Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Кичик ширкатга катта буюртма. "Олмалиқ КМК" 200 млн долларлик лойиҳани кимга берди?


“Ёшлик-I” кони, Тошкент вилояти.
“Ёшлик-I” кони, Тошкент вилояти.

“Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” (ОКМК ) акциядорлик жамияти устав капитали 10 миллион сўмни ташкил этган ширкат билан қиймати қарийб 200 миллион долларлик шартномани имзолади.

Давлат реестрида берилган маълумотга кўра, MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP" масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) лойиҳани тендер асосида қўлга киритган.

Ўзбекистон давлат бюджетига тушадиган киримнинг тақрибан 20 фоизини берадиган комбинат матбуот хизматига кўра, бу МЧЖ комбинатнинг шахсан президент Шавкат Мирзиёев очиб берган “Ёшлик-I” кони юза қисмидаги массани ташиб бериши керак.

2021 йилда президент қарори билан Ўзбекистонда Мис саноати кластери тузилган ва бу кластер доирасидаги катта буюртмалардан бири Enter Engineering Group ширкатига берилганди.

Шартнома шарти

Расмий маълумотга кўра, 11 минг гектар майдонда жойлашган “Ёшлик-I” кони 45 миллион тонна мис, 5 минг тонна олтин захираси борлиги тасдиқланган.

“Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти билан MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP" масъулияти чекланган жамият ўртасида имзоланган келишув нусхаси.
“Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти билан MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP" масъулияти чекланган жамият ўртасида имзоланган келишув нусхаси.

ОКМК АЖ ушбу кон юзаси қисмидаги 95 млн метр куб тупроқни ташитиш учун MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ билан 2 триллион 152 миллиард 558 миллион 240 минг сўмга (салкам 200 миллион АҚШ доллари) баҳоланган, 7 йилга тузилган шартномани имзолаган.

Озодликка комбинат ва MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ ўртасида эришилган шартнома нусхаси келиб тушди.

Нашр бу келишувни “Ўзбекистон тарихидаги энг катта ва энг узоқ давом этадиган давлат хариди” деб баҳолади. Бу харид 2022 йилнинг октябрида амалга оширилган.

Унда келтирилишича, ҳужжатда кўзда тутилган масса 95 млн метр кубни ташкил қилади, шартнома қиймати эса 2 триллион 152 миллиард 558 миллион 240 минг сўм. Ижро муддати 7 йил.

Катта буюртма олган кичик ширкат

MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ, Ўзбекистон давлат ташкилотлари реестрида берилган маълумотга кўра, 2018 йилда иш бошлаган ва асосан нотурар-жой биноларини қуришга ихтисослашган кичиккина ширкат.

Ширкат улушнинг 50 фоизи Абдуллаев Шарафиддин Сайфиддиновичга, 45 фоизи Ваҳабов Бахтиёр Равшановичга, 5 фоизи эса Мирханов Хуршид Хайруллаевичга тегишли.

Шартномада қайд этилишича, атиги 10 миллион сўмлик устав капитали бўлган ширкат қарийб 2 триллион 150 миллиардлик лойиҳани тендерда ютиб олиш учун 2 миллиард 600 миллион сўмлик банк кафолати ҳамда 50 та оғир юк ташувчи техникасини тақдим қилган.

“Фойдали келишув”

Комбинат матбуот котиби Умида Қаршибоева, тендерга қўйилган лойиҳанинг асосий мақсади “Ёшлик-I” кони юза қисмидаги масса - асосан тупроқни ташитишдир.

Масъул MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ бу иш учун энг арзон нархни таклиф қилди ва тўловни ҳам ишбай олишга рози бўлди, деди:

Тендер электрон тарзда ўтказилган ва инсон омили, иштироки йўқ. Ғолиб электрон платформада аниқланади. Бугунги кунда Украинадаги уруш, логистика харажатлари дизел ёқилғи-мойлаш, эҳтиёт қисмлар нархлари кескин ошиб кетди. 1 тонна кубметр тоғ жинсларини ташиш таннархи буйича энг арзон нархни бу компания бергани учун танланди. Бугун ОКМКда 1 тонна кубометр юк ташиш харажати 3400 сўмни ташкил этяпти. Конкурс ўтказилаётганда устав жамғармаси, фаолият турига конкурс шартларида талаб куйилмаган сабаби биз кўпроқ кархоналар иштирок этишини ва арзонроқ нарх бўлишини ҳоҳлагандик”.

Президент Мирзиёев топшириғига биноан, “Ёшлик-I” конидан қазиб олинаётган мисни қайта ишлашга алоҳида комбинат қурилмоқда ва бу комбинат сентябрь ойида ишга тушиши керак.

Конни бошқараётган дирекциядан олинган маълумотга кўра, ҳозирга қадар 3 миллион тонна мис қазиб олишга тайёрлаб қўйилган.

“Бу йилда, яъни 2022 йил учун руда билан таъминлаш ишлари қилиб бўлинган. Бу йил охирига 3 миллион тонна руда қазиб беришимиз керак, бунча руданинг уст қисми очиб, фабрикага етказиб бериш учун тайёрлаб қўйилган. Ҳозир MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ билан шартнома асосида 2024 йилда мис қазиб олиш коннинг участкаларининг юза қисмини очишга келишилган. Бу ширкат ўша юза қисмдаги тупроқни ташиб беради. Кейин комбинатнинг ўзининг техникаси билан мисни қазиб оламиз”,- деди “Ёшлик-I” конини ўзлаштириш дирекцияси директори Зокирхўжа Эшонхўжаев.

Сармоядорлар орасида қўлма-қўл

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги қарори билан, 2020−2025 йилларда «Ёшлик-I» конида очиқ карьер ва йилига 60 млн. тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга мисни бойитиш фабрикаси қурилиши режаланган.

“Бизда „Ёшлик“ номли лойиҳамиз бор. Ишлаб чиқариш салоҳиятимизни 40 млн тоннага оширмоқчимиз. Рудаларимиз таркибида 3,37% мис бор. Бизда Чили давлатига нисбатан имкониятларимиз яхши. Чунки бизнинг устунлигимиз руда таркибида олтин ҳам мавжуд», - дея маълум қилганди ОКМК бошқарув раиси ўринбосари Абдулла Азизов.

“Ёшлик-I” конини очиш ва мисни қайта ишлар лойиҳаси аввалига турк ширкатлари, кейин эса рус ширкатларига берилиши ҳақида маълумотлар берилди.

Жумладан, 2021 йил бошида туркиялик инвесторлар Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиши айтилганди. Ҳатто, бу баёнотни турк ишбилармонлари билан мулоқот қилган президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи берганди.

Аммо, 2021 йилнинг ёзига келиб мис фабрикасини қуриш лойиҳаси Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» ҳамкорлигига берилди. Улар биргаликда 2 млрд. долларлик алоҳида 3-мисни бойитувчи фабрикани қуриши маълум қилинди.

Расмийлар бу муассасани 60 миллион тонна мис рудасини бойитадиган МДҲ ҳудудидаги илк энг йирик фабрика, деб атамоқда.

ОКМК матбуот хизматига кўра, ҳозир комбинатни шу икки ширкат биргаликда қурмоқда ва сентябрда унинг биринчи линияси ишга тушиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг декабрида Россиянинг Ташқи иқтисодий банки бу комбинатни қуриш учун имтиёзли шартлар асосида 712 млн евро (824,3 млн доллар) миқдорида кредит бериши маълум қилинган.

Аммо, Россиянинг Украинага босқини бошлангач, йирик рус ширкатлари Ғарб санкцияларига тушди ва уларнинг аксари мудофаа саноатига йўналтирилди. Россиянинг Ташқи иқтисодий банки эса санкцияга учради.

“Санкциядан кейин бу битим бекор қилинган. Маблағ олишга улгурмаганмиз, шартнома имзоланишидан бироз ўтибоқ, санкцияга учраган эди. Ҳозир биз республика банклари ва ўз маблағимиз ҳисобига бу лойиҳани давом эттиряпмиз. Ҳозир комбинатимиз давлат кафолатисиз ҳам инвестицияларни жалб қилиш қурбига эга. Куни кеча комбинатнинг ўзида форум ўтказдик ва бизга биз хоҳлаган шартлар асосида Германия, Европанинг кўпгина банклари кредит таклиф қиляпти”,- дейди Умида Қаршибоева.

ОКМК кимники?

36 мингдан ортиқ ишчиси бўлган “Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” айни пайтда давлат бошқарувида.

Президентнинг 2020 йил 26 майдаги «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4731-сон қарори билан бу комбинат давлат бошқарувига қайтариб олинган.

“Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” (ОКМК ) бош биноси.
“Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” (ОКМК ) бош биноси.

Унгача Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонасининг ишончли бошқаруви минтақада танилган олигархларга тегишли кўрилган хусусий ширкатларнинг қўлида эди.

Булардан энг сўнггиси Россиядаги ўзбекистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга тегишли экани айтилган SFI Management Group ширкатидир.

Бу ширкатдан ОКМКнинг ишончли бошқаруви олингач, унинг ўртадаги воситачи ширкатлар орқали Россиядаги яна бир йирик ўзбек олигархи Алишер Усмонов назоратига ўтгани ҳақида норасмий маълумотлар пайдо бўлган эди.

Комбинат матбуот хизмати, бу маълумотларни инкор қилди.

“Ҳозир комбинатнинг эгаси давлат. У кимларгадир тегишли, деган гапларнинг ҳаммаси миш-миш. Бизнинг ҳисоботларимиз ҳам сайтимизда эълон қилиб борилади. Яқинда мен 6 ойлик ҳисоботни ҳам эълон қиламан, маълумотларимиз очиқ. Истовчиларга комбинатни кўрсатишимиз ҳам мумкин, истасангиз сиз ҳам келинг, “Ёшлик-I” конини ҳам айлантираман. Ўзингиз кўриб, ишонч ҳосил қиласиз”, -деди матбуот котиби Умида Қаршибоева.

Аммо, жамоатчиликда комбинат ишига жалб қилинган хусусий ширкатларга ҳануз кўплаб саволлар бор.

Жумладан, 45 миллион тонна мис, 5 минг тонна олтин захираси борлиги тасдиқланган “Ёшлик-I” конидан қазиб олинадиган мисни бойитиш бизнеси - Enter Engineering Group ширкатига берилган.

Бу ширкат - Enter Engineering Group - Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасини назорат қилиш, хусусан ўзбек газини сув текинга Россияга сотишга масъул кўрилган. Ширкат эса Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Бундан ташқари, шу кунда Ўзбекистон ҳукуматидан энг катта буюртмани олган MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ ҳам президент Шавкат Мирзиёевга ва айнан Россиядаги ҳукуматга яқин олигархларнинг билвосита бошқарувида эканига оид иддаолар бор.

Enter Engineering Group ширкати Озодлик саволларини очиқ қолдириб келади. MR CONSTRUCTION AND ENGINEERING GROUP МЧЖ дан эса ҳозирча бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

ОКМК - йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲда учинчи ўринда туради - 148 минг тонна мис қазиб олинади. Биринчи ўринда Россия - 973 минг тонна, иккинчиси эса Қозоғистон - 500 минг тонна.

Комбинат сайтида келтирилишича, ҳозирги кунда ОКМК ташқи сотувининг асосий бозори Туркия бўлиб, у ерга товарларнинг 60−70 фоизи етказиб берилади.

Кейинги ўринларда Хитой, МДҲ ва Шарқий Европа давлатлари туради. Бундан ташқари, ўзбек мисини Қатар, Австралия, Индонезия, Польшага экспорт қилиш йўлга қўйилгани, БААга етказиб беришга тайёргарлик кўрилаётгани, Шимолий Америкадаги бозорлар ўрганилгани айтилган.

Форум

XS
SM
MD
LG