Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:19

Ўзбекистоннинг "номақбуллар" қонуни кимга қарши қаратилган?


Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг 25 июнь кунги йиғилишида қабул қилинди.
Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг 25 июнь кунги йиғилишида қабул қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси учинчи ўқишда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни номақбул деб эътироф этиш ва уларнинг мамлакат ҳудудига киришини беш йилга тақиқлаш имконини берувчи ўзгартишларни маъқуллади.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг 25 июнь кунги йиғилишида қабул қилинди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига киритилмоқда. Улар чет элликларни мамлакатда қолишни истамаган деб тан олиш асослари ва тартибини белгилайди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқади.

Хўш, қайси ҳаракатлар хорижликлар ёки фуқаролиги йўқ шахсларнинг Ўзбекистонга киритилмаслиги ёки мамлакатдан чиқариб юборилишига асос бўла олади?

  • Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган,
  • давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатувчи,
  • Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихини обрўсизлантирадиган оммавий чақириқлар ёки ҳаракатлар.

Чеклов қандай кўринишга эга?

Номақбул деб топилган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга кириши беш йилга тақиқланади.

Шунингдек, улар:

  • банкларда ҳисобварақ очиш,
  • кўчмас мулк сотиб олиш,
  • давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш,

молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.

имкониятига эга бўлмайди.

Ўзгартишлар мамлакат ҳудудида бўлиши тақиқланган шахсларни депортация қилиш тартибини ҳам белгилайди. Хусусан, шахс мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак.

“…Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади," дейилади ҳужжатда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Олдинроқ россиялик баъзи тарғиботчиларнинг Ўзбекистонга қарши баёнотларидан сўнг бир қатор жамоатчилик фаоллари Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг “номақбул шахслар” рўйхатини тузишни таклиф қилишганди.

Хусусан, россиялик пропагандачи ва ёзувчи Захар Прилепиннинг 2023 йил декабр ойида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёноти ортидан Тошкентдаги рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган". “Ўзбекистон суверенитетига таҳдид” деб баҳоланган ушбу можаро босилмасдан россиялик яна бир пропагандачи баҳсли баёнот билан чиқиши маҳаллий фаолларни дарғазаб қилган эди.

Шу йилнинг 22 январь куни Россиянинг НТВ телеканалида эфирга узатилган “Место встречи” ток-шоусида Марказий Осиё республикаларининг ташкил этилиши масаласи муҳокама қилинганди.

Рус империячилиги тарғиботчиси деб таърифланадиган Михаил Смолин кўрсатув давомида ўзбек, қозоқ ва озарбайжонларнинг миллат сифатидаги кўп асрлик тарихини шубҳа остига олди.

Жамоат фаоллари ва ўзбек блогеарлари “рус шовинистларига мулойим ва бағрикенг муносабат”ни тўхтатиб, Смолин каби шахсларга қарши жиноят иши қўзғатиш, Ўзбекистонга киришини тақиқлашга чақиришди.

Бунинг ортидан Ўзбекистонда бу каби баёнотларни ва ғояларни тарқатаётган Россия федерал телеканаллари сонини ҳам чеклаш тўғрисида чақириқлар янграган эди.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган янги қонунга тармоқларда турлича муносабат билдирилмоқда. Айрим фаоллар буни рус пропагандачиларига қарши вақтида берилган жавоб деса, бошқалар қонуннинг талқинларга очиқлиги ва сиёсий мухолифлар ҳамда ҳукумат танқидчиларига қарши қўлланиши мумкинлигидан хавотирда.

@r_kusherbayev:

Муқаддам бир қатор ҳориж сиёсатчилари Ўзбекистонни камситувчи, ҳақоратли баёнотлар билан чиқишганди. Янги қонун келгусида бу каби шовинистларга муносиб жавоб бўлади.

Дилшод Муртазаев:

"Закона Проект об иноагентов" копировать, вставить бўлибдида. Парламентлараро алоқа. Отработаеммиди, нима эди…

NODIRBEK:

Давлат раҳбарини сўкканни давлатни сўкканга тенглаштириб, аслида ҳақиқий жонкуяр патриотларга нисбатан қўллашмаса бўлди бу қонунни. Менима айнан шундай ҳам бўлади.

Айни пайтда танқидчилар ўзбек депутатлари қабул қилган янги қонун билан Россия, унинг ортидан айрим собиқ совет давлатларида қабул қилинган “хорижий агентлар” тўғрисидаги репрессив қонун ўртасида параллел ўтказишмоқда.

Аммо лондондаги таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича янги қонунни "иноагент" қонуни билан адаштирмаслик керак.

- Айрим хориж ватандошларининг киришига тақиқ қўювчи қонун ўзининг камчилик ва ютуқларига эга. Энг аввало, уни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун билан адаштирмаслик керак. Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилувчи нодавлат ташкилотлар фаолиятини назорат қилувчи 2005-2007 йилларда қабул қилинган ҳужжатлар етарлича. “Хорижий агентлар” деб Ўзбекистонда яшовчи ва муайян сабабларга кўра давлат назоратига тушган одамлар назарда тутилади.

“Номақбул” деганда улар кимларни назарда тутяпти? Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид солувчи ва мамлакатга нисбатан адоват қўзғовчи, масалан, Россия таркибига қўшилишга даъват этувчи Прилепинга ўхшаган шахслар назарда тутилган. Албатта, бундай шахсларга нисбатан қандайдир чора кўрилиши керак. Яна бир тоифага кирувчилар - Россияда фуқаролик олиб, Украинага қарши урушда иштирок этаётганларга нисбатан ҳам чора кўрилиши керак, чунки улар ҳам рус империяси агентлари сифатида таҳдид солувчилар бўлиши мумкин. Шунингдек, бизнинг қўшнимиз бўлган қардош Қозоғистонга нисбатан қилинаётган душманона чиқишлар учун ҳам чекловлар киритилиши керак, дейди таҳлилчи.

Хорижий агентлар кимлар?

Бу атама хориждан молиявий ёрдам оладиган ва “хорижий таъсир” остида бўлган ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва одамларга нисбатан ишлатилади.

2024 йилнинг май ўрталарида Грузия парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвили қаршилигига қарамасдан “хорижлик агентлар” тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Грузияда “Россия қонуни” номини олган бу ҳужжат оммавий норозилик чиқишларини келтириб чиқарди. Бунинг ортидан Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузияни молиялаштириш ва кредитлаш тизимини кескин чеклаши, мамлакатнинг Евроиттифоқ билан интеграцияси музлатилиши тўғрисида огоҳлантирди.

“Ҳукмрон партия парламентдаги кўпчиликдан фойдаланиб президентнинг “Россия қонуни”га қўйган ветосини бекор қилиши билан Грузиянинг Европа Иттифоқига йўли энди ёпилди. Фожиа - лекин ҳақиқат”, деб ёзди Х даги саҳифасида Швеция собиқ бош вазири Карл Билдт.

2024 йил апрел ойида Қирғизистон ҳам хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилинган эди.

Мамлакат президенти Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, мамлакатда 30 йи давомида фаолият юритиб келган нодавлат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган ва ҳеч кимга ҳисобот бермаган. Улар фақат банк ҳисобрақамларини очиб, хорижий донорлардан пул олиб, ўз ихтиёрига кўра, шу жумладан, шахсий мақсадларда ишлатган.

"Бундан буён улар ҳам бошқалар қатори Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтади. Банкларда ҳисобрақамлари очилади. Энди очиқ иш бошлайди. Аввалгидек тартибсизлик бўлмайди", деди Садир Жапаров.

Жапаров, шу билан бирга, “хорижий агент” деб эълон қилинганларга нисбатан “ҳеч қандай тақиблар уюштирилмаслиги”га сўз берди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева фикрича, Ўзбекистонда қабул қилинган қонун Шавкат Мирзиёев ҳукмронлиги даврида қабул қилинган бошқа ҳужжатлардан шошилинч қабул қилингани билан фарқланади:

- У амалдорлар ва судларга ўз фикрини очиқча билдирган, Ўзбекистонда инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилган, коррупция билан боғлиқ суриштирувлар олиб бораётган одамларга нисбатан ўз майлига мувофиқ қўллашга имкон беради. Яъни ҳукумат гўё “Ўзбекистон имижига таъсир этувчи” жамоатчилик фикри етакчилари овозларини ўчиришга қаратилган бор имкониятини ишга солади. Бу қонунни айрим жиҳатлардан “хорижий агентлар” қонуни билан солиштирса бўлади. Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ёки мустақил нашрларни қайддан ўтказиш имкони йўқлиги боис энди хорижда яшаётган ва Ўзбекистон ҳукумати бераётган маълумотлардан айри мулоҳазаларни келтираётганлар таъқиб остига тушмоқда.

Дунёнинг қатор бошқа мамлакатларида ҳам хорижий агентлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Улар орасида Украина, Россия, Қирғизистон, АҚШ, Австралия, Венгрия, Исроил бор.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари авторитар тузумга мойил давлатларда бу қонун сўз эркинлигини чеклаш, жамоат ташкилотлари фаолиятини босим остига олиш, хорижий демократия қадриятларини ташвиқ этишга йўналтирилган жамғармалар ва тузилмалар ҳаракатларига тўсқинлик қилишга хизмат қилади, деган фикрда.

- Бу қонуннинг қабул қилиниши эркин овозларни ўчиришга қаратилган янги давр бошланганидан дарак. Ўзбекистон ичкарисидаги ҳукумат танқидчиларининг бари ё қамоқда ёки махсус хизматлар қаттиқ назорати остида. Муайян даражада тармоқларда ёки дипломатлар, БМТ вакиллари билан мулоқотларда ўз фикрларини билдираётган фаоллар эса кузатув остида, уларни “терроризм” бўлими ходимлари тинимсиз “суҳбатларга” чақирмоқда. Бу дегани, фуқаролик жамияти фаоллигини бостириш авж паллада. Энди ҳукумат ўз кучини хорижда қолаётган ва улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганларга қарши қаратди, дейди Надежда Атаева.

Қозоғистонда бундай қонун йўқ.

Айни пайтда, 2023 йил сентябрь ойида Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси томонидан хорижий ва халқаро давлатлар вакиллари, ташкилотлар ва жисмоний шахслардан пул ёки мол-мулк олган шахслар ва ташкилотлар рўйхати эълон қилинди.

Реестрга 240 нафар жисмоний ва юридик шахслар киради. Бу, экспертларнинг фикрига кўра, чет элдан молиялаштириладиган нодавлат ташкилотларининг тўлиқ рўйхати эмас.

Аксар фаоллар Ўзбекистонда қабул қилинган ва “номақбуллар қонуни” номини олган ҳужжат Ўзбекистон суверенитети ва яхлитлигига таҳдид қилувчи хорижликлар, хусусан шовинист ва миллатчи рус сиёсатчиларига қаратилганига ишонмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистонга киритилмаётганлар ва “кириши номақбул” деб топилганлар асосан журналистлар ва чет эл ватандошлигини олган сиёсий фаоллар ҳамда ҳукумат танқидчидаридир.

Улар орасида Британ фуқаролигига эга асли ўзбекистонлик журналист ва режиссёр Шоҳида Ёқуб, ўзбекистонлик фаол Исоқжон Зокиров , польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска, влогер Искандар Македонский, қирғизистонлик блогер ва ижтимоий фаол Баҳром Раҳмон, ёзувчи ва уйғур тили таржимони Евгений Бунин, таниқли ëзувчи ва журналист Ҳамид Исмоил, мухолифатчи Насрулло Сайид, фотомухбир Виктория Ивлева ва бошқалар бор.

Форум

XS
SM
MD
LG