Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:47

Ўшдаги сел: яна икки қурбоннинг жасади Ўзбекистондан топилди


Ўшда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида 14 июль куни тинимсиз ёққан жала туфайли сел тошқини рўй берди. Оқбура дарёси ўзанидан тошиб чиққан сув яқиндаги бозорни босган. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

15 июль куни Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги Шаҳрихонсойдан 19 ёшли ва 10 ёшли опа-сингилнинг жасади топилган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қизларнинг жасади соат 14:30 да топилгани ортидан Андижон шаҳри моргига етказилган.

Аввалроқ ФВВ мазкур каналдан сел оқизиб кетган марҳумаларнинг 6 яшар синглиси жасади топилгани ҳақида маълум қилган эди. Бу уч қиз онасининг жасадини эса қутқарувчилар Оқбура дарёсининг ўзбек-қирғиз чегараси яқинидаги жойидан топишган.

Ўш шаҳар мэрияси маълумотига кўра, она билан унинг уч қизини “Мол-Булак” дам олиш маскани бўлган пайтда сел оқизиб кетган.

Олдинроқ Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бедарак кетган 4 киши бир оила мансублари - 1980 йилда туғилган она ва унинг 19,10 ва 6 яшар фарзандлари эканини билдирган эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ўшдаги марказий бозор сув остида қолганини кўриш мумкин - сел нафақат бозорда сотилаётган товарларни, балки бир неча машинани ҳам оқизиб кетган.

ФВВ маълумотига кўра, сел ортидан Ўш-Гулча-Эргаштом йўли вақтинча ёпиб қўйилган.

Шунингдек, вазирлик шаҳарга туташ Тўлўйкўн ва Ўзгур қишлоқларида эвакуация ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Ўшда сел оқизиб кетган қизлардан бирининг жасади Ўзбекистоннинг Шаҳрихонсой каналидан топилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ФВВ қайдича, 7 яшар қизалоқнинг жасади икки давлат ўртасидаги “Дўстлик” чегара маскани орқали олиб ўтилади.

Вазирлик 15 июль куни қирғиз-ўзбек чегарасига яқин бўлган Каттатерак участкасида Оқбура дарёсидан яна бир аёл жасади топилганини маълум қилган.

Ўш мерияси якшанба оқшомига қадар шаҳардаги вазият ҳақида хабар берди. Мерия маълумотларига кўра, бедарак йўқолган тўрт кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда. Улар тошқин пайтида Толойкон ҳудудидаги дам олиш масканида бўлган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, Тўлўйкўн ҳудудидаги Аравон-Оқбура канали орқали сел оқими 7 та автомобилни олиб ўтган. Жами 134 та уй сув остида қолган, 17 та уйнинг девори вайрон бўлган. 15 та автомобил сел оқибатида зарар кўрган”, — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, тез ёрдам хизматига 30 та қўнғироқ қайд этилган, икки киши касалхонага ётқизилган, қолганларига тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин уйларига жўнатилган.

Ўш шаҳрида ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шаҳар раҳбари сув босган марказий бозорда жойдан ташқари йиғилиш ўтказгани ҳақида ҳокимлик хабар берди.

“Ўш шаҳар ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошқармаси бошлиғи Бахитбек Жетигенов тегишли шаҳар муассаса ва корхоналари раҳбарлари билан сайёр йиғилиш ўтказиб, марказий бозорни кўздан кечирди. Тегишли муассасалар бозор ҳудудини тартибга келтириш устида ишламоқда. Шаҳар ҳокими шунингдек, сел келган Тўлойкон қишлоғига ҳам ташриф буюрди”, дейилади Ўш ҳокимияти хабарида.

Ўш, 14 июль, 2024
Ўш, 14 июль, 2024

Ўшда бошланган сел Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприкнинг ҳам қулашига сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Қирғизистондан оқиб келувчи Оқбура дарёси устига қурилган кўприк оқимга дош беролмай, қулаганини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, қулаган кўприк Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғида жойлашган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел тошқини оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдириб, фуқароларни саросимага тушмасликка чақирган.

Баҳор мавсумидан бери Қирғизистоннинг турли жойларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилмоқда. Қирғиз расмийларига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлигача сел тошқинлари туфайли 170 миллион сўмдан кўпроқ (тақрибан 2 миллион АҚШ доллари) зарар кўрилган. Бу вақт оралиғида табиий офат туфайли 17 киши нобуд бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG