Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:42

"Оилавий қадриятлар": Озарбайжонда президент қариндошларининг банклари гуллаб-яшнаяпти


Президент Илҳом Алиев ва рафиқаси Меҳрибон Алиева Венгрияга ташриф чоғида - 20 август, 2023
Президент Илҳом Алиев ва рафиқаси Меҳрибон Алиева Венгрияга ташриф чоғида - 20 август, 2023

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг 20 йиллик ҳукмронлиги даврида унинг қариндошлари табиий ресурслар, ҳаво йўллари ва қурилиш каби йирик соҳаларда давлат шартномаларини қўлга киритиш орқали катта бойлик орттирди.

Банк соҳаси Озарбайжоннинг биринчи оиласи учун муҳим даромад манбаига айланган. Алиевнинг қизлари ва бошқа яқин қариндошлари хусусий банклардаги миллиардлаб доллар активларни назорат қилади.

Тўлиқ ёки қисман Алиевларга тегишли бўлган тўртта банк Озарбайжон банк секторидаги умумий улушини 2015 йилдан бери қарийб уч бараварга оширди.

Тўртта банк «Паша Банк», «Капитал Банк», «Халқ Банк» ва «Банк Аврасия» бизнесни ривожлантириш бўйича давлат дастури доирасида ажратилган кредитларнинг энг йирик хизмат кўрсатувчиларига айланди. Бу эса юзлаб миллион манат айнан шу 4 та банкка берилганини англатади.

Озодлик Озарбайжон хизмати суриштирувидан аниқ бўлишича, Алиев оиласига алоқадор банкларнинг умумий активлари 2015 йилда 4 миллиард манат (девальвацияга қадар 5,1 миллиард доллар) бўлган бўлса, 2022 йил охирига келиб бу рақам 20 миллиард манатга (жорий курс бўйича 11,8 миллиард доллар) га ошди. Мазкур банкларнинг банк сектори активларидаги умумий улуши мос равишда 16 фоиздан 43 фоизгача ўсган.

Айни пайтда, манатнинг кетма-кет девальвацияси ва 2015 йил январида Озарбайжон Марказий банкининг банклар фаолияти учун зарур бўлган минимал консолидацияланган капитални беш бараварга, яъни 50 миллион манатга (64 миллион доллар) кўтариш ҳаракати ортидан йигирмага яқин рақобатчилар соҳани тарк этди.

Алиевга алоқадор банкларнинг саккиз йил ичида кескин ўсиши қисман валюта девальвацияси билан боғлиқ, аммо бу банк ўз рақобатчиларига қараганда активларни анча тез ўзлаштирмоқда.

Президент жуфтлиги Туркияга ташриф чоғида. Июнь. 2023
Президент жуфтлиги Туркияга ташриф чоғида. Июнь. 2023


Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилган паст фоизли давлат кредитлари ҳам мазкур тўрт банкка ишониб топширилди. Банк таҳлилчилари Алиевларга тегишли банкларга имтиёз берилаётгани бизнес ва аҳоли учун камроқ танлов имкониятини чеклаши ҳамда кредит фоизларини орттиради деган хавотирда.

Озарбайжонда 7 февралда навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади. Бу сайловда ҳам Алиев ғалаба қозониши аниқ. Негаки, мамлакатдаги қонунчилик ва сиёсий муҳит бунга имкон беради.
Алиев ҳукмронлигидан йигирма йил ўтиб, Озарбайжон Transparency International ташкилотининг коррупция индексида 180 мамлакат ичида 157 ўринни эгаллади.

АҚШ Давлат департаменти «ҳукумат билан боғлиқ ҳолдинг компанияларидан иборат кичик гуруҳ мамлакат иқтисодиётида ҳукмронлик қилмоқда», дея таъкидлаган.

Озодлик радиосининг Озарбайжон хизмати Алиевга алоқадор тўртта банк билан боғланиб, изоҳ сўради. Аммо, фақат Капитал Банк сўровга жавоб қайтарди ва бу ўсишини қисман онлайн-банкинг хизматлари ва бошқа технологик воситаларнинг кенгайиши билан изоҳлади.

Тадбиркорликни ривожлантириш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилаётган кредитлар ҳақидаги саволга «Капитал Банк» бу саволга «тегишли давлат органлари» дан жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Муганбанк 20 йиллик фаолиятдан сўнг, ўз фаолиятини тўхтатди. Марказий банк Муганбанк устав капитали етарли эмаслиги сабаб банк лицензиясини бекор қилди. Беш ой олдин Гунай банк ҳам худди шундай сабаб билан ёпилган эди.

Саккиз йил ичида устав капитал талаблари кучайтирилгани ҳамда валюта инқирозига олиб келган нефть нархининг тушиши сабабли 45 та банкнинг деярли ярми 22 тага ёпилди.

Парламентнинг Иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси собиқ ўринбосари, Алиевнинг ҳукмрон «Янги Озарбайжон» партияси аъзоси Али Алиризаев буни қуйидагича изоҳлади:

“Динамик бозор иқтисодиёти шароитида компаниялар бозор муносабатларига мослашиши керак. Бу айбни бошқаларга ағдариш эмас, бу бозор қонуни. Бизда илгари 45 та банк бўлган бўлса, ҳар доим 45 та банк бўлиши керак дегани эмас."

Активлари бўйича Озарбайжондаги беш етакчи банкдан учтаси – Паша Банк, Капитал Банк ва Халқ Банкни Алиевнинг икки қизи ҳамда биринчи хоним Меҳрибон Алиеванинг қариндошлари бошқаради.

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00


Молиявий ҳисоботларида Лейла ва Арзу Алиева ҳамда уларнинг бобоси Ориф Пашаевлар банк бенефициарлари сифатида қайд этилган.

Озарбайжон Марказий банкининг сўнгги маълумотларига кўра, бу банклар 2022 йилда 486 миллион манат (285 миллион доллар), 2023 йилда эса 500 миллион манат (294 миллион доллар) дан ортиқ фойда кўрган.

Озарбайжон Марказий банки ажратилган кредитлар ҳақида саволга жавоб бермади.

Озодлик радиосининг озарбайжон хизматига кўра, Алиевлар банки давлат хизматчиларининг маошларини тақсимлаш ва коммунал тўловларни қабул қилишдан ташқари маҳаллий тадбиркорларга ҳукумат томонидан молиялаштирилган кредитлар ажратишда ҳам марказий роль ўйнайди.

Алиевлар оиласи банкларининг молиявий ҳисоботлари шуни кўрсатдики, ушбу муассасалар маҳаллий тадбиркорлар ва бошқа қарз олувчилардан ТРЖ (Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси) кредитлари бўйича 1 фоиз ставкада 5 фоиздан 7 фоизгача фоиз ундирган. 2022 йилда ТРЖ кредитлашнинг ярмидан кўпи Алиевлар оиласига тегишли банклари орқали берилган.

Марказий банкнинг маълумотларига кўра, Озарбайжон банк секторида фоиз тўловларидан олинган даромад 2023 йилда 3,5 миллиард манатни (2 миллиард доллар) ташкил этган. Бу сумманинг 38 фоизи ёки 1,3 миллиард манат (765 миллион доллар) Алиевлар оиласининг банклари ҳиссасига тўғри келади.

Лейла (чапда) ва Арзу Алиева Боку, 2017 йил май.
Лейла (чапда) ва Арзу Алиева Боку, 2017 йил май.

Озарбайжон Марказий банки истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкаларини ҳозирда 16 фоиз қилиб белгилаган. Мустақил экспертлар эса, ҳақиқий кўрсаткич бундан юқорироқ эканини айтмоқда.

Фуқаролар аллақачон мавжуд кредитларни қайтаришда қийналмоқда ва ривожланаётган монополия вазиятни қийинлаштиради, дейди мустақил иқтисодий таҳлилчи Оллоберди Айдин.

У “Агар банклар ёпилса, ҳукмрон оилага тегишли банклар бозордаги улушини янада оширади. Ёпилган банкларнинг мижозлари ҳам ўша банкларга ўтади, фуқароларда бошқа альтернатива бўлмайди», дея хулоса қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG