Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:30

Ўзбекистонда қачон ҳақиқатан мустақил касаба уюшмаси пайдо бўлади?


Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил “Халқ бирлиги” касаба уюшмасига асос солишга уринган фаол Роза Агайдарова ҳамкасблари билан. Сирдарё, 24 март, 2021.
Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил “Халқ бирлиги” касаба уюшмасига асос солишга уринган фаол Роза Агайдарова ҳамкасблари билан. Сирдарё, 24 март, 2021.

Марказий Осиё янгиликларига ихтисослашган Eurasianet нашри Ўзбекистонда ҳеч қачон касаба уюшмалари мустақил бўлмагани, улар ҳозир ҳам ишчи-ходимлар манфаатларига хизмат қилмаётганига эътибор қаратди.

Нашр муаллифи Свеня Петерсеннинг ёзишича, бундан олти йил олдин ҳокимиятга келган президент Шавкат Мирзиёевнинг меҳнат ишчиларни ёмон муносабат ва мажбурий меҳнатдан ҳимоя қиладиган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш ваъдаси ҳануз ваъдалигича қолмоқда.

"Мамлакатда бир йил олдин «мустақил» дея тақдим этилаётган уюшма тузилган бўлса-да, унинг аъзолари таъқиблар ҳақида хабар шикоят қилмоқда. Мамлакатда айни дамда кенг қамровли меҳнат ҳуқуқларидан асар ҳам йўқ". деб ёзади муаллиф.

У совет даври, Каримов бошқаруви ҳамда жорий вазиятни қиёсларкан, Каримов даврида Ўзбекистонда касаба уюшмалари тизими совет давридагидан фарқ қилмаганини таъкидлайди: Касаба уюшмалари давлат томонидан бошқарилган ва ишчиларнинг эмас, балки иш берувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилган. Совет Иттифоқи даврида касаба уюшмалари марказлашган ҳолда ташкил этилган ҳамда ишчиларга санаторийлар, кинотеатрлар ёки бошқа дам олиш жойлари учун йўлланма берган. Совет даврида бўлгани каби, Каримов давридаги касаба уюшмалари ҳам ишчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси фонар ëруғида тузилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00

Каримов даврида мустақил, демократик уюшма тузишга изн берилмаганини айтаркан, муаллиф Каримов тузуми назорат қилиб бўлмайдиган халқ ҳаракатлари ва ҳокимият монополиясига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай демократик ғоялардан ҳадиксираганини таъкидлайди.

"Бу тақиқ, шунингдек, совет давридан қолган иқтисодий мафкуранинг давомчиси эди. «Экстенсив иқтисодий модель» деб номланувчи ушбу қарашга кўра, ишлаб чиқариш кўлами фақат меҳнат каби харажатларга боғлиқдир. Мазкур моделда ишчи кучи иложи борича кўпроқ бўлиши керак ҳамда ишчилар максимал қобилиятлари билан ишлашлари керак. Содда қилиб айтганда, бу ғоя инсонни эксплуатация қилишга замин яратади. «Экстенсив иқтисодий модель» иқтисодий ўсиш инновация, инвестиция ва сифатли таълим билан боғлиқ, деб ҳисоблайдиган «интенсив иқтисодий» моделнинг тескарисидир".

Eurasianet муаллифининг фикрича, айнан шу мафкура ва мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги туфайли Ўзбекистон жаҳондаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат энг кенг тарқалган мамлакатларнинг бирига айланди, айниқса, мамлакат иқтисодининг энг йирик тармоқларидан бири бўлган пахтачилик соҳасида. 2011 йилда АҚШда бошланган Cotton Campaign («Пахта компанияси») доирасида юзлаб ширкат ўзбек пахтасини сотиб олиш ва қайта ишлашни бойкот қилди. Ўзбекистон пахтаси бойкоти Каримов вафотигача давом этди.

Муаллиф Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бир неча ҳафта ўтиб уч ёки ундан ортиқ ишчига ўз касаба уюшмасини тузишга рухсат бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганини эслатади.

2020 йилда президент уюшмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, касаба уюшмаларига меҳнат шароитларини текширишга рухсат бериш ва ишлаб чиқариш квоталарини бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаб, касаба уюшмалари ҳуқуқларини янада кенгайтирди ва "бутун дунёга "янги Ўзбекистонда" ҳаммаси бошқача бўлиши"ни айтди.

Аммо шундан кейин юз берган жараёнлар, муаллиф назарида унчалик ҳам умидбахш эмас.

Озодлик 2021 йил март ойида Сирдарё вилоятида фаолият юритиб келган Indorama Agro Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида оғир меҳнат шароити ва иш ҳақларининг камлигидан норози бўлган ишчилар Ўзбекистондаги илк мустақил касаба уюшмаси – "Халқ бирлиги" уюшмаси тузгани ҳақида хабар берган.

Уюшма асосчиларидан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Eurasianet га айтишича, уларни Мирзиёевнинг меҳнат бозоридаги ислоҳотларидан хабардор маҳаллий ҳуқуқшунос рағбатлантирган. Бир неча ой ичида «Халқ бирлиги» уюшмасига 700 дан ортиқ одам аъзо бўлган.

Аммо ушбу ташаббусга аъзо бўлганлар тез орада тазйиқларга дуч кела бошлаган.

Касаба уюшма ташкил этилганидан бир кун ўтиб, уюшма аъзолари уларга маҳаллий ҳокимият, полиция ва компания бошлиқлари қўнғироқ қилиб, таҳдид сола бошлаганидан шикоят қилишган. Уюшма ҳаммуассисининг сўзларига кўра, тузук йиғин ташкил этишнинг иложи бўлмаган, чунки бирдан йиғинлар учун бўш жой бўш қолмаган. Уюшма аъзолари кафега кўчиб ўтишганида, сирли равишда электр таъминотида узилиш содир бўлган.

«Халқ бирлиги» мисоли қонунчилик базаси кўп ҳолатларда қонунлигича қолишини, амалда вазият ўзгармаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатлар ҳокимият марказидан олисдаги ҳудудларда, феодал тузум ўнлаб йиллар давомида ўрнашиб қолган жойларда айниқса кўп кузатилади. Eurasia.net муаллифининг хулоса қилишича, юқоридаги ҳолатлардан Мирзиёев қонуни уюшмалар аъзоларини тазйиқ ва қўрқитишлардан ҳимоя қилмагани аён бўлади.

Қароргоҳи Берлинда жойлашган Uzbek Forum for Human Rights («Инсон ҳуқуқлари ўзбек форуми») ташкилотига кўра, «Халқ бирлиги» тезкорлик билан мустақиллик йилларида барча касаба уюшмалари фаолиятини қўлга олган орган – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси (ФТУУ) назоратига ўтказилган. Жорий йилнинг ёзида Мирзиёевга яқин бўлган бир неча юқори лавозимли амалдор давлат лавозимларини тарк этиб, ФТУУ раҳбариятига ўтди. Мақола муаллифига кўра, бу ҳолат давлат ва касаба уюшмалари ўртасидаги чигалликдан далолат беради.

"Суҳбатимиздан бир неча кун ўтиб, - деб ёзади Петерсен,- "Халқ бирлиги" уюшмасининг яна бир аъзоси мен билан алоқага чиқди ва Indorama Agro кўплаб ходимнинг маошини ушлаб қолганини кўрсатувчи ҳужжатларни улашди. Ҳужжатларда эътироф этилишича, кўпчилик ишчи огоҳлантирилмасдан ишдан бўшатилган.

Indorama Agro Eurasianet нашрига электрон почта орқали ёзган мактубида ширкат маош тўловларини "тасодифан тўхтатмаслиги" ва "фаол" ходимлар маошлари ушлаб қолинмагани айтилган.

Аммо бу муаммоларга қарамасдан халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини рағбатлантириш орқали ислоҳотларга ундашга ҳаракат қилмоқда.

Eurasianet нашри жорий йил бошида 2022 йил бошида Cotton Campaign Ўзбекистонга нисбатан бойкотини бекор қилгани ва ўтган ой АҚШ Меҳнат департаменти «маҳаллий пахта корхоналарининг халқаро меҳнат стандартларига риоя қилиш салоҳиятини ошириш ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя қилишнинг самарали тизимларини жорий этиш» учун 2 миллион доллар ажратганига эътибор қаратган.

Муаллифнинг ёзишича, чекловларни юмшатиш ва капиталдан фойдаланиш имконини яратиш орқали юқорида тилга олинган Ғарб гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматини тўғри йўлга йўналтираётганликларига ишонадилар.

"Халқаро мақтов Тошкентни ислоҳотларни давом эттиришга чорлайди. Аммо «Халқ бирлиги» иши ислоҳотларни амалга ошириш қонун қабул қилишдан қийинроқ эканлигини эслатиб туради", деб ёзади Eurasianet нашрида эълон қилинган мақола муаллифи.

Форум

XS
SM
MD
LG