Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:53

Наманганда "эшак қирғини" - йигирмата эшакни сўяётганлар ушланди


Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Соку қишлоғига йигирмата эшакни келтириб, сўйишни бошлаган бир гуруҳ шахс қўлга олинди. Соку қишлоғида яшовчи тадбиркорга қарашли молхонада бўлган бу воқеа гувоҳларининг айтишича, эшакларнинг тунда ҳанграётганидан безовта бўлган аҳоли милицияга хабар берган. Маҳаллий милициянинг Озодлик боғланган ходими шундай воқеа бўлганини инкор этмади¸ айни пайтда тафсилотларни очиқлашни истамади.

Уйчи туманининг Соку қишлоғида яшайдиган тадбиркор Одилбой Назаровнинг дала молхонасида 26 февраль куни тунда кечаси бошланган "эшак қирғини" ҳақида Озодликка воқеа гувоҳларидан бири хабар берди.

Исми сир қолишини сўраган сокуликнинг айтишича, одамлар эшакларнинг жўровоз ҳанграшини эшитганидан кейин бу воқеа ошкор бўлган.

“Бизнинг қишлоқда ҳеч ким эшак тутмайди. Одилбойнинг Соку қишлоғи этагида янги қурган молхонасидан кечаси эшакларнинг ҳанграшидан одамлар безовта бўлди. Кимдир участка инспекторига хабар берган. Участковой бориб қараса, учта эшак сўйилиб, териси шилиб олинган экан”, дейди сокуликлардан бири.

Уйчи тумани Ички ишлар бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси шундай воқеа бўлганини инкор этмади, лекин бу ҳақда телефон орқали маълумот бера олмаслигини айтди.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлган маҳаллий ҳокимият вакили исми очиқланмаслиги шарти билан молхонада учта эшакнинг териси шилиб олинганини бевосита кўрганини айтади.

“Мен милиция ходимларининг таклифи билан ўша ерга бордим. Бу ўша воқеанинг эртаси куни эди. Ҳақиқатан ҳам учта сўйилган эшакнинг териси шилиб олинганини кўрдим. Эшак сўйганларни аллақачон милицияга олиб кетишган экан. Улар Уйчи туманининг Бирлашган деган қишлоғидан экан. Айтишларича, бу болалар аввал ҳам адирларда эшак сўйиб юришган, экан. Кейин милиция ходимлари ўша териси шилинган эшакларни юклаб олиб кетишди. Олиб бориб, дезинфекция қилиб, қанақадир ямага кўмиб ташлаймиз, дейишди”, деди мулозим.

Эшаклар сўйилган молхона эгаси, тадбиркор Одилбой Назаров, Озодлик билан суҳбатда, ўз молхонасини Бек исмли танишига эшак сақлаш учун ижарага берганини эътироф этди:

- Менинг фермам бўш эди, Бек деган танишим ака, эшакларни ўша ерга қўйиб турай, деди. Майли, дедим. Кейин милиция ходимлари мени чақириб, шунақа воқеа бўлди, деди. Менинг бундан хабарим йўқ, дедим. У бола эшакларни сўймаган, ҳаром ўлган учта эшакнинг терисини шилиб олган экан. Териси ҳайф бўлмасин, деганми, энди, билмадим. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман, мен унинг бундай қилишини билганимда¸ қўймаган бўлардим, деди Одилбой Назаров.

Назаров иддаосича¸ Бек эшакларни гўштини сотиш учун сўймаган:

- Бориб кўрганимда териси шилинган эшаклар тупроққа қоришиб ётарди. Сотмоқчи бўлган одам бундай қилмайди, дея изоҳлади ўз тахминини Одилбой Назаров.

Озодлик мухбири эшакларни сўйдириб, терисини шилиб олган тадбиркорнинг ўзи билан боғлана олмади.

Одилбой Назаровнинг айтишича, ички ишлар бўлимига олиб кетилган бу шахсни шундан кейин кўрмаган. Ижарачи билан бирга эшак сўйиш жараëнида ушланган яна икки одам ҳам¸ Озодлик гаплашган сокуликларга кўра¸ сўроқ қилинмоқда.

Уйчидаги эшакларнинг гўшт учун сўйилган-сўйилмаганига Озодлик ҳозирча аниқлик кирита олмади.

Эшакларнинг бу қишлоққа қаердан олиб келингани¸ гўшт ëки тери учун сўйилаëтган бўлса¸ унинг сўнг буюртмачиси ким бўлгани ҳам номаълум қолмоқда.

Эшак сўйилишига оид хабарларнинг аҳоли орасида безовталик уйғотиши сабаби¸ эшак гўштининг яширинча умумий овқатланиш муассасаларига йўл топишига оид яқин ўтмишдаги воқеаларга бориб тақалади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йил декабрь ойида Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан 69,6 кило эшак гўшти олиб келинганини расман тақдиқлаган эди. Прокуратурага кўра, эшак гўшти колбаса цехи маҳсулотларига қўшилгани ҳам аниқланган.

2016 йилнинг декабрида самарқандлик блогер Тошпўлат Раҳматуллаев Хишрав посёлкаси яқинида номаълум мақсадда сўйилган эшаклар қабристони ҳақида ёзган эди.

2015 йилнинг январида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри четида эшак боқиб сўйиладиган фермани қирғиз журналистлари ошкор этган эди. Бу ферма раҳбарлари эшак гўшти зоопарклардаги йиртқич ҳайвонларни боқиш учун хорижга экспорт қилинишини айтган эдилар.

Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ўзини мусулмон деб билади ва хонаки эшакнинг гўшти Исломга кўра¸ ҳаром саналади.

XS
SM
MD
LG