Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Ўзбекистон: Натижаси олдиндан маълум сайловга 10 кун қолди


Сайловда қатнашаётган қолган 4 номзод ҳукуматпараст партиялар номзодлари бўлиб, амалдаги президент "Мирзиёев чизиғидан чиқмайди".
Сайловда қатнашаётган қолган 4 номзод ҳукуматпараст партиялар номзодлари бўлиб, амалдаги президент "Мирзиёев чизиғидан чиқмайди".

Ўзбекистонда 24 октябрь куни ўтадиган президент сайловларини кузатаётган халқаро ва мустақил нашрлар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 8 сентябрь куни эълон қилган оралиқ ҳисоботидаги танқидга эътибор қаратмоқда.

Президентликка номзодлар ўртасида рақобат йўқлиги ва юзма-юз мунозара кўзга ташланмаётгани айтилган ҳисоботдаги танқидларга ўзбек расмийлари, жумладан, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ҳозирга қадар бирон муносабат билдиргани йўқ.

Eurasia.net нашри амалдаги президент Шавкат Мирзиёев билан "беллашаётган" тўрт даъвогар номигагина номзод бўлиб, уларнинг барчаси Мирзиёевни танқид қилишдан ўзини тийиб тургани ҳақида ёзди.

Мирзиёевга қарши даъвогарлар «Адолат» партияси етакчиси Баҳром Абдуҳалимов, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров, Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси Нарзулло Обломуродов ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарининг ўринбосари, ягона аёл номзод Мақсуда Варисовалардир.

Тўртала номзод қонунан рўйхатдан ўтган беш партия номзоди бўлиб, бу партиялар Мирзиёев чизиғидан чиқмайди.

Мухолифат номзодларининг сайловда қатнашиш уринишлари эса самара бермади.

Шу йил бошида собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов мухолифатдаги «Эрк» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини эълон қилди, аммо ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан чекинди.

Ёзда Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Хақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловни «имзо тўплашдаги камчиликлар» важидан рўйхатга олишни рад этди.

«ДИИХБ аввал ортиқча юк ҳосил қиладиган ва ихтиёрий қўллашга очиқ деб баҳолаган сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишга доир қонун ҳужжатлари ҳамон ўзгартирилмаган», дейилади ЕХҲТ кузатувчилари ҳисоботида.

Сайловолди кампанияси давомида сиёсий раллилар ва теледебатлар ўтказилмаяпти.

ЕХҲТ ҳисоботида теледебатларга рухсат берилгани, аммо номзодлар бу имкониятдан фойдаланмаётгани эътироф этилди.

«ДИИХБ мулоқот қилган кўп кишилар ОАВ иқлими яхшиланганлигини таъкидладилар; шунингдек улар журналист ва блоггерларни қўрқитиш ва таъқиб қилиш, ОАВ учун тақиқлашга мойил қонун ҳужжатлари ва баъзи халқаро ОАВ органларининг ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг веб-сайтларини ёпиш каби давом этаётган муаммолар борасида ташвиш билдирдилар», дейилади сайлов кузатувчилари ҳисоботида

Ўзбекистонда июль ойидан бери Twitter, TikTok ва VKontakte ижтимоий тармоқлари ҳамда Skype ва WeChat мессенжерлари четлатилган.

Сайлов кузатувчилари Ўзбекистон ҳукумати сайлов ўтказиш бўйича айрим аввалги тавсияларга амал қила бошлагани, аммо бошқаларига эътибор бермаётганини эътироф этдилар:

«Ҳозирча қабул қилинган ўзгартишларда ДИИХБ нинг аввалги тавсиялардан бир қатори ҳисобга олинган, жумладан кампания тадбирлари тўғрисида хабар қилишнинг соддалаштирилган жараёни, кампания ўтказиш пайтида лавозимни суиистеъмол қилишга қарши баъзи чоралар, низоларни ҳал қилишнинг параллель йўлларини бартараф қилиш ва кампания билан боғлиқ оралиқ молия ҳисобот талаблари. Бошқа, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни муҳофаза қилишдаги камчиликларга доир тавсиялар кўриб чиқилмаганича қолмоқда», дея ЕХҲТ ҳисоботидан иқтибос келтирди Eurasia.net нашри.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик санасининг 30 йиллигида қилган чиқишида, "бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтиши ва янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этишига ишониши"ни айтган.

XS
SM
MD
LG