Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:34

ИИВ: Уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этган Нозим Жумаевга берилган жазо енгилига алмаштирилмайди!


Нозим Жумаев қамоқдаги имтиëзли ҳаëти ҳақида видео чиқарган эди.
Нозим Жумаев қамоқдаги имтиëзли ҳаëти ҳақида видео чиқарган эди.

“Навоий вилояти 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Джумаев Нозим Нарзиевич уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кўрсатилган, муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик далолатномалари қўлланилмайди.”

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси матбуот хизмати 1 апрель куни шундай ахборот тарқатди.

Мазкур баëнот 30 март куни эълон қилинган Озодлик мақоласига берилган расмий жавобдир.

Бу мақолада Ўзбекистон жазони ўташ тизмида “биринчи рақамли жаллод” сифатида ном чиқарган ва 2014 йили 20 йилга қамалган 61 яшар Нозим Жумаевнинг афв қилиниш эҳтимолидан фаолллар ташвишда экани ëзилган эди.

Жумаев масаласини БМТнинг қийноқлар бўйича қўмитасигача олиб чиққан ва махсус тадқиқот эълон қилган фаол Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ҳуқуқ тартибот органларидаги мулозимларга таяниб¸ маҳкум Жумаевга “атайин яратилган енгилликлар ҳақида” ва унинг қамоқдан чиқарган видеолари ҳақида гапирган эди.

ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати маълумотномасида маҳкум Нозим Жумаевнинг қамоқдан видеотасвир чиқарганига оид билдирги ҳам ўрин олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан, бугунги кунда Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда, унинг натижасидан келиб чиққан ҳолда тегишли қарор қабул қилинади".

ИИВ расмий сайтида эълон қилинган маълумотномада қайд қилинишича:

“Маҳкум Н.Джумаевга жазо муддатини ўтаётган бошқа маҳкумлар қатори Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексида назарда тутилган шарт-шароитлар яратилган бўлиб, алоҳида имтиёзлар ёки маълум бир енгилликлар яратилмаган.

Маълумотномада таъкидланишича¸ “Маҳкум Н.Джумаев уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кўрсатилган, муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик далолатномалари қўлланилмайди.

Шунингдек маълумотномада маҳкум жазо ўтаëтган пайтда унга муддат қўшиб берилгани билдирилади:

“Навоий вилояти 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Джумаев Нозим Нарзиевич муқаддам оғир турдаги жиноятларни содир қилганлиги учун 4 маротаба судланиб, яна уюшган жиноий гуруҳ таркибида ўта оғир турдаги жиноятни содир этиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари, маҳкум Н.Джумаев жазо муддатини ўташ давомида мунтазам равишда белгиланган ички тартиб қоидаларни бузиб келганлиги сабабли унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 112-моддаси талабларига мувофиқ сақлаш режимини ашаддий бузувчи – деб топилган. Навоий шаҳар судининг 2019 йил 2 октябрдаги ажримига кўра, унинг жазони ўташ тартиби ўзгартирилиб, қаттиқ тартибли колониядан 3 йил муддатга турма тартибига ўтказилган.”

Озoдликда эълон қилинган мақола¸ ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати маълумотномасида таъкидланишича¸ “жазони ижро этиш тизими бўйича салбий фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлган".

Озодлик 30 март куни инсон ҳуқуқлари фаоллари хавотирларига муносабат билдиришни сўраб Жазони ижро этиш бош бошқармаси матбуот хизмати билан боғланган¸ аммо хизмат ходими тилга олинган аксар маълумот ва танқидлар бўйича изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланган эди.

XS
SM
MD
LG