Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Ўзбекистон ëш қизларни хавфсизлиги баҳсталаб вакцина билан ëппасига эмламоқчи


Ўзбекистон ҳукумати 9-12 ëшдаги қизларни жинсий йўл орқали ўтувчи одам папиллома вирусига қарши оммавий эмлашни 2018 йилдан миллий дастурга киритган. Дунëда энг кўп тортишувга сабаб бўлаëтган бу вакцина тарафдорлари унинг аëлларнинг кушандаси саналган бачадон бўйни саратонидан ҳимоялашини айтса¸ мухолифлар вакцина мия ва иммунитет фаолиятини жиддий бузишини айтади.

“2018 йилдан Ўзбекистонда дунёда биринчилардан бўлиб, ўсмир қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади”. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб¸ маҳаллий матбуот хабар қилди.

Одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг 9-12 ëшдаги қизлар олиши мажбурий бўлган эмлаш жадвалига киритилганига оид расмий хабар вазирлик сайтида йўқ.

Вазирликнинг бевосита эмлаш дастурига масъул мутасаддиси¸ бу хабарни тасдиқлади. Айни пайтда¸ эмлашнинг қачон бошланиши ҳали аниқ эмаслигини билдирди.

Бу вакцина янаги йилдан киритилади. Ҳозир бу ҳақда матбуотга интерьвю беришга бироз вақтли. Бу вакцина ҳақида ҳар хил гап-сўз бор. Бу ҳақда тўғри гапириш керак. Ўшанинг учун икки-уч кун вақт беринг¸ кейин гаплашамиз”¸ деди одам папиллома вирусига қарши эмлаш дастурига бевосита алоқадор вазирлик мулозими.

Ўзбекистон матбуоти 2014 йил март ойида мактаб ва тиббий муассасаларда 10-12 ëшдаги қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш 2015 йилдан бошланиши ва бу жараëннинг Вакцина ва иммунизация халқаро алянси (GAVI Alliance – Билл ва Мелинда Гейтс ҳомийлик қиладиган гуруҳ) билан ҳамкорликда амалга оширилиши ҳақида хабар тарқатган эди.

Орадан уч йилча вақт ўтиб¸ маҳаллий матбуотнинг айни хабарни қайтадан сарлавҳага чиқарганидан¸ бундай эмлаш дастурининг амалга ошмай қолгани англашилади.

Бу қандай эмлаш?

Одам папиллома вирусига қарши эмлаш¸ халқаро майдонда энг кўп баҳсга сабаб бўлаëтган мавзулардан биридир.

Илмий тадқиқотларга кўра¸ одам папиллома вирусининг 100дан ошиқ тури мавжуд ва жинсий йўл орқали юқувчи бу вируслардан айниқса¸ иккитаси (16 ва 18) 70 фоиз аëлнинг бачадон бўйни саратонига чалинишига сабаб бўлмоқда. Бачадон бўйни саратони эса¸ ривожланган давлатларда сексуал ҳаëтни бошлаган аëллар орасида энг кўп ўлимга сабаб бўлаëтган иккинчи асосий касалликдир.

Ана шу тадқиқотларга асосланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти¸ бу вирусга қарши қизларни 9-13 ëш оралиғида¸ яъни улар жинсий ҳаëт бошлангунга қадар эмлашни тавсия қилади. Жинсий ҳаëт бошлангандан кейин бу вакцинанинг деярли самара бермаслигига ишонилади.

Ҳозирга қадар бу вакцина дунëнинг 45 тараққий қилган давлатида ҳукумат томонидан молияланадиган миллий эмлаш дастурига¸ айримларида мажбурий вакциналар рўйхатига киритилган.

2006 йили Австралияда ишлаб чиқарилган бу вакцина 2007 йили айни мамлакатда ҳукумат томонидан молияланадиган миллий эмлаш дастурига киритилган. Австралияда бу вакцина 2007 йилдан 12 ëшли қизларга¸ 2012 йилдан бошлаб эса¸ айни ëшдаги ўғил болаларга ҳам тавсия этилади .

Одам папиллома вирусига қарши эмлаш Греция¸ Македония каби давлатларда 7 синфдан бошлаб олиниши мажбурий вакциналар рўйхатига қўшилган.

Бу вакцина АҚШда 2007 йилда Озиқ-овқат ва фармацевтика агентлиги рўйхатидан ўтганига қарамай¸ ҳозирга қадар қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш аксар штатларда мажбурий рўйхатга киритилмаган.

Мажбурий эмлаш ғоясига кескин қаршилик кўрсатаëтган консерватив¸ диний гуруҳлар бундай вакцина қизларни эрта жинсий ҳаëт бошлашга рағбатлантириб¸ уларга саратонга элтувчи хавфли вирусдан ҳимояланганлик борасида сохта тасаввур беришини айтади.

2010 йилдан бошлаб Японияда тавсия қилинган вакциналар рўйхатига қўшилган бу эмлаш¸ 2013 йили давлат қўмитаси томонидан мазкур рўйхатдан олиб ташланди. Бунга япониялик олимнинг вакцинанинг мия фаолияти бузилишига сабаб бўлишига оид тадқиқоти асос бўлди.

2017 йил август ойида Колумбия Олий суди¸ мамлакатда беш йил олдин 9 ëшдан бошлаб қизлар учун жорий этилган бу вакцинани мажбурий рўйхатдан чиқарди ва бу вакцинани қилдириш-қилдирмаслик ҳақида қарор бериш давлат ва ҳукумат эмас¸ ҳар бир ота-онанинг ҳаққи¸ деган ҳукм чиқарди.

Бундай қарорга¸ колумбиялик мутахассислар гуруҳининг одам папиллома вирусига қарши эмлашнинг ëш қизлар саломатлиги учун хавфли экани¸ бу вакцина оқибатида турли неврологик ва иммунитет билан боғлиқ жиддий муаммолар туғилгани ҳақидаги шикоят мурожаати сабаб бўлди.

Ўзбекистондан муносабат

Бундай вакцинанинг Ўзбекистонда ҳам мажбурий вакциналар жадвалига киритилишига муносабат¸ Озодлик ўтказган суҳбатлардан аëн бўлишича¸ турлича бўлмоқда.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тошкентлик оналардан бири 11 ва 13 ëшдаги икки қизига узоқ муддатли оқибатлари ҳали тадқиқ қилинмаган бундай вакцина қилдиришга шошмаслигини айтади.

Шу пайтгача шунча вакцина қилишган бўлса¸ бир мартаям рухсат сўрашмаган. Ман олдиндан билдиришлари¸ нимага қанақа эмлашлигини билишни¸ яхшилаб¸ ўқиб-ўрганиб бўлганимдан кейин¸ рухсат беришни хоҳлайман. Қиз болаларга бунақа вакцина опасний¸ шунга олдин ота-оналар нималигини ўзлари билиб-тушуниб олишлари шарт¸ деб ўйлайман. Мактаблар бир оғиз огоҳлантирмайди. Болаларимизни мажбурий олиб кириб¸ мактабда прививка қилдиришади. Ҳаққи йўқ уларнинг бунга. Қизимга тайинлаб қўйганман – вакцина қиламиз¸ деса¸ касалман¸ томоғим оғрияпти дегин¸ деб. Касал болага қилишга ҳаққи йўқ¸ кейин ўзим билволиб¸ ë қилдираман¸ ë қилдирмийман. Ҳар на нималигини суриштириб¸ билвоманда”¸ дейди тошкентлик оналардан бири.

Озодлик суҳбатлашган педиатр врач ҳам¸ мажбурий жадвалга киритиладиган ҳар қандай вакцина устида жиддий илмий ўрганиш лозимлигини айтади.

Биласиз¸ бизда фармацевтика ҳам кимларнингдир катта бизнеси. Қаердандир¸ бирни икки қилиш учун вакцина олиб келиб¸ уни вазирлик орқали ўтказаëтган бўлишларини эҳтимолдан соқит қилмайман. Бунақа вакцинани ëппасига ҳамма қизларимизга қилдиришдан олдин¸ ҳукумат жиддий ўрганиб чиқади¸ деб умид қиламан. Ҳар қалай¸ бу нарсанинг миллат келажагига жиддий таъсир қилишини унутмаслик керак”¸ дейди Озодлик гаплашган врачлардан бири.

Ëш қиз ва йигитларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш тарафдорлари ҳам¸ бундай вакцинани қилдиришдан олдин¸ ота-оналарга тўлиқ маълумот берилиши ва бундай эмлашнинг улар розилиги билан қилиниши муҳимлигини таъкидлайдилар.

"Ҳеч бир ота-она ўз фарзандининг йиллар ўтиб¸ олдини олиш мумкин бўлган саратонга чалинишини истамайди. Лекин саратондан асрайман¸ деб боласининг бошқа оғир дардга чалиниши ҳам ҳеч ким хоҳламайди. Шунинг учун ота-оналарга бундай вакцинанинг нега кераклиги¸ айни пайтда¸ ундан туғиладиган рискларни ҳам яхшилаб тушунтириш керак. Бу жараëн илмий ахборот асосида¸ кўнгилли равишда бўлса¸ мақсадга мувофиқ"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган гинеколог врач.

Ҳозирча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ шунингдек¸ одам папиллома вирусига қарши эмлашни миллий дастурга киритишни тавсия этиб келаëтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари ота-оналарни бундай вакцина заруратидан хабардор қилишнинг қай шаклда бўлишига оид саволларга жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG