Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Нукусдаги қонли намойишларнинг икки йиллиги: Нима ўзгарди?


Нукусдаги намойишлар, 2 июль, 2022
Нукусдаги намойишлар, 2 июль, 2022

Қорақалпоғистонда камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли намойишлардан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Олий суди “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топгани ва фаолиятини тақиқлагани ўртага чиқди. Ўзбекистон Олий суди бу борада Хўжайли туман судининг шу йил 30 май кунги ҳукмига таянган маълумотни расман тасдиқлагани йўқ, рад ҳам этмади.

Ўзбек матбуоти Конституцияда Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини бекор қилиш таклифи ортидан бошланиб кетган Нукусдаги қонли воқеаларнинг навбатдаги санасини ҳам эътиборсиз қолдирди.

Воқеаларни текшириш учун икки йил аввал тузилган парламент комиссияси ҳанузгача ўз хулосасини эълон қилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев намойишларни бостириш чоғида ҳаддан ташқари куч қўллаш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларга нисбатан қонуний чора кўришга ваъда берган.

Бош прокуратура Нукус воқеалари чоғида қонунни бузганлик ва қийноқ қўллашда айбланган 3 нафар ходим жазога тортилганини айтган.

Қонли намойишлар ортидан зўравонликларга алоқадорликда айбланган 60 дан ортиқ одам, жумладан, намойишлар ташкилотчиси экани айтилган Даулетмурат Тажимуратов қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Озодлик қўлга киритган Хўжайли тумани суди ҳукмида айтилишича, қорақопоғистонлик фаол Парахат Мусапбаров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси билан (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) айбланган:

“Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2024 йил 22 февраль кунги қарори билан “Олға, Қорақалпоғистон” норасмий уюшмаси экстремистик ташкилот деб этироф этилиб, фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган бўлсада, унга тегишли бўлган виртуал гуруҳларда ташкилотнинг сепаратистик мазмундаги ғояларини қўллаб-қувватловчи, Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратловчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, қонуний равишда сайлаб қўйилган ва тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга қаратилган изоҳларни Интернет ва мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлади”.

Худди шундай, қорақалпоғистонлик фаолларни ўзида бирлаштирган “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатининг экстремистик, деб тақиқланиши ҳам юридик жиҳатдан қатор саволларни ўртага чиқармоқда.

Олий суд қарори ҳозиргача очиқ манбаларда эълон қилингани йўқ. Озодликнинг бу борада расмийлардан изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Ҳуқуқшунослар нафақат “Олға, Қорақалпоғистон”, балки умумиятла мамлакат ҳудудида мавжуд бирор ҳаракатга “экстремистик” мақомининг берилиши юридик жиҳатдан ҳануз тушунарсиз масала бўлиб қолаётганини айтишади.

Воқеалар хронологияси

  • 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • Бухородаги иккита суд жараёнида 39 нафар ва 22 нафар қорақалпоғистонликлар зўравонликларга алоқадорликда айбланди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қорақалпоғистоннинг ўзида ҳам қатор суд жараёнлари бўлиб ўтган.
  • Асосий айбланувчи кўрилган қорақалпоғистонлик журналист Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган. У айбларни рад этган ва ўзининг қийноққа солинганини иддао қилган.

Ўтган йили журналист Даулетмурат Тажимуратов ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Сергей Майоров Нукус воқеаларидан кейин кўрилган ишларда айбланувчиларга нисбатан “сепаратизм” айблови илгари сурилганини қайд этади.

Майоров, Олий суднинг жамоатчиликка ошкор қилинмаган қарори ортидан - Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган “экстремизм” айбловининг бугунги кунда Қорақалпоғистондаги фаолларга нисбатан қўлланишини юрист сифатида нотўғри, деб ҳисоблашини айтади.

“Бизнинг қонунчиликда кўпинча диний экстремизм қўлланади. Экстремизм билан сепаратизм мутлақо бошқа-бошқа тушунчалар. Сепаратизм бу давлатдан ажралиб чиқишга ёки давлат ичида, лекин автоном ёки алоҳида ажралиб турувчи қандайдир тузилмаларни тузишга ёхуд ушбу доирадан ташқарида қандайдир учинчи давлатни тузишга қаратилган ҳаракатдир. У амалдаги қонунчиликни бузиб, давлатнинг емирилишини талаб қилади. Экстремизм, айниқса диний экстремизм бу бошқа динлар мансубларининг қарашларини қабул қилмаслик ва уларга нисбатан тақиқланган чораларни қўллаш, хусусан, жиноятлар содир этиш ва зўравонлик қилишдир. Хуллас, бу иккиси турли тушунчалар. Даулетмурат сепаратизм ва яна баъзи моддалар бўйича судланган, бироқ экстремизмда айбланган эмас”.

2022 йил Нукусда бўлган намойишлар ортидан, унга сабаб бўлган конституциявий ўзгаришлар бекор бўлди - бош қонунда суверен давлат ичидаги суверен республика мақоми сақлаб қолинди.

Аммо, Қорақалпоғистон - Ўзбекистон ва хусусан Марказий Осиёда бўлгинчилик таҳликаси мавжуд бир минтақа сифатида халқаро жамоатчиликка диққатига тушди.

“Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидаги мақоми қонунийлиги масаласини биринчи бўлиб «Олға Қорақалпоғистон» фаоллари 2013 йиллардаёқ кўтарган ва бунга жавобан қаттиқ репрессияга учраган эдилар. Нукус воқеалари Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистонга нисбатан асл ички сиёсатини фош қилди. Бу воқеаларнинг оқибатлари билан Андижон воқеаларидан кейинги қатағон усулларида ўхшашлик бор. Ўшанда ҳукумат қонли воқеаларнинг барча гувоҳлари устидан тўлиқ назорат ўрнатган, жабрланганлар манфаатини кўзлаб очиқ баёнот берган хориждаги жамоатчилик фаолларининг ҳаммасини қидирувга берганди. Шу йил февралда “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатининг Ўзбекистон Олий суди томонидан экстремистик ташкилот, деб топилиши адолатсиз қарор. Назаримда, бу “Олға Қорақалпоғистон” лидерларида сиёсий маданият йўқлиги учун берилган намойишкорона жазодир”, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева.

Ҳуқуқ фаоллари, Ўзбекистон Олий суди ими-жимида қабул қилган қарор қорақалпоқ фаолларига нисбатан таъқибларнинг янги тўлқинини бошлаб беришидан хавотирда.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Виталий Пономаревга кўра, Хўжайли туманида кўрилган жиноят ишида “Олға, Қорақалпоғистон” аъзолари аниқланаётгани ўртага чиққан.

Фаолга кўра, тергов материалларида ижтимоий тармоқларда турли тахаллуслар остида танилган 18 кишининг номи бор, уларнинг бир қисми Қозоғистон фуқароларидир:

“2016 йилдан кейин Ўзбекистонда экстремизмга қарши қонунчиликнинг Россия модели асос қилиб олинди. Бу қонунчиликнинг камчиликлари ўз вақтида Венеция комиссияси хулосаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларида қайд этилган. Гап қонунчиликда экстремизмга берилган таърифидаги ўта ноаниқ чегаралар ва судлар томонидан гуманитар экспертизанинг мунозарали қўлланиши ҳақида бормоқда, шу билан бирга самарали апелляция имконияти деярли йўқ”.

Сўнгги ойларда Қозоғистондан паноҳ топган қорақалпоқ фаолларига нисбатан тақибларнинг кучайгани кузатилмоқда.

Шу йил давомида бу давлатдаги икки фаол - “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатининг 31 яшар аъзоси Расул Жуманиязов ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Ақилбек Муратбай қўлга олинди.

Авввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қозоғистондан бошпана сўраган беш қорақалпоғистонлик аризасини кўриб чиқишга чақирган.

БМТ хатида Жангелди Жақсимбетов, Райса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Юлдашевалар номи тилга олинган.

Бу фаоллар 2022 йилда Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган ва 12 ой Қозоғистонда ҳибсда сақланган, сўнгра озод қилинган.

Сўнгги янгиликлардан бири куни кеча пайдо бўлди. Таниқли адвокат Бен Кейт Буюк Британиядан ҳимоя сўраган қорақалпоқ диссиденти номидан бошпана сўровини британ маҳкамасига тақдим қилганини билдирди.

Бен Кейт – Буюк Британия ва Европада танилган 5SAH адвокатлар бюросининг аъзосидир.

Унинг маълум қилишича, Буюк Британиядан бошпана сўраган шахс Қорақалпоғистон мустақиллигини даъво қилгач, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва қийноққа солинганлар орасида бўлган.

Адвокат ўзи ҳимоясига киришган қорақалпоғистонлик фаолнинг шахсини ошкор қилгани йўқ.

  • “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракати тарихи 2008 йилнинг сентябрига бориб тақалади.
  • Ҳаракат лидери Аман Сагидуллаев 2023 йил 10 майда Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилишда айбланиб, сиртдан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
  • Аммо, Нукус туманининг собиқ ҳокими бўлган 57 яшар Сагидуллаев Ўзбекистонни 2011 йилда тарк этган. Ўшанда у Жиноят Кодексининг 3 моддаси - 167, 205, 209-моддаларига асосан катта миқдордаги талон-торожда айбланган эди.
  • Сагидуллаев ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб келади. У доимий равишда Қорақалпоғистон мустақиллигига тинч йўл билан эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлайди.
  • Сагидуллаев фикрича, бу айирмачилик эмас, балки мухтор ҳудудга Конституцияга мувофиқ равишда берилган ҳуқуқ ҳисобланади.

Европада яшаётган қорақалпоқ фаоли Кўшкарбай Тўремуратов Сагидуллаевнинг фикрларини қўллаб-қувватлайди.

Тўремуратов Қозоғистонда яшаётган диаспора марказини ташкил қилган фаоллардан биридир. У Ақилбек Муратов билан биргаликда ишлаган.

Тўремуратов 2014 йилда Ўзбекистонда сепаратизмда айбланиб қўлга олинган ва 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган. У айбларни тан олмаган, ўзига нисбатан қийноқ қўлланганини иддао қилган.

“2014 йил 17 декабр санасидан 2015 йил 30 май санасига қадар Нукус шаҳрида СНБ (собиқ МХХ-таҳр.) камераларида ўтирган ва оғир қийноқларни бошидан кечирган одамман. Сўроқлар чоғи мени: “Қозоғистон Республикаси қачон қорақалпоқлардан фойдаланиб Қорақалпоғистон Республикасини аннексия қилади?” дея қистовга олишарди. Шу замондан бошлаб мен СНБнинг назарида жиноятчиман. 2024 йили Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига бир тарафлама ўзгартиш киритишини эълон қилган пайтда мен ўз Ютуб-каналимда ва Қозоғистон Республикаси расмий ТВсида, шунингдек Озодлик радиоси қозоқ хизмати билан суҳбатларда бунга қаршилигимни, Қозоғистондаги қорақалпоқлар ҳам норозилигини билдирганман. 2022 йил 4 июл санасида Олмаотадаги Ўзбекистон бош консулхонасида Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакиллари билан бўлган учрашувда мен Ўзбекистон Республикасини қатағонларда, хусусан Даулетмурат Тажимуратовни айбсиз қамоққа олганликда айблаганман. Консулликдаги ўша учрашувдан олинган видеолар интернетда тарқалган”, дейди Кўшкарбай Тўремуратов Озодликка берган интервьюсида.

Гарчи Ўзбекистоннинг ўтган йили қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциясида Қорақалпоғистоннинг совет давридан мерос қолган суверен мақоми сақланиб қолган бўлса-да, таҳлилчиларга кўра, қонли воқеалар ортидан расмий Тошкентнинг бу минтақага нисбатан сиёсати ўзгарган.

Бундай ўзгариш биринчи галда Қорақалпоғистондаги давлат бошқарув идоралари ҳамда вазирлар кенгаши раҳбарлари таркибидан бошланди.

Давлат идораларидаги муҳим раҳбарлик лавозимларига кадрлар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан олиб борилаётгани кузатилмоқда.

Республикада раҳбарият янгиланар экан, фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Нукус воқеаларидан кейин бошланган таъқибларни тўхтатишни сўрамоқда.

“Бу ўринда Ўзбекистон олий раҳбарияти сиёсий иродасини кўрсатиши ва мавжуд муаммони тан олиб, унинг манбасини ўрганиши ҳамда буни ҳал қилиш учун қорақалпоқ диссидентлари иштирокида мулоқот бошлаши зарур. Фақат шу йўл билангина Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини ва халқаро ҳамжамият ишончини сақлаб қолиши мумкин”, дейди жумладан инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Атаева.

1 июль куни Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотлари баёнот чиқариб, Ўзбекистоннинг ҳамкорларини Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан адолатни таъминлаш ва фаолларга қарши таъқибларни тўхтатиш борасида расмий Тошкентга таъсир ўтказишга чақирди.

Аввалроқ ташкилот 16 йилга қамалган Даулетмурат Тажимуратовни озод қилишга чақирганди.

Ўзбек расмийлари ўтмишда HRW нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси сифатида ишлаган ҳуқуқ фаоли Стив Свердлоунинг Нукус воқеаларидан сўнг минтақага сафар қилишига рухсат бермаган.

Стив Свердлоу Қорақалпоғистонда сепаратизм хавфи борлиги ҳақидаги расмий хавотирларни савол остига олиб келаётган экспертлардан бири.

“Барча саволларнинг боши Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилги Қорақалпоғистон воқеаларига доир парламент комиссияси ҳисоботини ҳанузгача эълон қилмаётганига, тўлақонли мулоқот йўқлигига бориб тақалади. Ҳолбуки, президент Конституцияга киритиш мўлжалланган тузатишлар олиб ташланишини айтган, қолаверса, аввало тартибсизликлар учун, ҳокимият ходимларининг норозиликни бостириш чоғида қилган хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган эди. Лекин шундан кейин барибир жиловлар қаттиқ тортилганини, овозлар бўғилганини кўрдик ва ўзбек ҳукуматининг бу каби реакцияси бизга эски даврларни эслатмоқда”, дейди Стив Свердлоу.

АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақириб келади.

Бу чақирувларга жавобан президент Мирзиёев воқеалар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказишга ва ҳаддан ташқари куч қўллаган кучишлатар тизимлари ходимларини жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Ҳозирча, 3 ходим жазолангани маълум қилинди. Аммо, халқаро мустақил суриштирувга изн берилмади.

2023 йил 8 ноябрда Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон делегацияси инсон ҳуқуқлари аҳволи сезиларли даражада яхшилангани, шикоят ва талаблар эса асоссизлигини иддао қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG