Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:45

“Ўзимни ҳалиям хавфсиз ҳис қилмаяпман”: Россияни тарк этган йигит ҳикояси (ВИДЕО)


Сергей Самборский
Сергей Самборский

Сергей Самборский Россияни шошилинч тарк этишидан аввалроқ президентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татьяна Москалкова билан учрашган.

Томскда истиқомат қилувчи Самборский ўтган ой Сибир шаҳридаги энг йирик CОVID-19 касалхонасининг аянчли шароитлари акс этган видеони эълон қилганидан сўнг анчагина танилиб улгурди. Озодлик билан суҳбатда у Москалкова идорасидаги “ишончли” манбалар унга зудлик билан мамлакатни тарк этишни маслаҳат берганини айтди.

“У ердагилар менга Россияда қолмасликни, қолиш жуда хавфли бўлишини уқтиришди”, деди Самборский.

“Қандайдир хавф белгиларини пайқадим деб айта олмайман. Мени ҳеч ким кузатмади ва тўғридан-тўғри таҳдид ҳам бўлгани йўқ, – деди у. – Aммо, биринчи навбатда, мени огоҳлантирган манба ишончли эди. Иккинчидан, атрофимдаги воқеалар хавфли тус ола бошлади”.

Самборскийнинг сўзларига кўра, Томск прокуратураси унинг касалхона устидан тўғридан-тўғри Москвадаги Тергов қўмитасига шикоят билан мурожаат қилганига эътироз билдирган.

Самборский буни “Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг тиббиёт ходимлари билан алоқаси борлигини ва улар қонунбузарликлар ҳақида билса‑да, ҳеч кимни жазоламаслигини билганим учун Москвага бордим”, деб изоҳлади.

Октябрь ойи охирида Самборский 84 ёшли бувиси Томскдаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида реанимацияда даволанаётганини эшитади. Сергейга бувисини кўришга рухсат берилмаган, аммо у бошқа бемордан бувиси нотўғри давланаётгани ҳақида хабар топган.

Шундан сўнг, у ҳимоя воситаларини кийиб, бошқа бўлимдан терапевт эканлигини айтган ва шифохонанинг “қизил зонаси”га кирган. У ўлим билан курашаётган бувисини ўта аянчли санитария талабларига жавоб бермайдиган аҳволда ва юзига кислород ниқоби тақилган ҳолда кўрган.

Унинг юқоридаги ҳолат акс этган видеоси омма орасида резонанс келтириб чиқарди. У касалхона директори Aлександр Холоповни ишга бепарволик ва бувисининг ўлимига сабаб бўлганликда айблаб судга берди.

Москалкова идорасидагилар агар у Томскка қайтса, ўша заҳоти қўлга олинишини айтишган.

“Ўтган кун мен Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хат олдим. Aммо мен ўзим уларга ҳеч қачон шикоят қилмаганман. Бироқ мутасаддилар шахсан ўзим билан боғланишга қарор қилишди. Чунки, уларга муаммони ҳал қилиш бўйича буйруқ берилган, лекин аслини олганда эса, улар ҳеч қандай жиддий қонунбузарликларни аниқламаган.

Якунда эса ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Санитария қоидаларини бузган улар, аммо менинг бошим балога қолди. Шунинг учун ҳам, бошқалар одатда бунга уриниб ҳам кўришмайди.”

Самборский бир кун олдин Россиядан Грузияга жўнаб кетди.

У қилган ишидан афсусланмаслигини айтади.

“Кетишимдан олдин уч кун давомида бувимга далда бўлишга, унга бироз бўлса-да яхшироқ бўлиши учун ҳаракат қилдим. Aлбатта, бу ердан кетишга мажбур бўламан деб ўйламагандим. Лекин бундан афсусда эмасман. Мен яна худди шундай қилган бўлардим”.

У фақатгина, расмий идораларга мурожаат қилганидан афсусдалигини таъкидлаган.

“Бу бефойда эканлигини тушундим”, – деди у. Москва Томскдаги вазиятга бошқача қарашини кутиш ёки президент Владимир Путин чекка минтақалардаги вазиятни билмайди деб ўйлаш соддалик бўлади, деб қўшимча қилган Самборкий.

“Тергов қўмитаси менинг шикоятларимни Томск терговчиларига юборган. Мен учун асосий хавф ҳам аслида шу”, дейди у.

Мутахассислиги пайвандчи бўлган Самборский бувиси вафот этганидан сўнг Томскда уни ушлаб турадиган нарса қолмаганини, шифохонадаги можаро туфайли ишдан ҳам бўшатилганини таъкидлаган.

У Грузияда уни яхши кутиб олишганини ва тезда иш топишга муваффақ бўлганини маълум қилди.

“Aммо ўзимни ҳалиям хавфсиз ҳис қилмаяпман. Вазият тақозо қилса, бошқа жойга кўчишим ҳам мумкин”, деган Самборский сўзи якунида.

XS
SM
MD
LG