Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:40

"Ўзбекистон 30 йилдан бери бир жойда депсиниб турибди". ЖСТга аъзолик сари узоқ йўл


Президент Шавкат Мирзиёев ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан. Тошкент, 5 июнь, 2024
Президент Шавкат Мирзиёев ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан. Тошкент, 5 июнь, 2024

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ва айни пайтда унинг ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкентда шу ой бошида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) кўмагида ташкиллаштирилган анжуманнинг ўзбек томонидан асосий спикери эди.

Анжумандаги чиқишида у отаси бошлаган ислоҳотларни ҳимоя қилди, аммо мамлакатдаги коррупция ва қонун устуворлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида лом-мим демади.

“Мақсад фақат Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишигина эмас. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган машаққатли, аммо жуда муҳим ислоҳотлар, биринчи навбатда, иқтисодиётимизни барқарорлаштириш, халқимиз турмушини яхшилашга қаратилган”, деди Мирзиёева ўз нутқида.

Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи бунга қадар мамлакатнинг ЖСТга аъзолик борасида бош музокарачиси бўлгани маълум эмас.

Унга қадар музокарачилар кўп бўлган. Музокаралар ҳам. Ўзбекистон ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлат. Бу йил музокаралар бошланганига 30 йил тўлади. Бундан олдинги рекорд Россияга тегишли эди - Россия 18 йил давом этган музокаралар сўнггида ташкилотга қўшилган.

“Камбағаллар учун ёнилғи”: Ўзбекистон ва Қозоғистонда газ ва бензин нархлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:50 0:00

Биринчи президент Ислом Каримов даврида ЖСТ билан тўхтаб қолган музокаралар 2016 йилда Мирзиёев ҳокимиятга келгач жонланди. Аммо аъзолик борасида Тошкент ўз олдига қўйган мўлжаллар бир неча марта ўзгарди.

Эндиликда Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга аъзо бўлишни ўзининг ривожланиш стратегиясида устувор йўналиш қилиб белгилаганини айтмоқда.

Президент Мирзиёев ЖСТ раҳбари билан Тошкентдаги музокаралар чоғида Ўзбекистон тез фурсатда ташкилотга аъзо бўлиши муҳимлигини таъкидлаган.

Жаҳон савдо ташкилоти аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади.

ЖСТга аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.

Аъзолик сари узоқ ва оғриқли йўл

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича 30 йилдан бери музокаралар олиб бормоқда.

Бу минтақа ва жаҳон давлатлари орасида энг узоқ чўзилган музокаралардан биридир.

Таққослаш учун - Тожикистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 9 йил, Қозоғистон 10 йил кутди.

Қирғизистонга эса ташкилотга қўшилиш учун атиги 2 йил керак бўлди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун аризани 1994 йилда топширган. Бироқ, ўша пайтда валюта конвертациясининг чекланганлиги ва давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан зиёд аралашуви каби муаммолар сабаб музокаралар барбод бўлди.

2005 йил Андижондаги қонли воқеалар ортидан музокаралар жараёни буткул тўхтаб қолди.

Экспертларга кўра, Ўзбекистоннинг аъзолик музокаралари узоқ чўзилишига марҳум президент Каримов даврида сиёсий ироданинг етишмагани сабаб бўлган.

Каримов совет услубидаги марказлашган иқтисодиётни сақлаб қолди ва барча соҳаларни бўлгани каби иқтисодиётни ҳам маъмурий-буйруқбозлик тизими асосида бошқариб келди.

Каримовдан мерос қолган ижтимоий-иқтисодий соҳа давлат иштирокининг катталиги, шаффофлик ва эркинликнинг етишмаслиги билан характерланади.

Фарғоналик куёвлар: Мирзиёев қудалари қандай бойиди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:46 0:00

ЖСТга аъзо бўлиш учун Ўзбекистон ички бозорни эркинлаштириши, миллий қонунчиликни ташкилот меъзонларига уйғунлаштириши каби масалалардан тортиб монополияларни чеклаш каби кўплаб талабларни бажариши керак бўлади.

Жаҳон савдо ташкилоти бўйича юридик эксперт Умида Ҳақназарнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳали ҳам монополиялар ёки бозор муносабатларига асосланмаган иқтисод мавжуд.

"Рақобатга асосланган муҳитни яратишда муаммолар ҳали ҳам бор, бу бўйича анча иш қилиш керак бўлади”, дейди эксперт.

Остонадаги Евросиё университети доценти, иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Жаҳон савдо ташкилоти "авторитар давлатларни ёқтирмайди".

"Авторитар режимлар ўзларининг ички бозорларини ҳимоя қилиш, ўзларига яқин олигархларни қўллаб-қувватлаш учун истаган пайт чегараларни ёпиб қўйишлари, товарларнинг эркин ҳаракатланишига чеклов ўрнатишлари мумкин. Буни ЖСТ жуда яхши билади. Россия ва Қозоғистон билан музокараларнинг узоқ давом этгани сабаби ҳам шу", дейди иқтисодчи.

ЖСТга аъзо бўлиш тўғрисидаги битимлар ҳар бир аъзо давлат билан алоҳида муҳокама қилинади, аммо барчаси очиқ, адолатли ва шаффоф сиёсатга асосланган либерал савдо тизимини яратиш талабларини ўз ичига олади.

Ҳозирда Швейцарияда яшаётган собиқ дипломат Алишер Таксановнинг Озодликка айтишича, бундай талаблар Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Ислом Каримовга унчалик ёқмаган, унинг режими Ўзбекистонда иқтисодий ва сиёсий фаолиятнинг барча жабҳаларини қаттиқ назорат қилиб келган.

“Ўзбекистон ўз маҳсулотларини ҳимоялаш учун юқори тарифларни жорий қилган, мамлакат иқтисоди буткул давлатнинг қаттиқ назорати остида эди. Ўша пайтда Жаҳон савдо ташкилоти бюрократик ва маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, иқтисодни либераллаштириш, давлат аралашувини камайтириш каби талабларни қўйди. Каримов собиқ "Госплан" (собиқ СССР Давлат режалаш қўмитаси-таҳр.) раҳбари сифатида бу талабларни бажаришни истамади, советча услубда бошқаришда давом этди”, дейди собиқ дипломат.

2016 йилда Каримов ўлими ортидан ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ҳукумати иқтисодиётни либераллаштириш сари қадамлар қўйди.

Ички бозордаги валюта чекловлари олиб ташланди, экспорт қилувчилар учун тўсиқлар юмшатилди, қўшни давлатлар билан чегаралар очилди.

Экспертларга кўра, эндиликда Мирзиёев ҳукумати ЖСТга аъзо бўлиш каби катта қадамларни ташлашга тайёр кўринади. Алишер Таксановга кўра, бу - иқтисодий зарурат.

“Вазият шуни тақозо қилмоқда. Ўзбекистон 30 йилдан бери бир жойда депсиниб турибди, ривожланиш йўқ. Ривожланиш учун эса дунёга очилиш керак”, дейди Таксанов.

Шу йилнинг 3 июнь куни президент Мирзиёев Ўзбекистон савдо қоидаларини ЖСТ стандартларига яқинлаштиришни назарда тутувчи фармонни имзолади.

Шунингдек, мамлакат Рақамли технологиялар вазирлигига 1 октябрга қадар алоқа операторлари ва интернет-провайдерларига халқаро интернет тармоқларига уланиш имконини берадиган тартибларни ишлаб чиқиш топширилди.

Экспертларга кўра, Интернет тармоғига уланишни эркинлаштириш ЖСТга аъзолик бўйича музокараларда кўтарилаётган асосий талаблардан бири.

Фармон 1 январга қадар “давлат харидлари соҳасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш”ни назарда тутади. Ҳужжатда шунингдек, 2024 йил охиригача “республикадаги амалдаги божхона тўловлари, йиғимлари ва харажатларини ЖСТ табларига мувофиқлаштириш” бўйича қилиниши керак бўлган чора-тадбирлар белгиланган.

Озодлик суриштируви: Миллиардлаб долларлик COVID бизнеси ҳам Мирзиëев учун Шоввозсойни қурган олигархларга тегди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:04 0:00

Мирзиёев Ўзбекистоннинг ислоҳотлар жараёнига содиқлигини кўрсатиш учун ҳар ой фармонда келтирилган қоидалар ижроси юзасидан ҳисобот бериб бориш учун Идоралараро ишчи гуруҳ тузишни буюрди.

Лекин, талаблар фақат шуларгина эмас.

Ўзбекистон бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтгани йўқ ва иқтисодиётнинг муҳим қисми ҳамон марказлашган давлат муассасалари томонидан назорат қилинади.

Умида Ҳақназарнинг айтишича, ЖСТга аъзолик йўлида энг асосий муаммо иқтисодиётдаги давлат улуши, давлат аралашувини камайтириш масаласидир.

“Рақобат қанча кучли бўлса, иқтисод шунча кўп ривожланади ва давлат ғазнасига шунча кўп пул тушади. Давлат регулятор бўлиши керак, оператор эмас”, дейди эксперт.

Яна бир муаммо - субсидиялар. Ўзбекистон ҳукумати аҳоли томонидан монополиячи сифатида танқид қилинадиган назорат пакети давлатга тегишли бўлган йирик корхоналарга миллиардлаб субсидиялар ажратиб келади. Бу эса ЖСТ қоидаларига зиддир.

Таҳлилчилар ўтган ҳафта узоқ кутилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг қарийб бир йил кечикиб президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланиши ҳам ЖСТга аъзолик йўлидаги қадам эканини айтишмоқда.

ЖСТ қоидалари барча маҳаллий ва хорижий корхоналар учун тенг шароит яратилишини назарда тутади.

“ЖСТда камситувчи меъёрлар тақиқланган. Ҳаммага бир хил имтиёз берилиши керак. Бу экспортга махсулот чиқаради, деб давлат субсидиялар бериши мумкин эмас. Ё ҳаммага берилиши ё берилмаслиги керак”, дейди Умида Ҳақназар.

Ўзбекистонга хорижий товарларни олиб киришда ўта юқори солиқ ставкалари қўлланилади. UzAutoMotors монополияси бунга типик мисол. Ўзбекистонликлар четдан машина олиб кириш учун икки баравардан ортиқ бож ва солиқ тўлашга мажбур.

Нафақат машиналар.

Тошкентлик мустақил журналист Марина Козлова монополия ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларига кириб улгурганини таъкидлайди.

“Оддий консерва махсулотлари қўшни давлатларга қараганда бизда анча қиммат. Европадаги танишларим билан гаплашаман, кийим-кечак, озиқ-овқат уларда арзон. Нима учун? Сабаби тарифлар. Агар Ўзбекистон ЖСТга қўшилса, дўконларда хилма-хиллик кўпаяди. Нафақат Қозоғистон ёки Россия, балки Европа махсулотлари кўпаяди ва ўз ўзидан нарх тушади”, дейди журналист.

Сўров: Нарх-наво сизга қандай таъсир қилмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:56 0:00

ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

Мирзиёев ҳукумати ташкилотга аъзолик Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини кенгайтиради ва мамлакат иқтисодиётини хорижий инвесторлар учун жозибадор қилади, деган ишончда.

АҚШ Савдо вакили Кетрин Тай ўтган ҳафта Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувида Вашингтон Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирди ва GSP тизими доирасида савдо имтиёзлари беришни қайта тиклаш ниятини тасдиқлади.

Аксар маҳаллий мутахассисларга кўра, саноати ривожланмаган ва асосан хомашё экспортига таянувчи Ўзбекистоннинг ЖСТ аъзолигига қабул қилиниши бу мамлакат учун катта фойда келтиради.

ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ ташқи савдони либераллаштириш реал ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига, Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигига ва нарх-навонинг пасайишига олиб келади.

Ҳозирда мамлакат учта савдо режимида ишламоқда. Ўзбекистон МДҲнинг ўнта давлати билан эркин савдо битимлари тузган. Шунингдек, мамлакат 47 та ҳамкор, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат, Хитой, АҚШ ва Туркия билан икки томонлама шартномаларга эга.

Бошқа барча давлатлар билан савдо қилиш учун Ўзбекистон тўлиқ тарифни қўллайди.

Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун ариза берган. Ҳозирда мамлакат унинг ишида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG