Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Бухоролик ўқитувчилар: Наврўз байрами биз учун қимматга тушди


Бухоро вилоятидан бир-биридан мустақил равишда OzodMikrofonга мурожаат қилган мактаб-коллеж ўқитувчиларининг иддао қилишича, шаҳар марказида ўтказиладиган Наврўз байрами тадбирлари учун улар ишлайдиган ўқув юртларида ҳар бир ўқитувчидан 50-100 минг сўмдан пул йиғиб олинган.

Бундан ташқари ҳар бир мактаб ва коллежга ўзи учун ажратилган павильонда мева-чева, байрам овқатлари ҳамда турли хил пишириқлар тайёрлаб келиб, дастурхон тузаш ва бу дастурхондан сайлга келганларга улашиш мажбурияти юклатилган.

"Овқат пишириш + 50 минг сўм"

Бухоролик ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, Бухоро шаҳрининг “Боқий Бухоро” ёдгорлик мажмуасида 20-21 март кунлари бўлиб ўтган Наврўз сайлига ҳар бир мактаб ва коллеж ўз павильонини турли хил овқатлар ва пишириқлар билан тўлдириши билан бир қаторда улардан пул ҳам йиғиб олинган.

“Бухорода мактаб ўқитувчиларидан 50 минг сўмдан пул йиғиляпти, уйдан идиш-оёқ, турли туман дастурхон ва безаклар олиб келишга мажбурланяпти. Бош тортганларга дарс соатларини қисқартириш билан таҳдид қилинмоқда. Бухоронинг "Боқий Бухоро" ёдгорлик мажмуасида ҳар бир мактаб учун Наврўзга аталган павильон ажратилган. Дастурхон безаш учун овқатлар, пишириқлар тортиқ қилинади. Чиновниклар ҳокимиятдан келиб, еб кетишади. Кимга керак бундай аҳмоқгарчилик. Ўқитувчи бу пулни байрам олди ўз оиласига харж қилса яхшимасми, ўша болалари ризқини. Нега яна ўкитувчилар? Ҳокимият байрамни ташкиллаштириш учун пули бўлмаса, қилмасин ўқитувчини қийнаб. Рости гап, безор бўлдик”.

"Наврўз" учун ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам дарсдан қолди"

"Боқий Бухоро" мажмуасида 20 март куни бўлиб ўтган сайлда иштирок этган бошқа мактабнинг ўқитувчиси ҳам байрам учун пул йиғилганини айтди:

“Пул йиғилганда ҳеч қандай ведомость ташкил қилинмай, шунчаки терилгани хам рост. Шаҳарнинг барча мактаблари ўзига ажратилган павильонда турли миллий таомлардан иборат дастурхон безагани, ўша павильонни Наврўз руҳидаги расмлар, гуллару-майсалар, миллий матолар билан безагани рост. Ўкувчи ва ўқитувчилар миллий кийимларда келиб номерлар қўйишгани рост. Шу қўйилган намойишларига репетиция қилиш учун ўқувчилар бир неча кунлаб дарслардан колишгани хам рост. Ўша таомларни пиширишга ўқитувчилар мажбурлангани рост. Бундай жамоат ишлари ўқитувчиларнинг жон-жонига тегиб кетгани ҳам рост!”

"Коллежларга солинган ўлпон баланд бўлди"

Бухоро тиббиёт коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири, Наврўз байрамини ўтказиш учун улардан юз минг сўмдан пул йиғилганини айтди:

“Мактабларда 50 минг сўмдан йиғилган бўлса, биздан 100 минг сўмдан йиғиб олинди. Бунинг қанчаси сайлга кетди, қанчаси чап чўнтакка кетди, бизга ҳисобот беришмайди, чунки қора ведомость бу. Коллежда юздан ортиқ ўқитувчи ишлайди. Билмадим бунча пулга нима қилишади экан. Сайлга лимон, апелсин ва бошқа мева-чева олиб бориб, бепул тарқатишди”.

Фейсбук саҳифасида ҳам бухоролик ўқитувчилар Наврўз сайлида иштирок этишга мажбурланаётгани ҳақида ёзишди:

“Байрам яхши, лекин энг ёмони - биз ўқитувчиларни “Боқий Бухоро”да бўладиган виставкаларда иштирок этишга мажбурлашаётгани”.

Ўзбекистон президенти ва ҳукумат томонидан тақиқланганига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини ўз вазифасидан ташқарида бўлган ишларга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йилнинг 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган эди.

-----------------------------------------------------------------------------------------------Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG