Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

"Сўз эркинлиги устидан ўқилган ҳукм" – тармоқлар блогер Олимжон Ҳайдаровнинг суди ҳақида


Суд Олимжон Ҳайдаровнинг (ўнгда) ижтимоий тармоқлардаги барча канал ва саҳифаларини ёпиш ҳақида ажрим чиқарган.
Суд Олимжон Ҳайдаровнинг (ўнгда) ижтимоий тармоқлардаги барча канал ва саҳифаларини ёпиш ҳақида ажрим чиқарган.

Сўнгги кунларда жамоат фаоллари судни Олимжон Ҳайдаровга нисбатан одил ҳукм чиқаришга ундаб келаётган эди. Хусусан, виртуал оламда #FreeOlimjonHaydarov ҳештеги остида блогерни зудлик билан озодликка чиқариш талаб илгари сурилди.

Шунга кўра блогернинг узоқ муддатга “кесилиши” мамлакатда сўз эркинлигидан кескин ортга чекиниш сифатида баҳоланмоқда.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Фарғонада ўқилган ҳукм “Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва давлат институтларининг танқидга тоқатлилиги устидан ҳам ҳукм” эканини урғулаган.

“Рамзий воқеа. Абдулла Қодирий Ўзбекистон Олий суди томонидан бугун расман оқланибди. Олимжон Ҳайдаров эса 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу – 2031 йилнинг охири озодликка чиқади дегани. Қўрқинчли ҳукм! Демак, суднинг мақсади жамоатчиликни қўрқитиш бўлган ва бунга эришилди”, деб ёзди Раббимов.

“3 ой ҳибс, 1 ой суд ва 8 йил қамоқ = Янги Ўзбекистон зулми”, дея муносабат билдирган ушбу ҳукмга блогер Мусанниф Адҳам.

“Масалан, мен битта материал учун таҳририят бўйнига салкам 4 миллиард сўм илишдан уялмайдиган виждонсиз судьялардан адолат кутмайман. Шарафсизлар! Дунё дунё бўлиб бунақа аҳмоқгарчиликни кўрмаган!” дея эътирозини баён қилган журналист Муслим Мирзажонов.

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ фикрича, Олимжон ва у сингари фаоллар ишонч деб номланган мураккаб қадриятни тамсил этади.

“Унга адолатсизлик қилиниши бугун давлат учун ўта муҳим бўлган ишончдан маҳрум этади. Ишончнинг ўрни эса куч ишлатар тизимлар тармоғини кенгайтириш орқали қопланади. Бу эса вазиятни янада чигаллаштиради”, – дейди Ҳамид Содиқ.

“Ziyouz” портали асосчиси Давронбек Тожиалиев ҳукмга атоқли шоир Омон Матжоннинг ушбу сатрлари орқали муносабат билдирган:

Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип,
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди...

Блогер Аслиддин Камол эса Олимжон Ҳайдаров кейсини мамлакатда катта шов-шув ва кучли эътироз уйғотган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг адлия мулозимлари томонидан зўрланиши ҳодисаси билан муқояса қилди.

“Эҳҳ, Олимжон! Халқнинг дардини кўтаргунча, етим қизларни зўрласанг бўлмасмиди! Мирзиёевнинг ОДОЛАТЛИ суди сенга раҳм қиларди шунда. Зўр бўлса уй қамоғи билан қутулардинг. Ҳақни гапирганинг учун, гарчи судда ҳеч бир айбловлар исботланмаган бўлса-да, Мирзиёевнинг одолатли суди 8 йилга қамаворди ана. Бу Мирзиёев қурган Янги Ўзбекистонда блогер, журналист бўлгунча, педофил бўлган афзалроқ!” дея кинояли пост қолдирди у.

Тармоқ фаолларидан Ҳожиакбар Ражаб таъкидича, гарчи О.Ҳайдаровга суд адолатли ҳукм чиқармаслиги аввалдан аниқ бўлса-да, жамоатчиликнинг қонун устуворлигини талаб қилгани бекор кетмади.

“Қамалиши аниқ эди-ку, жамоатчилик нимани қойиллатди дейишлари мумкин? 1. Жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатлари билан айбнинг “халталиги” кўрсатиб берилди. 2. Қаматганлар бари тарихда қолди. Вақт ўтиб, кучдан қолиб, мункиллаб қолганда, “Ҳа, бобой эсингдами?!” дейиш учун факт бўлиб қолди”, дейди Ҳожиакбар Ражаб.

Фазлиддин Содиқовнинг фикрича, блогерни узоқ муддатга қамаш орқали расмийлар “Чегаралар чизилди, уни босиб ўтганлар мана шундай муддатлар билан жазоланади” дея мужда бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган 34 ёшли блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди раиси Авазбек Эргашев 1 декабрь куни чиқарган ҳукмга кўра, блогернинг тармоқлардаги канал, саҳифа ва гуруҳлари ҳам ўчирилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139- (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат) ва 165-моддаларида (товламачилик) назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

27 ноябрь куни бўлиб ўтган томонлар музокарасида прокурор Мирзоҳид Эрматов О.Ҳайдаровни 9 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш ва ундан “жабрланувчилар” фойдасига 50 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундиришни сўраган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG