Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Ўзбекистон: Тармоқларда Қозоғистон мавзуси чекланди, блогерлар "огоҳлантирилмоқда"


Ўзбекистонда Қозоғистон воқеаларига қадар ҳам журналист, блогер ва тармоқ фойдаланувчилари устидан қаттиқ назорат ўрнатилган эди. Иллюстратив сурат.
Ўзбекистонда Қозоғистон воқеаларига қадар ҳам журналист, блогер ва тармоқ фойдаланувчилари устидан қаттиқ назорат ўрнатилган эди. Иллюстратив сурат.

Тармоқларда қўшни Қозоғистонда бўлаётган воқеаларни ёритишга уринаётган ўзбекистонлик айрим блогер ва журналистлар ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилгани ва "огоҳлантирилгани"ни айтмоқда.

Маҳаллий ахборот маконида фаолият юритаётган журналист ва блогерлардан Қозоғистон ҳақида “камроқ ёзиш”, “видеоларни тарқатмаслик" ва “намойишларга чақирмаслик” сўралган.

Озодлик суҳбатлашган блогер, журналист ва фаоллар Ўзбекистонда қўшни давлатда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга қизиқиш катта экани, аммо баҳс-мунозаралар асосан, “ошхонада ва тор доирада” кечаётгани ҳақида гапиришди.

"Хавфсизлик хизматидан махсус буйруқ бўлган"

Қозоғистонда бўлаётган ҳодисаларни ёритишга уринган қатор ўзбек блогерлари, журналистлари ва оддий тармоқ фойдаланувчилари ички ишлар бўлимларига “суҳбат”га чақиртирилганликларини айтишмоқда.

Озодликка исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган блогерлардан бири буйруқ Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) дан келиб тушганини айтади:

- Қозоғистондаги воқеалар авж олиб кетмаслиги учун у ердан келаётган видеолар, хабарлар ва аудиоларни электрон саҳифаларга қўйишни тақиқлашяпти. Буйруқ норасмий! Мен ўзим админлик қиладиган каналларга 2-3та видео қўйгандим, Қозоғистондаги мародёрлар ва дўконларни ўғри уриб ётгани тўғрисида. АОКАдан телефон қилишди дарҳол, олиб ташлашни ва бошқа тарқатмасликни сўрашди. Бизга у жараён ҳақида гапирманглар, кўрсатманглар, муҳокама қилманглар, деган талаб қўйишди, - дейди маҳаллий блогер.

У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бутун республика бўйича шундай тартиб амал қилаётганини тахмин қилади.

"Телеграмга қарасангиз, бирорта марказий нашр, радио ва ТВ Қозоғистондаги воқеаларни ёритмаяпти, ҳатто катта блогерлар айланиб ўтди бу масалани, ваҳоланки, роса эътибор қаратадиган мавзу! Телевидение ишлайдиган бир дўстим айтяпти, “Хавфсизлик хизматидан бу масалада махсус буйруқ бўлган, бошингизни оғритманг, мумкин эмас ҳозир, ҳатто муҳокамага кириш бу масалада”.

Унинг тахминича, Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатдаги воқеаларнинг ўз ҳудудида такрорланишидан хавотирга тушган бўлиши мумкин.

Суҳбатдош АОКА ва махсус хизматлар назоратида бўлмаган мустақил блогерва журналистларнинг Интернетдаги фаолияти, расмийлар эътиборини ўзига тортган ва шуларгина “огоҳлантириш” олмоқда. Унинг сўзларига кўра, АОКА мутасаддилари бу буйруқ Давлат хавфсизлик хизматидан келиб тушганини айтишган.

Озодликка хабар йўллаган яна бир андижонлик “Фейсбукдаги Қозоғистон ҳақида постлар қўйиб, улашганим учун турли хил комментлар ёзганимга ДХХ ва профилактика нозири чақиртириб, тушунтириш хати олди”, деб ёзди.

Ўзбек сегментида танилган яна бир қатор фаоллар Озодликка охирги кунларда турли аноним профиллардан "таҳдидлар" бўлаётгани, Қозоғистон мавзусига оид постлар ва комментлар "ҳужумга учраётгани"ни ҳам айтишди.

Фейсбук фойдаланувчилари жиззахлик журналист Муҳаммад Матжон Қозоғистон воқеаларини ёритгани ортидан ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ўзининг охирги постларидан бирида у "отделга бориши кераклиги" тўғрисида хабар қилгани ва 6 январдан бери алоқага чиқмаётгани айтилди.

“Ўзбеклар қачон уйғонади?!” деб ёзиш мумкин эмас!

Озодлик суҳбатлашган блогерларга кўра, Қозоғистон мавзуси тармоқлардаги ёпиқ гуруҳларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Тармоқларда фаол яна бир ўзбекистонлик шу кунларда ички ишлар идорасига “суҳбатга” чақиртирилганлардан бири. У “Ўзбеклар қачон уйғонади?!” номи остига тармоқда қўйган пости учун "назоратга олингани"ни айтади:

- Қозоғистондаги ҳодисаларга бағишлаб шу саволни қўйгандим, холос. “Бундай хавфли гапларни ёзманг, қозоқлар ҳақида ёзманг, тинч юринг”, дейишди ва тилхат ёздириб олишди. “Қозоғистондаги воқеаларни ёритмаслик мажбуриятини бўйнимга оламан, акс ҳолда жавобгарликка тортилишим тўғрисида огоҳлантирилдим”, деган гап ёзиб бердим. Хуллас, профилактик суҳбат бўлди.

Тармоқ фойдаланувчиси нафақат Қозоғистондаги ҳодисаларни ёритаётган, балки бу постларга шунчаки, кескинроқ муносабат билдирган ва изоҳ қолдирган шахслар билан ҳам “тушунтириш ишлари” олиб борилаётганини айтади.

Ўзбекистондаги марказий оммавий ахборот воситаларида ўта чекланган миқдорда Қозоғистондаги ғалаёнлар мавзуси ҳақида лавҳа ва материаллар узатилаётганини кўриш мумкин.

"Одамларга Қозоғистон тўғрисида маълумот етишмаяпти"

Айни пайтда тармоқларда бу мавзуни фаол ёритаётган ўзбекистонликларни ҳам учратиш мумкин.

Журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, “қозоқ исёни” мавзуси “фақат сарой блогерлари ва махсус рухсат олганлар томонидан керакли оҳангда” кўтарилмоқда.

- Қозоқ иши масаласи мутлақо берилмаяпти, десак нотўғри бўлади. Бериляпти, лекин тафсилотларсиз ва қисқа маълумот тарзида, иложи борича ўзининг изоҳисиз. Яъни қандайдир чегара белгиланган. Қозоғистондаги ҳолат билан Ўзбекистонни таққослаш, “Бизда улардан ҳам баттар-ку”, дейиш, Тоқаев ҳукуматини танқид қилиш тақиқланган. Шунингдек, Олмаотадан митинг видеосини қўйсак, халқни қўзғолонга даъват қилган бўларканмиз! Мени ҳам чақиртиришди, “Кўпчилик маълумот бериб ётибди-ку!”, десам, "одамларда биз ҳам шундай қилайлик, дейдиганлар кўпайган”, деяпти. Қонунда, албатта, бундай нарса белгиланмаган, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий журналист.

Айни дамда республиканинг турли минтақаларида жойлашган кўплаб масжидларда Қозоғистон масаласида имомлар томонидан маъруза ва ваъзлар ўқилмоқда.

Озодлик гаплашган Абдукарим исмли ўзбекистонлик диндорнинг сўзларича, охирги бир ҳафта давомида Қозоғистон масаласи аҳоли орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланган.

“Одамларга маълумот етишмаяпти, натижада турли миш-миш ва ёлғонлар ҳам юрибди”, дея давом этади у:

- Қозоғистон ҳақида масжидларда маърузалар бўлиб турибди, асосан сабр, диндош қозоқ халқига ҳамдардликдан нарига ўтилмаяпти. Охирги 2-3 кунда халойиқни эътибори бошқа нарсалар билан “нарх-наво тушаркан, бензин 4700 бўларкан, газларни нархи тушаркан”, деб Қозоғистондаги вазиятдан чалғитишяпти. Одамларимиз илгаригидек, булар ўйлагандек, жуда оми ҳам эмас -Интернетдан керакли маълумотларни олиб, фикрлашяпти, оқ-қорани ажратишяпти. Эшитган мунозараларимдан шуни хулоса қиламанки, ўзбекистонликлар аксари кўчага ҳақ талаб қилиб чиққан оддий халқ тарафида, Тоқаевнинг “террористлар” ҳақидаги чўпчакларига ишонмаяпти, - дейди Абдукарим.

Расмий идоралар сукут сақламоқда

Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан мазкур масала юзасидан ҳозирча жавоб ололгани йўқ. ИИВ расмий сайти ва нашрлари ҳам Қозоғистондаги ҳодисалар борасида сукут сақламоқда.

5 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеалар юзасидан баёнот эълон қилган, унда "донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади”, дейилган эди.

Тармоқларда Олий таълим ва унинг ортидан Халқ таълими вазирлигининг қишки таътилни 24 январгача узайтириш қарори ҳам бевосита Қозоғистондаги вазият билан боғланмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасида “ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” экани қайд этилган, сўз эркинлиги тамойиллари, шунингдек, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги 439-II-сонли Қонунда ҳам белгиланган.

Озодлик Қозоғистондаги воқеаларга қадар ҳам Ўзбекистонда блогер ва тармоқ фаолларига босимлар кучайгани ҳақида ёзган эди.

Ўтган йил октябрида иккинчи муддатга президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўтган сайловлар йилида Ўзбекистонда журналист ва блогерлар, шунингдек, интернет устидан назорат кучайтирилганини қайд этган. Ўзбекистон 2021 йилда ташкилотнинг матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлаб, 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG