Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Ўзбекистон ислом молиясини жалб қилмоқчи, аммо “ҳалол бозор”га тўсиқлар кўп


Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида, 2 май, 2024
Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида, 2 май, 2024

2 май куни Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида чиқиш қилган ва хусусан, Саудия, БАА, Ўмон расмийлари билан сўзлашган президент Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистонда ислом сармояси учун барча шарт-шароит яратилишини ваъда қилди.

Куни кеча Anorbank ва халқаро Ислом корпорацияси Ўзбекистонда илк ислом банкини очиш ҳақида келишув ҳам имзолади.

Нега айнан Anorbank танланди - расмий хабарда бунга бирор изоҳ йўқ. Бу энг кўп реклама қилинаётган ва фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлган банклардан бири.

Ўзбекистонда ислом банки тизимини йўлга қўйиш ҳақида йиллардан буён айтилади, аммо шу пайтгача амалга ошгани йўқ.

Аксар экспертлар, Ўзбекистоннинг эркин бўлмаган банк тизими ҳамда юқори инфляция билан, бундан кейин ҳам ислом банки бўлишига шубҳа қилмоқдалар.

---------------------------------------


2 май куни Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлиси бўлди.

Расмий хабарга кўра, тадбирда асосан мусулмон ўлкалар, жумладан Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ва бошқалар қатнашган.

Форумга дунёнинг 93 мамлакатидан икки ярим минг нафардан зиёд хорижий меҳмон боргани айтилди. Президент бу форумда асосий эътиборни яна сармояга қаратди.

“Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар “умидларни оқламаётгани”, ўтган йилда ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайганига алоҳида урғу берди.

Маълумки, аввалига “Ковид-19” пандемияси, унинг ортидан Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиё мамлакатларига йўналган молиявий кўмак ва сармояни нисбатан сустлаштиргани кузатилмоқда.

Минтақадаги анъанавий йирик ўйинчи - Россия уруш билан овора ҳамда Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида.

Натижада, Марказий Осиё минтақаси сўнгги бир неча йилда кўпроқ Хитой, Туркия ва асосан, араб давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кучайтиришга уринмоқда.

Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев, 2 май куни, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Ўмон расмийлари билан яна “савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда”музокаралар ўтказгани айтилди.

Расмий Тошкент сармоя сўраб юзланаётган бу давлатларнинг барчаси ислом давлатлари ва уларда молия, савдо ёки сармоя муносабатлари шариат асосида юритилади.

27-30 апрель кунлари Риёдда бўлган Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) йиллик анжуманида айнан шу ҳақда гап борди. Иштирокчилар яна бир бор, Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш шартини илгари сурди.

Хабарларга кўра, музокаралар натижасида, Anorbank Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган.

Меморандум, томонлар биргаликда Ўзбекистонда биринчи “Исломий банк”ини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқишини кўзда тутади.

Ислом молияси:

  • Ислом молияси - пул маблағларидан фойдаланиш ва тақсимлаш жараёнида Ислом қоидаларига асосланган молиявий муносабатлар тизими.
  • Ислом банклари - шариат асосидаги молиявий муносабатларни юритувчи тузилма.
  • Ислом банки ва молиявий институтлари қарз/кредит бериш эвазига фоиз ҳисобида фойда олмайди. Бунда фойда лойиҳаларни молиялаштиришдан олинади.
  • Маблағ бизнесга инвестиция қилинади ҳамда фойдаси банк ва омонатчи ўртасида бўлинади. Томонлар фойдага ҳам, зарарга ҳам бирдек шерик бўлади.
  • Бундан ташқари, фаолиятнинг Исломда тақиқланган/ҳаром қилинган турлари молиялаштирилмайди.

Асосий хизмат турлари:

  • “Муробаҳа” - товар нархига устама қўйиладиган ва қўйилмайдиган ҳалол муддатли тўлов. Бунда Ислом банклари маҳсулот ва хизматларни харид қилиш ва кейин уларни муддатли тўловга сотиш билан шуғулланади.
  • “Мушорака” - битта ғоя ёки ишни биргаликда молиялаштириш. Жисмоний шахслар ва корхоналарнинг иштирок этишига рухсат берилади. Анъанавий иқтисодиётда ушбу схемани ҳиссали молиялаштириш, деб аташади.
  • “Музораба”- сармоядор ўз маблағини келгусида бизнесни ривожлантиришга сарфланиши учун молиявий ташкилотга беради. Фойдани тақсимлаш шартлари олдиндан келишиб олинади.


Anorbank - Ўзбекистондаги илк маҳаллий рақамли тижорат банки сифатида тилга олинади.

Расмий хабарга кўра, бу банк бошчилигида очиладиган янги “Исломий банк” Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва хорижий сармояларни жалб этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон қонунчилигида эса исломий шартлар асосида ишловчи банк ёки бошқа турдаги молия институтлари назарда тутилмаган. Яъни, “Исломий банк” очиш учун ҳуқуқий майдоннинг ўзи йўқ.

Бундай шароитда шариатга асосланган банк Ўзбекистонда қандай очилади ва қандай ишлайди - Озодликка маълум бўлишича, бу борада аниқ билан йўл харитаси ҳозирча Ўзбекистондаги банкларнинг ўзида ҳам йўқ.

Фарғоналик банкир Набижон Мамажонов, бундан буён Ўзбекистон ҳукумати “Исломий банк”ни очишга мажбур, деган хулосада.

Мамажонов, ўзининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб тижорий банк очишга уринган ва бунинг учун хорижий сармояни ҳам жалб қила олган, аммо конвертация йўқлиги боис, режасини амалга ошира олмаган.

Мамажоновнинг ишонишича, Россиянинг Украинага босқини боис Ғарб давлатларининг Марказий Осиёга эътибори камайгани фонида, расмий Тошкент араб давлатлари ва хусусан Туркия билан молиявий алоқаларни кучайтиришига туртки бўлмоқда.

Бу давлатлардан келадиган сармоя ва бунинг учун кўрсатиладиган банк ҳамда молия институтлари хизматлари ўз-ўзидан Ўзбекистонда тезлик билан “Исломий банк” тизимини йўлга қўйишни тақозо қилмоқда.

Аммо, Молия вазирлигига яқин Озодлик манбасига кўра, Anorbank - анъанавий, яъни хизмат ҳақи ва фоиз ставкалари юқори бўлган, фаолияти асосан фоиз устига қурилган банклардан биридир.

“Исломий банк” учун, аввало шариатга кўра йиғилган дастлабки капитал бўлиши керак. Бундан ташқари, бу банкни аввалги “Капиталбанк” менежерлари очган ва фақат фоиз ҳисобига иш юритган, системаси шунинг устига қурилган. Оддий классик банк бўлган Anorbank бир айланиб шариат банки бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳозир узоғи билан, бу банкда ҳам “Исломий дарча” очилишини кутиш мумкин. 2020 йиллардан бери банкларда шунақа дарчалар бор. Асосан, хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорациясидан жалб этилган кредитлар бўйича ишлаяпти бу дарчалар”, деди Молия вазирлигига яқин Озодлик манбаси.

Бунга қадар “Халқ банки”, “Туронбанк”, “Трастбанк”, “Ориент Финанс Банк”, “Микрокредитбанк”лар ҳам Ўзбекистонда исломий молия секторини ривожлантириш бўйича ХСРИК билан келишувлар имзолаган.

Ўзбекистондаги банклар 2020 - 2024 йиллар оралиғида ХСРИКдан жалб қилган умумий кредит миқдори 100 миллион АҚШ доллари атрофида

  • ХСРИК - 1999 йилда ташкил қилинган, Жидда шаҳрида жойлашган, Ислом тараққиёт банкининг бир қисмидир.
  • Ташкилот аъзо давлатларда хусусий секторни молиялаштириш, хизмат кўрсатиш ва ташқи инвестицияни жалб қилишда кўмаклашади.
  • Ўзбекистон бу корпорацияга 2004 йил, 14 сентябрда аъзо бўлган.

Аммо, Ўзбекистонда ҳануз “Исломий банк” очилгани йўқ. Аксар банкларда ислом молияси асосида хизмат кўрсатаётган “Ислом дарча”лари фаолият юритмоқда.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистондаги “Ислом дарча”ларидаги хизматлар чекланган. Бу дарчалар орқали хориждан олиб берилаётган кредит миқдори кўпи билан 5 миллион доллар атрофида бўлмоқда.

Бундан ташқари, шариат асосида ислом ўлкаларидан жалб қилинаётган кредитларнинг шартлари ҳам оғир.

“Яъни, ҳозир Ўзбекистонда соф исломий банкка зарурат йўқ, менимча. Агар очилса ҳам, уларнинг молия бозоридаги улуши 2 - 3 фоиздан ошмайди. Яъни, йирик лойиҳаларни шариат шартлари асосида Ўзбекистонда амалга ошириб бўлмайди. Ҳозир ҳукумат бундан манфаатдор, чунки четдан 200 - 300 миллион доллар қўшимча пул кириши мумкин. Аммо одамларда шариат банкида фоиз бўлмайди, деганга ўхшаш мифлар бор. Аслида аҳоли ҳам катта бошланғич тўлов бериб, ҳам рискка шерик бўлиб, шариат банкига пулини бермайди, беролмайди, менимча”, дейди Молия вазирлигига яқин Озодлик манбаси.

Кузатувларга кўра, ҳозир исломий молия сектори дунё бўйлаб, йилига 15% дан 25% гача ўсиб бормоқда. Сўнгги рақамларга кўра, бу секторнинг жаҳондаги жами активи $2,7 триллиондан ортган.

Бу сектор ҳозирда Саудия Арабистони, Эрон, Малайзияда жуда яхши йўлга қўйилган. Бу сектор улуши 3 давлатда жами мавжуд глобал ҳажмнинг 66 фоизини ташкил қилади.

Ислом банклари нафақат аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган ёки ислом давлатларида, балки ғарб давлатларида ҳам ривожланиб бормоқда.

Ҳозирга келиб, бундай молия Марказий Осиёда энг суст бораётган давлат - аҳолиси энг кўп (37 миллиион) ва катта қисми (93 фоизи) мусулмон бўлган Ўзбекистондир.

2023 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, минтақада исломий молиялаштиришнинг умумий ҳажми бор-йўғи 500 миллион долларни ташкил қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури экспертлари кузатувига кўра, постсовет ҳудудида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Озарбайжонда ислом банки ва молиясини ривожлантириш учун катта имконият бор.

Аммо S&P Global Ratings таҳлилчиларига кўра, ислом банкларига бу давлатларда молиявий бозорнинг мураккаблиги ва тўла эркин эмаслиги, аҳоли даромадларининг пастлиги ва инфляция даражасининг юқорилиги, ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд эмаслиги каби жиддий тўсиқлар бор.

Яна бир жиддий омил - ҳуқуқий асоснинг етишмаслиги ва умумиятла, бу давлатларда Ислом дини кишиларнинг шахсий эътиқоди бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида роль ўйнамаслигидир.

Дунёда мусулмон аҳоли сони 1 миллиард 900 миллиондан ортди. Бундан ташқари, мусулмон аҳолининг асосий қисми дунёнинг ривожланаётган давлатларида истиқомат қилади.

Шу боис, ҳозир дунёнинг ривожланган давлатларида банк ва молия институтлари ислом молияси асосидаги хизматларни йўлга қўйган. Жумладан, Deutsche Bank, HSBC, Citi bank каби йирик банкларда ислом молияси асосида хизмат кўрсатадиган шўъбалари бор.

Улар ҳалол манбалардан жалб қилинган кредитларни шариат қоидалари асосида мижозларга тақдим қилади ва хизмат кўрсатади.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ислом молиясини жорий этиш бюджетга қўшимча 100 млн доллар фойда келтиради, деб тахмин қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG