан "тил бириктирган ҳолда" ўзлари олиб келган ноутбукларни ўқитувчиларга икки баравар қимматга “ўтказганлик”да айбланмоқда.

Агробанк”нинг Избоскан филиали халқ таълими ходимларига 3 миллион сўмдан кредит бериб¸ Lenovo ноутбуклари олдиришди. Ўз номига бундай кредит очилганидан хабари йўқ ўқитувчилар ҳам кўп. Банк компьютер сотадиган дўкон эмаску! Кредит сўраб борганлар қолиб¸ бунақа кредитни умуман истамаган ўқитувчиларга 3 миллиондан бериб¸ ноутбук сотишган. Банкдагиларнинг ўзлари бизга май ойидан бери туманда 370 ўқитувчига шундай кредит берилганини айтди”¸ деб хабар юборди избосканлик ўқитувчилардан бири.

Фоизсиз дейилган кредитга 36 фоизлик ставка қўйилди

Бундай кредит олиш Халқ таълими бўлими томонидан “қаттиқ тавсия қилинган”ини айтган айрим ўқитувчиларга кўра¸ уларга бу кредит фоизсиз¸ бир йилга берилиши айтилган.

Аммо улар бозор нархи 1.5-1.7 миллион сўм бўлган Lenovo ноутбукларини сотиш учун банк берган 3 миллион кредитнинг биринчи тўлов қоғози келганда¸ унинг устамаси 36 фоизлигидан хабар топган.

Кредитга сотилган Lenovo ноутбукларини “Агробанк” ва Халқ таълими бўлими ходимлари бирга тарқатди. Бу на банкнинг¸ на ХТБнинг ишига кирмайдику! Булар ўқитувчини алдаб ëки унга маъмурий босим кўрсатиб¸ ўртада ўзлари пул қилаяпти. Компьютер олмоқчи бўлган ўқитувчи қурби етса¸ уни ўзи олади. Мабодо¸ бунинг учун кредит керак бўлса¸ банк берган пулга ўзи бозордан арзонини танлаб оларди. Йўқ¸ булар бир хил суммани бериб¸ ўзлари ноутбук олиб келиб¸ ўшани олдираяпти”¸ деди Озодлик гаплашган избосканлик ўқитувчилардан яна бири.

Бу суҳбатдош¸ айни банкнинг кичик бизнес бошлаш учун кредит сўраб берганларга ойлардан бери кредит беришни пайсалга солиб келаëтганига шахсан гувоҳлигини ҳам қўшиб ўтди.

“Шартнома ҳам¸ ўқитувчининг имзоси ҳам йўқ”

Бир-биридан мустақил ҳолда Озодликка гапирган избосканлик ўқитувчилардан яна бири¸ июнь ойида Халқ таълими бўлими паспортини олиб¸ ўзидан сўроқсиз унинг номига кредит расмийлаштирганини иддао қилди.

Менинг қўлимда ҳеч қандай шартнома йўқ. Менинг номимдан бунақа шартнома қилинган бўлса ҳам¸ унга мен қўл қўймаганман. Чақириб¸ ноутбук бераяпти¸ орқасидан 300 минг сўмга ойлик тўлов қоғози келаяпти”¸ дейди избосканлик ўқитувчи.

2 сентябрь Ўзбекистонда расмий байрам бўлгани боис¸ избосканлик ўқитувчиларнинг бу иддаоларига на “Агробанк”¸ на Халқ таълими бўлимидан изоҳ олишнинг имкони бўлди.

Избоскан ХТБ нинг Telegram манзилига юборилган сўров ҳам жавобсиз қолди.

Озодлик Избоскан ХТБнинг ҳам, “Агробанк” Избоскан туман филиалининг ҳам жавобини эшитишга ҳамда эшиттиришга тайёр.

Ўқитувчига аталган 100 миллион долларлик кредит

Ўзбекистон президенти 2018 йил 14 август куни имзолаган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарорда ўқитувчиларга имтиëзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган.

Қарорда хусусан¸ ўқитувчиларга арзон уй-жой сотиб олиш ва “турли мақсадлар учун истеъмол кредитлари, шунингдек автомобиль сотиб олиш учун” имтиëзли кредит бериш кўзда тутилган.

Президент қарорида ëзилишича¸ бунинг учун махсус жамғарма ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 млн АҚШ доллари ажратилган¸ шунингдек халқаро молия институтларининг маблағлари жалб этилган.

XS
SM
MD
LG