Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:53

Ҳокимларни жиловлашдан лотин алифбосигача. Партияларнинг сайловолди дастури


Ўзбекистон, сайлов.
Ўзбекистон, сайлов.

27 октябрь куни Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун сайлов бўлиб ўтади. Сайловга саноқли ҳафталар қолганда мамлакатдаги сиёсий партиялар ОАВ орқали 2025−2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини эълон қила бошлади.

“Адолат” социал-демократик партияси бош ғоя ўлароқ “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” шиорини илгари сурган. 1,1 млн аъзога эга сиёсий партия 2019 йилги сайловда парламентдаги 24 та депутатлик ўрнини эгаллаган эди.

Халқаро экспертлар Ўзбекистонда ижроия тизими қонунчилик ва суд ҳокимиятлари устидан норасмий таъсирга эга эканини танқид қилиб келади. Айниқса, маҳаллий кенгашлардаги “об-ҳаво” ҳокимлар томонидан белгиланиши айтилади.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

“Адолат” партияси сайловолди дастурида ҳудудларда депутатлар ваколатини кучайтириш ва ўзаро тийиб туриш механизмини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатларига тегишли ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқини беришни таклиф этган.

Партия, шунингдек, коррупция билан боғлиқ жиноятлар жазони кучайтириш, етказилган зарарни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни жорий этиш ташаббусини илгари сурган.

Партия дастурида, гарчи аниқ механизмлари кўрсатилмаган бўлса-да, жиноий йўл билан хорижга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш масаласи ҳам кўтарилган.

Суриштирув-тергов пайти фуқароларнинг калтакланиши, тергов изоляторларидан гумонланувчиларнинг жасади чиқиши жамоатчиликнинг хавотирига сабаб бўлиб келмоқда. Шунга кўра, “Адолат” партияси фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар биносида вафот этган тақдирда ҳар бир ҳолат юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бундай турдаги жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф этган.

Партияга кўра, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ички ишлар органларидан Адлия вазирлиги тизимига ўтказилиши керак.

“Адолат” партияси сайловолди дастуридан судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш, жарималар миқдори ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларни фуқароларнинг даромадларига мутаносиб равишда белгилаш, истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектларини хусусийлаштиришни тақиқлаш каби таклифлар ҳам ўрин олган.

OzodNazar: Алишер Қодиров кўпроқ овоз олади деб ўйлагандим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:30 0:00

Ўзини консерватизм мафкурасидаги сиёсий партия дея тақдим этиб келаётган “Миллий тикланиш”нинг сайловолди дастурида оилавий қадриятлар, тил, тарихий мерос каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

“Миллий тикланиш” аъзолари сони 762 мингни ташкил қилади. Беш йил аввалги сайловда партия Қонунчилик палатасидан 36 ўринни олишга муваффақ бўлган.
Мамлакат зиёлилари ўзбек тили мустақилликдан кейинги йилларда ҳам ҳақиқий маънода давлат тили мақомига кўтарилмаганидан надомат чекиб келади.

“Миллий тикланиш” бу борада қонун ҳужжатлари, идоравий ёзишмалар, ташқи рекламалар, мобил операторлар хабарларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш, чет тиллардаги кинофильмларни мамлакат кинотеатрларида намойиш этишда уларни ўзбек тилига мажбурий таржима қилишга қаратилган ҳуқуқий нормани белгилаш, давлат тилида иш юритмаган ташкилот раҳбарларига кескин чоралар кўриш кабиларни таклиф этган.

Партия кўпдан буён пайсалга солиб келинаётган масала – лотин алифбосига ўтиш ҳам якунига етказилиши лозим деган позицияда.

Муҳофазакорлик йўлини танлаган партия таклифига кўра, оилаларнинг бузилишини камайтириш мақсадида ажримлар учун давлат божини ошириш керак.

Гендер ҳуқуқлари йўналишида эса аёлларга мослашувчан иш вақтини жорий қилиш, улар оилада кўпроқ бўлиши учун шарт-шароит яратиш, фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган “Оналик таътили” бериш тизимини жорий қилиш таклиф этилган.

“Миллий тикланиш”, бундан ташқари, рўйхатга олинмаган маданий мерос объектларини аниқлаш ва давлат муҳофазасига олиш, маданий мерос объектларини ижарага бериш тизимини бекор қилиш талабини ҳам илгари сурган.

Ўзини марказ, ўнг-марказ позициядаги партия сифатида тақдим этиб келаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 2019 йилги сайловда парламент қуйи палатасидаги 53 та мандатни қўлга киритган. Ҳозирда партия аъзолари 1,6 млн нафарга етгани айтилади.

Ишбилармон тоифанинг ҳимоячиси бўлган партия мансабдорларнинг тадбиркорлар, фермерлар фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш, улар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув учун жавобгарликни кучайтириш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноят турларини камайтириш каби таклифларни илгари сурган.

Иқтисодий жиноятлар учун қамоққа олиб тергов қилиш амалиётига чек қўйиш, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.
Партия давлат хизматчиларининг бюджет ҳисобидан қимматбаҳо нарсалардан фойдаланишини чеклаш, автомобиллар ва телефонларни давлат ҳисобидан сотиб олишни тартибга солиш лозим деб ҳисоблайди.

ЎзЛиДеП ҳокимларнинг кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши, ҳоким ва маҳаллий кенгашнинг жавобгарлик доираси ва вазифаларини аниқ белгилаш учун 500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатини тизимлаштиришни таклиф қилган.

Сўл позицияда эканини айтиб келаётган Халқ демократик партияси парламентда 22 вакилга эга. Аъзолари сони 704 минг кишини ташкил этади.
ХДПнинг сайловолди дастури 10 та мақсад ва 15 та стратегик қадамни ўз ичига олади.

Партия, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам – ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддийроқ эътибор қаратиш, миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича стандарт қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштириш лозим деб ҳисоблайди. Бу борада ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунининг алоҳида қисми сифатида қонун даражасида мустаҳкамлаш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш орқали давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш, шу жумладан, темир йўл вокзаллари, аэропорт ва шоҳбекатларда кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламалари, светофор ва махсус йўлакларда ногирон шахсларни огоҳлантирувчи овозли электрон жиҳозларни ўрнатиш таклиф қилинган.

ХДПга кўра, “барча фуқаролар учун пенсия ва ижтимоий нафақалар ҳаётий эҳтиёжларни тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришиш” лозим. Бу йўналишда аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини тўлиқ қўшиб ҳисоблаш, эр ёки хотин вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлган турмуш ўртоғига ўтказиб бериш (пенсияни алмаштириш) тартибини жорий этиш, пенсияга чиққач, камида беш йил ишлаб, даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш имкониятини бериш, пенсияни ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича сиёсатни давом эттириш каби талаблар илгари сурилган.

Аллақулов- “Мирзиёевнинг лойиҳаси”ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:56 0:00

Мухолифатсиз сайлов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.

25 сентябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистонда парламент сайловини кузатиш бўйича миссиясини бошлади.

Расмий билдиргига кўра, Дуглас Вейк бошчилигидаги миссия Тошкентда фаолият олиб борадиган 14 нафар халқаро эксперт ва 2 октябрдан бутун мамлакат бўйлаб жойлаштириладиган 26 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат.

Шунингдек, сайлов арафасида 300 нафар қисқа муддатли кузатувчи ҳам келади.

“Миссия сайловларнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятларга ва демократик сайловлар стандартларига, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди”, дейилади хабарда.

ЕХҲТ миссияси президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўтказилган иккита парламент ҳамда учта президент сайловларида сайлов қонунчилиги такомиллаштирилгани, аммо овоз бериш жараёнларида сиёсий рақобат кузатилмаганини айтган.

Ташкилот Ўзбекистон Адлия вазирлиги янги, мухолиф қарашдаги фаолларнинг сиёсий партияга бирлашиш уринишлари қаршиликларга учраганини танқид қилган.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллашгани ва сўз эркинлигига ҳурмат ошгани, бироқ бу мухолиф сиёсий партияларнинг мавжуд эмаслигининг ўрнини қоплай олмаганини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG