Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:30

"Тарозига туринг!" - Ўзбекистонда ҳамширалар уйма-уй юриб одамлар танасини ўлчамоқда


Хонадонлар эшигини тақиллатаётган соғлиқ посбонлари фақат одамларнинг вазни ва тана кўринишини дафтарга тушираётгани йўқ
Хонадонлар эшигини тақиллатаётган соғлиқ посбонлари фақат одамларнинг вазни ва тана кўринишини дафтарга тушираётгани йўқ

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг уйма-уй юриб, одамлар таналарини ўлчаётгани ҳажв ва хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган шифокорлар бу антропономик тадқиқот бўлиб, Ўзбекистон президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ амалга оширилаётганини айтишди.

Хоразмнинг Урганч туманида яшовчи 78 ёшли Шакаржон Мадраимова халат кийган ҳамшираларнинг уйига эшик тақиллатиб кириб келиши кутилмаган ҳол бўлганини айтади.

"Қўлида тарози, ўлчаймиз, дейди. Қўрқиб кетдим. Яна бирининг қўлида метр. Кўкрак ва қорин қисмини ўлчашди. Кейин тарозига туринг, дейишди. Сизники ҳаммаси меъёрида экан, деб ҳаммасини дафтарга тушириб кетишди. Қўшнилардан сўрасам уларни ҳам тарозига тортиб ўлчаб кетишибди", - дейди Мадраимова.

Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.
Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.

Хонадонлар эшигини тақиллатаётган соғлиқ посбонлари фақат одамларнинг вазни ва тана кўринишини дафтарга тушираётгани йўқ.

Улар ҳар бир оиланинг кундалик ҳаёти билан ҳам қизиқмоқда.

"Ит борми, мушук борми. Гигиена учун уйда сув борми. Уйда нечта одам яшайди. Четга кетганлар борми. Худди бир хавфсизлик хизматининг айғоқчисидай уйда нечта одам туришидан тортиб нима иш билан шуғулланишлари ҳақида ҳам сўраб, дафтарга ёзяпти. Нима учун қиляпсизлар буни, десак тушунтириб бера олишмайди", -дейди Урганч туманида яшовчи Султон Бекжонов.

Урганч туман Тиббиёт бирлашмаси шифокори Қуронбой Рўзметов Озодлик билан суҳбатда хавотирлар ўринсизлигини айтар бу антропономик текширувлар Ўзбекистон президентининг "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2020 йил 12 ноябрь кунги фармонига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлайди.

"Одамларни соғлигини ўйлаб қилинаётган иш бу. Фақат вазни ўлчанаётгани йўқ. Қон босими, нафас олиш тезлиги ва пулси, бўй, бўйи узунлиги вазнига тўғри келадими, бел ҳажми ҳам каби маълумотлар тўпланяпти. Уйда болалар бўлса, бошининг ҳажми ҳам ўлчаняпти, боланинг ривожланиши, ўсиши қандай. Ҳаммаси йиғиляпти. Вазни катта бўлса ёки бошқа ўлчамлари меъёрга тўғри келмаса, уларга соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади", - дейди Рўзметов.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, бошланишида Хоразм вилоятида тажриба тариқасида бошланган бу тадқиқот ҳозирда бутун мамлакат миқёсида ўтказилмоқда.

"Мақсад ягона электрон маълумотлар базасини тузиб, соғлиги хавф ёқасига келганлар гуруҳини аниқлаш. Коронавирус пандемияси юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет касаллигига моил бўлган жуда кўп вазнли одамлар борлигини кўрсатди", - дейди исми очиқланмаслигини сўраган ССВ расмийси.

Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.
Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.

"Эгним 56, оёғим 42-мидией, валлоҳу аълам..."

Ижтимоий тармоқларда халат кийган тиббиёт ходимларининг уйма-уй юриб, одамлар таналарини ўлчаётганини ҳажв қилаётганлар ҳам бўлди.

"Текинга кийим тарқатишар экан. Меникини ҳам дафтарга ёзиб қўйинглар. Эгним 56, оёғим 42-мидией, валлоҳу аълам...", - деб ёзди Донёр Аҳмедов исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Йўлдош Хоразмий исмли яна бир фойдаланувчи эса: "Ортиқча вазни борларга гўшт солиғи жорий қилишармиш, гўштни кўп еганлари учун", дея заҳарханда қилди.

Гулчеҳра Қодирова: "Давлатнинг беминнат дастёрлари ҳамширалар бор экан, ички ишлар вазирлиги билан хавфсизлик ҳизматларининиг нима кераги бор. Топшириқ берсангиз, ким уйда нима еб, нима ичаётганигача ёзиб, олиб келиб беради", дея изоҳ қолдирган.

Ўзбекистонлик блоггер Мирза-Анвар Абдулла Ҳамид эса ўз саҳифасида бундай ёзди:

"Ўзбекистон аҳолисининг қон босими, нафас олиш тезлиги ва пулс, бўйи, вазни, бел ҳажми каби маълумотларни тўплайдиган ишчилар жамоалари тузилган бўлиб, улар болаларнинг ҳам ривожланиш аномалиялари учун текшириш, бош ҳажмини ўлчаш билан шуғулланишар экан. Агар, бу иш жиддий бўлса, таҳсинга сазовор, албатта! Аҳолининг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни ягона реестрга жойлаштириш, мамлакат бўйлаб тиббий, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда жуда катта ёрдам беради. Аммо, шунчаки хўжакўрсинга, аҳоли орасида иш олиб борилаётганини кўрсатиш учун қилинаётган бўлса, шунча оламнинг вақти, бу амалиётга сарфланган маблағларга ачинмасдан иложи йўқ! Сардоба фожиаси, пандемия шароити ҳукуматнинг ўз аҳолисининг ижтимоий аҳволи, тиббий муаммоларига панжа орасидан қараётганлигини яққол кўрсатди. Бу тадбирга ҳам аҳоли ана шунга қараб баҳо бериши табиий!".

Cемизлик катта хавфми?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида мамлакатда семизликни камайтириш зарурлиги ҳақида кўп гапирган.

Унинг 2020 йил ноябр ойида имзолаган фармони муқаддимасида “соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш зарур эканлиги” таъкидланган.

Фармонда бундан буён вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳам семизлик даражаси назорат қилиниши айтилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга бориб, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда семизлик ва аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар асосий муаммога айланиши ҳақида ооҳлантирган.

Ташкилот тўрт йил аввал ўтказган тадқиқот Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисми етарли миқдорда сабзавот ва мева-чева истеъмол қилмаслигини кўрсатган.

Мамлакат аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга. Ёши катта фуқаронинг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган.

Аҳолининг 46.3 фоизида қондаги холестерин даражаси юқори бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 январда эълон қилган баёнотида “Ўзбекистон ЖССТнинг махсус тавсиялари ҳамда қувватловидан фойдаланиб, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш йўлида муҳим қадамларни ташлаётгани"айтилади.

Ташкилот фикрича, Ўзбекистон ҳукумати кейинги пайтларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ва овқатланиш сифатини ошириш учун бир қатор чораларни кўрган.

Айни пайтда ЖССТ баёнотида Ўзбекистонда қайд этилаётган барча ўлимларнинг тахминан 79%и юқумли эмас касалликлар эканлиги, бевақт ўлимларнинг бош сабаби эса, юрак қон-томир тизими касалликлари эканлиги қайд этилган. Ташкилот фикрича, бундай кўриниш кашандалик, спиртли ичимликлар ичиш ва носоғлом овқатланиш билан бевосита боғлиқ.

XS
SM
MD
LG